Мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта Конституциявий суд очиқ мажлиси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 13-март санасида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Конституциявий суд Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича “Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорини кўриб чиқди. Суд мажлисида Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига риоя қилинганлиги, Қонунчилик палатаси томонидан референдум тайинлаш тартибига риоя этилганлиги каби масалалар муҳокама қилинди.


Мажлисда Конституциявий суд раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов мазкур қонун хусусида шундай деди: “Бу қонун доирасида жуда чуқур таҳлиллар тегишли тартибда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Конституциявий суд тўғрисидаги қонун, яқинда ўзгартириш киритилган “Банкротлик тўғрисида”ги қонун ва
бошқа барча қонунлар билан таққослаб чиқилди”.
Судда судьялар томонидан мажлис қатнашчиларининг маърузалари
тингланди. Иш кўриб чиқилгандан сўнг, иш бўйича қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирди. Маслаҳатлашув ўз ниҳоясига етгач, Конституциявий суд ўз қарорини маълум қилди:
“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси номидан қарор қилади:
Биринчи, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича “Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарори Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топилсин;
Иккинчи, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақидаги қарорига илова қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасида референдум предмети бўлмайдиган масалалар мавжуд эмас. Шунингдек, ушбу Конституциявий қонун лойиҳасининг референдумга қўйиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб ҳисоблансин.


Бу суд мажлисини тарихий деб ҳисоблашимизнинг бир қатор сабаблари бор. Жумладан, у илк маротаба очиқ тарзда бўлиб ўтди ва тўғридан-тўғри трансляция қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси илк маротаба тўлиқ таркибда жамоатчиликка кўриниш берди. Энди Конституциявий Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суд қарорлари лойиҳасига мувофиқ Сенат кўриб чиқиши керак. Эътиборли жиҳати, қарор лойиҳасини Президент имзолаши кўзда тутилмаган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 14-март кунида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлисида ушбу масала муҳокама қилинди. Муҳокамада Ҳукумат аъзолари, давлат органлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борган ялпи мажлисда конституциявий ислоҳотлар
мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми эканлиги таъкидланди. Ўзбекистон давлатининг ҳуқуқий мақоми бўйича қатъий нормалар киритилмоқда
Илк маротаба Конституцияда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат эканлиги ўзгармас қоида сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу қатъий норма жонажон Ватанимиз мустақиллигини асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларни жадал давом эттириш ҳамда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик принциплари билан бир қаторда давлатлар ҳудудий яхлитлиги принципининг ҳам эътироф этилиши юртимизнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ғояларига содиқ ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада оширади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда
Лойиҳада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти сифатида муҳрлаб қўйилмоқда. Сенаторлар ушбу норма бутун Конституция мазмунига сингдирилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилайди, деб акс эттирилмоқда.
Шу билан бирга, инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазиф ларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.
Лойиҳада “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар қарийб 3,5 баробарга кўпаймоқда. Хусусан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар бир шахс ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга эканлиги, ушбу ҳуқуқнинг чекланиши ва турар жойда тинтув ўтказишга фақат суд қарорига асосан йўл қўйилиши ҳақида жиноят процессида шахс дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамловчи норма киритилмоқда.
Шунингдек, Сенат мажлисида янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарор маъқулланди. 83 сенатордан 80 нафари қарорни қўллаб-қувватлади, 1 нафари бетараф қолди, 2 нафари эса овоз бермади.
30 апрель куни умумхалқ референдуми ўтказилиши режалаштирилган. Конституция тўғрисидаги қонун уч кун ичида матбуотда эълон қилиниши керак. Сайлов бюллетенида «Сиз «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деган савол бўлади.
Янги Конституция лойиҳасига кўра, давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимлари, жумладан, Қонунчилик палатаси спикери, Сенат раиси, вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлар кенгаши раиси, ҳоким, олий суд раиси ва раис ўринбосари, судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, МСК раиси ва бош прокурор лавозимларига айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши ёки тайинланиши мумкин эмас.
Конституциявий қонунга мувофиқ илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, Бош вазир номзодини кўриб ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *