Янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа

Тошкент шаҳри электр таъминоти эҳтиёжини таъминлаш учун жами қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та қуёш станцияси барпо этилиши белгиланган. Улардан биринчиси – Қибрай туманида 400 мегаваттли фотоэлектр станциясини қуриш бошланган.
Шунингдек, яна 3 та лойиҳа бўйича Хитойнинг “CEEC-Gezhouba” ҳамда “China Dating Overseas Investment” компаниялари билан келишувга эришилган. Булар – Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 700 мегаваттли, Оҳангарон туманида 1 минг мегаваттли ҳамда Бўка туманида 300 мегаваттли станциялардир.


Маросимда мазкур 3 та лойиҳага ҳам старт берилди.
Уларга 2 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестиция киритилади. Йил якунигача улар бўйича дастлабки 300 мегаватт қувватлар ишга туширилади. Бу станциялар тўлиқ қувватга чиққандан кейин йилига 6 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқаради ва пойтахт эҳтиёжининг ярмидан кўпини қоплайди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида юқори кучланишли тармоқлар қурилиб, эскирган трансформатор ва электр тармоқлари янгиланиши маълум қилинди.

Бугунги куннинг ўзида шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд квартирали кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор.

Обод Ватанда яшаш ҳар бир инсоннинг орзуси! Ободлик – юрт бошида турганларнинг оқилона сиёсати, олиб бораётган ислоҳотлари, ватандошлар меҳнати сабаб юзага келади. Бугун Президент билан бир тан-у бир жон бўлиб келажак сари интилаётган юртдошларимизнинг эртанги кун ҳақида ёруғ хаёллари бор. Зеро, ёруғлик – ободликдир!
Ўзбекистоннинг юраги – Тошкент бугун дунёнинг ривожланган пойтахт шаҳарларидан бирига айланди. Унинг бағрида мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам бисёр. Замон пойтахтнинг янада юксалишини, янада қулоч ёзишини ва кенгайишини талаб қилмоқда. Шу маънода, юртбошимиз ташаббуси билан самарали, халқ учун манфаатли янги лойиҳага тамал тоши қўйилди.
Янги Тошкент – жаранги қалбларга кўчадиган, минглаб одамлар орзусининг рўёби, келажак авлоднинг бахтиёр кунлари!
Бу лойиҳани амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд денгиз сатҳидан 500 метр баландликда, шаҳарга яқин ва албатта, ўзига хос табиати, икки дарё ўртасида жойлашгани билан аҳамиятлидир.
Энди пойтахт ҳудуди «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида қўшимча 20 минг гектарга кенгаяди. Натижада, 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади.
Биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади.
Яна бир муҳим томони – бу лойиҳани амалга оширишда замонавий урбанизация ёндашувлари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. “Яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида, пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади.
Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади. Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий тунеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.
Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади. Яъни, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилиб, ёзда эса совутилади.
Янги Тошкент лойиҳасида сув тежовчи технологиялар ҳисобига сув сарфи 2 баравар камаяди. Оқова сувлар ҳам замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.
Янги шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.
Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.
Босқичма-босқич давлат идоралари ҳам Янги Тошкентга кўчиб боради. Уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади.


Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент» лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида “Биз аҳоли талабидан келиб чиқиб, охирги йилларда Тошкентда жуда кўп қурилишлар қилдик. Энди унинг ривожланиш истиқболларини ўйлашимиз керак. Халқимиз “маслаҳатли тўй тарқамас” деганидек бугун сизлар билан Тошкентнинг келажагини кенгашиш учун йиғилдик” деди. Яна “Пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур. Чуқур ўйланган урбанизация сиёсати – турмуш шароити, иқтисодий ривожланишга, одамлар кайфияти ва маданиятига жуда катта таъсир кўрсатади”, – деди давлат раҳбари.
Ҳар томонлама пухта ўйланган лойиҳанинг ҳар бир нуқтасида халқнинг манфаати, фаровон ҳаёти мақсад қилиб олинган. Яна “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси ҳам айнан шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда “Марказий боғ” барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади. Янги Тошкент чинакам экологик шаҳар бўлади.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу боққа кўчатлар ўтқазди.
Жаҳон айвонида ўзининг мавқеини мустаҳкамлаётган юртнинг залвори унинг халқига берган фаровон ҳаётида акс этади. Бугун биз улкан орзулар билан интилаяпмиз, катта лойиҳаларга гувоҳ бўлаяпмиз. Бевосита юртбоши раҳнамолигида эзгу ишларга хайрихоҳмиз, сафарбармиз.
Бугун экилган ниҳоллар эртага азим дарахтларга айланади, ирмоқлар дарёларга уланади, хаёллар мақсадларга хизмат қилади.
Янги Тошкент бағрини очмоқда…

Севдо Ниёзова.
Президент Матбуот хизмати
материалларидан фойдаланилди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *