Тошкент метрополитени  пойтахтимиз тарихининг ёркин саҳифаси!

Метрополитен Марказий Осиё ҳудудида биринчи бўлиб Тошкент кўчаларида пайдо бўлган! Бу воқеа бундан қирқ беш йил муқаддам аниқроқ айтсак, 1977 йилнинг 6 ноябрида юз берган. Тошкентликлар учун бу катта воқеа эди. Узунлиги 12.2 км ташкил қилган чилонзор метро йўналиши дастлаб тўққиз бекатдан иборат эди. Ҳозирги кунга келиб Тошкент метроси тўртта асосий –Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва Ер усти ҳалқа йўналишларига эга. Ушбу тўртта асосий йўналишларда қирқ учта бекат бор. Бугун Тошкент метрополитенининг узунлиги 59.5 кмни ташкил қилади.

Режага кўра, яқин йилларда Чилонзор йўналишининг давоми сифатида қурилган Сергели йўналишларига боғловчи яна еттита бекат қурилади.

Ҳозирги кунга келиб Тошкент метрополитенида беш мингга яқин ишчи ходимлар тонги соат 05:00 дан то тунги соат 00:00 гача йўловчиларга ҳизмат кўрсатади.

2019-2021 йилларда Россиянинг «Метровагонмаш» компаниясидан 15 та янги ҳаракат тартиблари харид қилинди ва эски ҳаракат тартиблари фойдаланишдан чиқарилди натижада, поездларнинг умумий сони 64 тага етди.

Сўнгги пайтларда “фалон бекат тўхтаб қолди, фалон бекатда узилишлар бўлди”, деган гап-сўзлар қулоққа тез-тез чалинадиган бўлди. Автобусларнинг бузилиши, трамвай йўлларидаги узилишларни оддий қабул қиладиган йўловчи учун метро бекатларидаги носозликлар бироз ғалати туюлди. Ҳар ҳолда метро шу кунларгача тошкентликларнинг ишончини ҳар томонлама оқлаган эди.

Айни кунларда йўловчилар сони бир кунда 550 – 600 минг нафарни ташкил қилмоқда. Йўловчилар сонининг кўплиги бўйича Чилонзор йўналиши биринчи ўринда. Бунинг асосий сабаби айнан шу йўналиш бекатларида кўплаб олий таълим муассасалари, мактаблар, кўнгилочар мажмуалар, хиёбонлар, давлат корхоналари ва идоралари, савдо марказлари ва бошқа кўплаб эътиборга молик объектлар жойлашган. Йўловчилар сиғимини камайтириш, сифатли ва тез хизмат кўрсатиш мақсадида эрталаб Чилонзор йўналишида поездларнинг ҳаракат интервали 2-3 дақиқани ташкил қилади. Йўловчиларнинг оқимига қараб бошқа йўналишларда ҳам ҳаракат интерваллари белгиланган. Масалан, ушбу вақтда Ўзбекистон йўналишида оралиқ вақтлар 3–4, Юнусобод йўналишида 6-7, Ер усти ҳалқа йўлида эса 8-10 дақиқани ташкил этади.

Елим жетонлар! Метро дейилганда дарров кўз ўнгимизга айнан улар келарди. Лекин ҳозирда йўловчилар бир марталик QR кодли чипталардан фойдаланмоқда.

Бир марталик QR кодли чипта куннинг қайси қисмида ва айнан қайси бекатларда йўловчилар оқими кўпайишини аниқлашда, поездлар ҳаракат графигини тўғри тақсимлашда муносиб хизмат қилади.

Бундан ташқари метрополитен хизмати учун AТТО транспорт картаси ёки смартфонга махсус дастурларни ўрнатган ҳолда ҳам тўловни амалга ошириш мумкин.

Тошкент метрополитенидан пенсионер ва ногиронлиги бор шахслар ҳар куни соат 10:00 дан 16:00 гача бепул фойдаланиш имтиёзлари бор.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам метро йўловчилар учун энг қулай, хавфсиз, тезкор ва арзон транспорт турларидан бири бўлиб қолмоқда. Шаҳримиз фуқаролари орасида ўтказилган сўровномамизга кўра, ҳар ўнта йўловчининг саккизтаси деярли ҳар куни ишга, ўқишга бориш бориш учун метрога тушади.


– Сўнгги пайтларда юз бераётган носозликлар нафақат йўловчиларни аввало метрополитен ходимларини сергаклантирди. Бундай кўнгилсизликларнинг асосий сабаби аввало Тошкент аҳолисининг кун сайин ортиб бориши ва мавжуд вагонларнинг хизмат қилиш муддатлари эскиргани билан боғлиқ. Айнан мана шу сабаблар туфайли йил бошидан бери йўналишларда ўнга яқин носозликлар юз берди. Мана шундай кўнгилсизликларга барҳам бериш ниятида ўн тўртта янги ҳаракат тартибларини сотиб олиш ва эски ҳаракат тартибларини босқичма-босқич фойдаланишдан чиқариш режамизда бор.

Тўйчи Мирзаев:

Тошкент метрополитени ДУК матбуот хизмати раҳбари


– Тўғриси, метрога тушганимга жуда кўп йиллар бўлди. Метрода ёшлик йилларимиз билан боғлиқ эсдаликлар бор. Ўша пайтларда энг қулай транспорт ҳам метро эди. Яна бир пайтлар метрода юриш “мода” ҳам эди. Адашмасам, сўнгги 30 йилдан бери автомашинада юраман. У пайтлар кийимларимизнинг чўнтакларида албатта темир жетонлар бўларди. Кейин у темир жетонлар кўк рангли елим жетонларга айланди. Адашмасам ҳозир метрополитенда ҳудди автобуслардкек қоғоз чипталардан фойдаланади. Насиб, албатта Тошкент метрополитенини набираларим билан бир айланиб, янги бекатларни саёҳат қиламиз.

Aзим Муллахонов

Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист


– Мен учун метро – ёшлик! Мен 1977 йилнинг 6 ноябрида Халқлар дўстлиги майдонида бўлиб ўтган Тошкент метросининг очилиш тадбирида қатнашганман. Тадбирда бастакор Икромжон Бўронов бошчилигидаги ҳарбий ансамблда «Тошкент метроси» таронасини куйлаганим ҳам ёдимда. Ҳозирги кунда асосан автомашинада юраман. Охирги марта қачон метрога тушганимни эслай олмайман. Лекин ер ости уловининг шовқини, ҳиди ҳаммаси ёдимда. Метрода одамлар оқиб келаётганга ўхшайди. Айниқса Пахтакор бекатида одам кўп бўлар эди. Алишер Навоий бекатидаги тасвирлар жуда дид билан ишланган. Албатта, бу интервьюдан кейин бир метрода шаҳар айланишни ният қилдим.

Турғун Бекназаров

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,
“Меҳнат шуҳрати” ҳамда “Дўстлик” ордени соҳиби


Метро очилган йиллари мен мактаб ўқувчиси эдим. Ўқитувчимиз билан бирга метрога саёҳат қилганимиз ҳамон эсимда. 1982 йилда «Тошкент давлат театр ва рассомчилик институти»га ўқишга кирганман. Ҳам ўқиб, ҳам телевидениеда ишлар эдим. Aйниқса, иккинчи Ўзбекистон йўналишининг ишга тушиши менинг манзилимни янада яқин қилган. 1984-1986 йилларда метродан мунтазам фойдаланганман. Кейин шахсий автоуловдан фойдаландим. Aйни кунларда машинамни сотганим сабабли бир ойдан бери метродан фойдаланаяпман. Йўловчилар аввалги йиллардан анча кўп, йўлаклар тиқилинч. Ер усти халқа йўлида кундузги поездлар интервали жуда узун экан, ўзим 8 – 10 дақиқа кутдим. Менимча, метрога хос интервал кўпи билан 4 – 5 дақиқа бўлиш керак. Яна эътиборимни тортган жиҳат, авваллари бекат номлари таниқли устоз сухандонлар овозларида янграрди. Эсимда устозимиз Раъно Жўраева ҳам метро бекатларини эълон қилар эди. Ниҳоятда чиройли овоз, тўғри қўйилган урғулар… қандайдир виқор бор эди. Ҳозирги эълонларни эшитсам, ҳудди робот ўқиётгандек туюлади. Мени яна бир ҳолат қувонтирди, пенсионер йўловчилар 10:00 дан 16:00 гача бепул метродан фойдаланиши мумкин экан. Ҳозир нафақадаман ва шу вақт оралиғида метродан бепул фойдаланяпман. Бунинг учун барча мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Мавлуда Aҳмедова сухандон

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *