Абдулла Орипов 1941 йил Қашқадарё вилояти Касонсой тумани Некуз қишлоғида туғилган. Унинг отаси Орифбой Убайдулла ўғли маҳаллий колхоз вакили бўлган. Оилада саккиз нафар фарзанд — тўрт ўғил, тўрт қиз бўлишган, Абдулла Орипов ўғиллардан энг кенжаси бўлган. 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Абдулла Орипов таҳсилни Ўзбекистон Давлат университети ўзбек филологияси факультетининг журналистика бўлимида давом эттиради.
1963 йил университетни аъло баҳолар билан якунлаб, “Ёш гвардиячи” таҳририятида муҳаррир бўлиб ишлайди; (1967—1974) Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат таҳририяти муҳаррири ва бош муҳаррири; (1974—1976) “Шарқ юлдузи” журналида бўлим раҳбари. 1972 йилдан 1982 йилгача Абдулла Орипов Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб фаолият юритади; (1982—1983) Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлинмаси котиби; (1983—1985) “Гулхан” журнали бош муҳаррири; 1985 йилдан котиб, 1996 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси. 1988 йил Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб тайинланган.
Абдулла Орипов Олий Мажлис биринчи ва иккинчи чақирувчи депутати ва сенатори (2005 йил 25 январь) бўлган. 1998 йил Абдулла Ориповга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони топширилди.
Абдулла Орипов 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси муаллифи.
1965 йил унинг илк шеърий тўплами “Митти юлдуз” чоп этилган. Унинг кетидан “Кўзларим йўлингда” (1967), “Онажон” (1969), “Руҳим” (1971), “Ўзбекистон”, “Қасида” (1972), “Хотирот” (1974), “Юртим шамоли” (1974), “Ҳайрат” (1979), “Нажот қалъаси” (1981), “Йиллар армони” (1984), “Ишонч кўприги” (1989), “Муножот” (19992), “Ҳаж дафтари” (1995), “Сайланма” (1996) шеърий тўпламлари босилиб чиқди.
Абдулла Орипов қаламига “Жаннатга йўл” (1978), “Табиб ва ўлим” (1980), “Ранжком”, “Соҳибқирон” (1996) достонлари мансуб.
2000-2001 йиллар тўрт томлик сайланмаси бўлмиш Абдулла Ориповнинг “Сара асарлари” нашрдан чиққан. 1965 йил унинг илк шеърий тўплами “Митти юлдуз” чоп этилган. Унинг кетидан “Кўзларим йўлингда” (1967), “Онажон” (1969), “Руҳим” (1971), “Ўзбекистон”, “Қасида” (1972), “Хотирот” (1974), “Юртим шамоли” (1974), “Ҳайрат” (1979), “Нажот қалъаси” (1981), “Йиллар армони” (1984), “Ишонч кўприги” (1989), “Муножот” (19992), “Ҳаж дафтари” (1995), “Сайланма” (1996) шеърий тўпламлари босилиб чиқди.
Абдулла Орипов қаламига “Жаннатга йўл” (1978), “Табиб ва ўлим” (1980), “Ранжком”, “Соҳибқирон” (1996) достонлари мансуб.
2000-2001 йиллар тўрт томлик сайланмаси бўлмиш Абдулла Ориповнинг “Сара асарлари” нашрдан чиққан.
Буюк ўзбек адиби Абдулла Қаҳҳор отамнинг хаётида беқиёс ўрин тутади. “Абдуллаларга осон бўлмаган…” дер эдилар отам. Дархақиқат, чунки уларнинг руҳи оташдан бўлган, ва улар ёниб, атрофни ўз олови билан ёритиб яшаб ўтдилар. Тутаб эмас… Улар гўё маёқ эди.
Отам ёш талабалик даврлариданоқ бошқа истеъдодли қаламкашлар каби бу машҳур адиб, устознинг ёнларига интилган, назарига тушган.
Бу хақида отам бир интервьюда:
«Дунёни қизғанма мендан азизим,
Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинхор,
Менинг бу оламда ўз айтар сўзим,
Ва ўзим сиғинар мозорларим бор.
Мен бу сатрларни бежиз ёзмаганман. Феълиторлик, ҳасадгўйлик халқимизнинг бошига қанча-қанча кулфатлар олиб келган. Ҳасадгўйликка қарши энг кўп шеърни мен ёзган бўлсам керак. Агар мени шеъриятга кириб келишимдан хурсанд бўлиб, кутиб олган кишилар бўлса, бу албатта Абдулла Қаҳҳор ва Миртемир бўлиши мумкин. Аксарият бошқалар қўлида тош билан кутиб олган”, деган эди.
1964 йили Абдулла Қаҳҳор ўзининг асарларига эпиграф ёзиб беришни сўраган экан. Ўшанда отам 23 ёшда экан. Бу асар икки опа сингил хақидаги “Нурли чўққилар” эди. Оламга машҳур бўлган танқидчи ёзувчининг ёш шоирга бўлган ҳайрати, ишончи, отамни ўша дам қай аҳволга солганини тасаввур қиламан. Мана ўша сатрлар:
Гоҳо ер меҳрини ўйларкан,
Эсга тушар дорнинг саёғи.
Ажиб ҳикмат: одам ўларкан
Узилганда …ердан оёғи.
Кейин эса Абдулла Қаҳҳор ўзининг болалиги хақидаги “Ўтмишдан ҳикоялар” асарига отамнинг “Муножотни тинглаб” шеърини охирги тўрт қаторини эпиграф қилиб олганлар:
Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,
Асрлар ғамини сўйлар муножот.
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод!
“Абдулла Қаҳҳор бирор жойда йилт этган истеъдод кўринса, уни топиб, албатта, қўллаб-қувватлар эди.” – деб ёзади отам. Лекин адабиётни, она тилимизни сохталикдан, иллатлардан ҳам тозалаб тургувчи энг талабчан танқидчи ҳам эди. Шу жиҳатлари билан улар ҳатто Республикада раҳбар лавозимида туриб, қалам тебратиб турган мулозимларга ҳам танбеҳ беришдан толмасдилар. Бу эса Абдулла Қаҳҳорга душман бўлиб, унинг оиласига, ўзига, яқинларига, шогирдларига ҳам ҳар хил йўллар билан зарба бериб йўқотишга уринишларга сабаб бўлганди. Ҳақпавар, халқпарвар, мард бўлган Абдулла Қаҳҳор ўзларининг ушбу жиҳатлари билан бирга душманларини ҳам шогирдларига “мерос” қолдирган. Отам онасини 1966 йилда йўқотган. Шу йилнинг ўзида момом Турди Карвон қизининг васиятига кўра аямга тўй қилиб уйлантириб қўйган экан. Абдулла Қаҳҳор оғир бетоб бўлиб, Москвада даволанаётганлиги сабабли тўйда иштирок этолмайди. Лекин устознинг телеграмм орқали ўз табригини юборган ва у тўйда ўқилган.
Отамнинг айтишича, Абдулла Қаҳҳор умри поёнига етгач тупроққа Озод ака Шарофиддинов ва отам қўйишларини васият қилган экан… Жанозага келган Шароф Рашидов, балки илк бор отамни ўша дам кўрган бўлса керак.
Абдулла Қаҳҳорнинг икки қаноти бўлган, икки ўғилнинг ўрнини босган Озод ака ҳамда отамнинг ҳаётида энг катта кураш ва синовлар даври бошланади. Иккаласи ҳам гўё яраланган шерга ўхшаб бир-бирларини суяб яшарди. Отам ҳалқ душмани бўлиб, шеърлари чоп қилинмай, ишсиз анча вақт юради. Ҳатто туғилган гўдакнинг ҳаётига бир неча бор таҳликалар ҳам бўлган. Шундай оҳир кезларда Кибриё опа (Қаҳҳорова) отам билан аямни ёш болалари билан Дўрмондаги боғларига чақириб, бағрига олганди. Аямни Кибриё опага келиндек кўриб, ғамхўрлик қилган. Мен ўша йилларни ҳаётимнинг энг бахтиёр дамлари сифатида эслай ман.
Дўрмондаги Абдулла Қаҳҳор уй боғининг ярмида бизнинг оила, ярмида эса Кибриё бувим ва икки хизматчи аёл яшарди. Рус аёл супур-сидир қилар, яна бири татар миллатига мансуб – Айни буви овқат пиширарди. Бизлар мазза қилиб салқинда меваларни дарахтлардан узиб, ҳовузда чўмилиб ўсганмиз. Сув устидаги дарахт тагида супада отам ижод қилар эди. Ҳовли тўла отамнинг дўстлари, сафдошлари бўларди. Кибриё бувим айвончада доим китоб, қоғозлар билан тўла столда ёзиб ўтирганлари кўз ўнгимда. Эслайман, печат мошинкалари ҳам бор эди. Суҳбатларда Абдулла Қаҳҳор хақида аямга, отамга хотираларини сўзлаб берарди.
Бир воқеани эслаб ўтмасам бўлмас. Ҳали мактабга бормас эдим, олти ёшда эдим чамаси. Синглим Юлдуз беш ёшда. Зарифа синглим тўрт ёш. Ховлида арғимчоғимиз бор эди. Аям қуймоқ пишираётган эди. Бизлар дўхтир-дўхтир ўйнаётгандик. Шунда Юлдуз синглим ўйинимиз “Чиндакасим” бўлиши учун отамнинг ётоқхонасидаги шкафнинг устидаги дорини олиб ичишни таклиф қилган. Стулга чиқиб юқоридан дорини олиб берганман. Майда ширин дори ухлатувчи “Беллонтоин” бўлган. Уни сув билан ҳаммамиз уч-тўрттадан ичганмиз. Арғимчоқда учиб бир оздан кейин ҳаммамиз ухлаб қолганмиз. Дори ичиб қўйганимизни пайқаган аям дарҳол отамга хабар етказган. Қўшнимиз врач-инфекционист Шабат Хўжаев, Кибриё буви ва Хуршида жиянларининг умр йўлдоши машинада бизларни тез ёрдамда касалхонага олиб бориб ўлимдан сақлаб қолишган экан.
Дўрмон боғида ўша дамлар Комил Яшин, Асқад Мухтор, Уйғун, Зулфия каби ижодкорларнинг дала ҳовлилари бўлган. Биз уларнинг неваралари билан ўйнаб катта бўлганмиз. Кейинчалик Кибриё буви шаҳардаги ҳовлисига кўчиб ўтди ва Дўрмондаги ҳовлиларини иккига бўлиб ярмини отамга, ярмини Саид Аҳмад акага сотди. Ўртадан девор тушди.
Боғга отамнинг отаси Ориф бувам ҳам келиб дам олар эди. Мен катта фарзанд бўлиб уйни, ҳовлини супуриб, сув сепиб, аям ва отамни кечқурун кутиб олар эдим. Отам тўқ қизил жигули машинасида шаҳардан Дўрмонга бир мошин болаларини ташиб умри ўтарди. Отам оиласини тебратиш учун Данте Алигьерининг Илоҳий Комедиясини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилгани ҳам ёдимда. Албатта таржимонлик маҳоратини устози Абдулла Қаҳҳордан олган эди-да. Бу таржима асар учун отам умрининг охирида Италия Президентидан “Италия Юлдузи” медалини олади.
1980 йилда отам Шароф Рашидовнинг топшириғи билан Абу Али ибн Синонинг юбилейига бағишлаб “Ҳаким ва ажал” достонини яратади. Асарни ҳукумат орқали жўнатилган Карлови Вари деган курортга бориб ёзган. Икки ой курортда бўлиб, негадир сарғайиб беҳол қайтиб келди. Жигарларининг мазаси йўқ эди. Биллирубини ошиб кетган… Суви ёқмадими… анча тоби қочганди. Достонни ўша даврдаги Ёзувчилар уюшмасининг раиси Комил Яшин Шароф Рашидовга етказади. Давлат раҳбари асарни ўқиб чиқиб ўз қўллари билан отамга хат ёзган. Ўша хатдан парча:
Отам қўлларидаги хатни юз маротаба ўқиб чиққан бўлса керак… Ҳам хаяжон, ҳам ўкинч ҳисси бор эди кўзларида. “Қизим, мени қанотларимни қайириб, синдириб, энди учавер деб, қўйиб юборишди. Энди олдингидай баланд уча олармиканман? – дер эди кўзлари жовдираб… “Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди, дейдилар. Оҳ! Мана шу эгилишда унинг неча-неча қобирғалари узилиб кетишини билсангиз эди!” Бу отамнинг танланган асарлари китобидаги сатрлар.
Отамнинг қисмати ҳам устози Абдулла Қаҳҳорнинг тақдирига ўхшаш. Балки фарзандлари кўп бўлгани учун анча оғирроқ бўлгандир ҳам. Йиллар ўтди, отам юқори мартабаларга эришди. Мустақиллик кунларини кўзда ёш билан кутиб олди. Давлат мадҳиясини ёзди. Юксак давлат унвонларига лойиқ топилди.
Чиғатойдаги қабристонга ҳар ўн кунда бир бориб устозларини зиёрат қиларди. “Менинг ер устида танишларим кам, менинг ер остида дўстларим кўпроқ…“ деб бежиз ёзмаган. Чиғатойдаги бозорчада икки дона кабобни еб, бир чойнак чойни ичиб, яна ишларига қайтарди.
Умрининг охирги ўттиз йилини отам ва аям Дўрмонда ўтказди. Аям Кибриё бувимнинг ўгитларини олиб, дунёнинг барча бурчакларидан гулларни олиб келиб, ховлини жаннатга айлантирганди. Отам ҳазиллашиб: “Бирлашган гуллар ташкилоти бу”- дер эди.
Ҳовлимиз ҳар доим меҳмонларга тўла эди. Шогирдларнинг, дўстларнинг, мухлисларнинг кети узилмасди. Отамнинг ҳар бир ёзган нарсалаларини, қоралаган қоғозларини аям Кибриё бувимдек авайлаб олиб қўярди. Ижодкорнинг аёли қандай бўлиши лозимлиги борасида аям Кибриё Қаҳҳорованинг дарсликларидан энг кўп сабоқ олган бўлса керак. Шу туфайли аям отамни асраб, авайлаб, ижод қилиш учун ҳамма шароитни яратиб, энг тансиқ таомларни тайёрлаб бериб, ҳар бир шеърининг биринчи мухлиси ва тақризчиси бўлиб, отамга тиргак бўлди. Отамнинг кўп тенгдошларининг оиласи тарқаб кетди…
Аям кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган ҳолда, Кибриё опанинг насиҳатларини доимо ёдда тутиб, оила кемасини матонат билан сақлаб қолди. Отам адабиёт соҳасида, ҳаётда нимага эришган бўлса устози Абдулла Қаҳҳор туфайлидир! Аям ижодкорнинг рафиқаси сифатида эришганларида устози Кибриё Қаҳҳорованинг ҳиссаси катта.
Отам Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган даврларда Абдулла Қаҳҳорнинг 100 йиллик юбилейини давлат даражасида ўтказишга муяссар бўлди. Устозларнинг устози Абдулла Қаҳҳорнинг 2007 йилга қадар беш нафар шогирди Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлишди. Шу йили устозининг ҳайкали очилди, асарлари чоп этилди, кеч бўлса ҳам унвонлар берилди. Ўзларининг табрик нутқларида отам ушбу сўзларни айтди: “Абдулла Қаҳҳорнинг ҳақгўйлиги, тўғрисўзлиги ўша давр мафкураси қуюшқонига сиғмасди. Бундай вазиятдан жуда унумли фойдаланган ночору нотавон ҳасадгўй кимсалар адибнинг кўзини очирмадилар, уни муттасил ёлғизлатишга уриндилар ва улар мақсадларига бир қадар эришдилар ҳам. Бироқ Абдулла Қаҳҳор умрининг охирги дамларигача руҳан енгилмасдан яшади. Адибимиз ўзининг ҳақлигини теран англар эди…”
Умрининг охирги йилларида яна синовларга тушди. Тақдир тақозоси, замона зайли билан шогирдлар юз ўгирди, яккаланди. Ҳатто лифтга бирга киришса, саломига алик олишдан қочганлар бўлди… Шеърлари чоп қилинмаган, телевиденияда кўринмай қолган отам ҳақида халқ ичида: “Абдулла Орипов вафот этган” деган гап-сўзлар тарқалди. Ҳатто отамга Халкаро унвонни қандай топширишни билмай қолган Акмал Саидовга: “…чет элликларга “Абдулла Орипов ўлган”, деб айтинг», – деган жавоб ҳам берилган экан…
Оғир дардга чалинган отамни устози Абдулла Қаҳҳор каби Ватанидан жуда йироқда, касалхонада жони узилди. Отамнинг ҳам тобутини шогирдлари кўзда ёш билан Тошкент аэропортида кутиб олишди. Кейин эса отам, яъни тобутлари қадрдон устозлари ва дўстлари қўним топган гўзал гўшага, Чиғатой қабристонига етиб борди… Мен эса негадир таскин топдим. Ахир отам ёлғиз эмас-ку энди…
Президентимиз отамнинг номини абадийлаштириш хақида фармон берди. Устози Абдулла Қаҳҳор каби отамнинг руҳига ҳурмат кўрсатилиб ҳайкал қўйилди. Хиёбонлар, кўчалар, мактаблар отамнинг номини олди. Минг раҳмат! Мен хотираларимни отамнинг устозига бағишланган шеъри билан якунламоқчиман.