Ижтимоий химоя ҳар қандай ҳимоядан муҳимроқ

Юртимизда сўнгги йилларда аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Темир дафтар”, “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби аҳолининг ижтимоий ҳимоясига хизмат қиладиган маълумотлар базаси ташкил этилди. Бу уч дафтарнинг вазифаси нималардан иборат? Унга кимлар киритилади? Бу дафтарга киритилганлар олаётган ёрдамларидан мамнунми? Берилаётган ёрдамлар боқимандаликни келтириб чиқаряптими, ёки фуқаролар ўз ўрнини ва шахсий даромадини топишда туртки вазифасини ўтамоқдами? Мақоламиз орқали шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган аҳоли қатламига кўрсатиладиган ёрдамларни мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Жамшид Назарбоев:


– “Темир дафтар” — ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этиш, муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш учун яратилган маълумотлар базасидир.
“Темир дафтар”га қуйидаги тоифадаги оилалар киритилади: кам таъминланган оила деб эътироф этилган оилалар; ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар; кам таъминланган якка-ёлғизлар ва кексалар; боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар; кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзандли моддий кўмакка муҳтож оилалар; меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар; тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар (сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган ва ногиронлик гуруҳи белгиланмаган аъзолари мавжуд етарли даромад манбаига эга бўлмаган оилалар); нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой бўлмаган эҳтиёжманд оилалар.
Бунда, агар юқоридаги тоифаларга мос келадиган оилаларнинг аъзолари мос равишда “Aёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига ҳам киритилган бўлса, ушбу оилалар рўйхати “Aёллар” ва “Ёшлар” дафтарларида юритилади.
“Aёллар дафтари” нинг вазифаси ҳам “Темир дафтар” нинг вазифаси билан деярли ўхшаш. Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб боришга мўлжалланган маълумотлар базасидир.
Бу дафтарга 30 ёшдан ошган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар; боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар; ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар; уй-жойга эҳтиёжманд хотин-қизлар; қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади. Бунда ”Aёллар дафтари” рўйхатига киритиладиган хотин-қизлар юқоридаги тоифалардан фақат бирига киритилиши мумкин.
“Ёшлар дафтари” ёшлар учун катта имкониятлар эшиги деса ҳам бўлади. Бу дафтар ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси бўлиб, бу дафтарга 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган қуйидаги тоифадаги ёшлар киритилади: оила аъзоси «Темир дафтар», «Aёллар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган; ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ишга лаёқатсиз, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки фарзандида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган, ота-онасидан бирида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган, ёхуд ота-онасининг ҳар иккисида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган, зўравонлик ва эксплуатация, табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган, «Меҳрибонлик» уйи, Болалар шаҳарчаси ёки оилавий болалар уйида тарбияланган, ҳақ тўланадиган ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, даволанишга муҳтож бўлган бемор ёшлар, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, муайян яшаш жойига эга бўлмаган, психологик маслаҳатга муҳтож, никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёш оила, деҳқончилик ёки томорқа хўжалигини юритаётган, ёш тадбиркор ёки ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтган ёшлар киритилади.

Яккасарой тумани, Шоҳжаҳон МФЙ фуқароси Рано Қаюмова:
– Мен аёллар дафтари рўйхатида тураман. Икки нафар ўғлим ва икки қизимни ёлғиз ўзим катта қилдим. Катта ўғлим тақдир тақозоси билан қамалиб қолди. Бир нафар қизимни ҳам турмуши ўхшамади. Ўғлим билан қизимга ичим ачийди.
“Aёллар дафтари”га киритилганим боис, уйимнинг бир хонасини таъмирлаб беришди. Бундан ташқари, маҳалла оқсоқоли, маҳалламизнинг хотин-қизлар ишлари бўйича фаолият юритадиган масъуллари ҳам ёрдам сўрасам, йўқ демайдилар. Бундан мамнунман, албатта. Бироқ, “Ёшлар дафтари” ҳақида ҳам яхши тушунчага эгаман. Ўғилларимни “Ёшлар дафтари”га киришини сўраб, ёшлар етакчисига бир неча маротаба мурожаат қилдим, афсуски, ижобий натижани кўрмадим. Ўғлимнинг МФЙ ходимларига умуман ишончи қолмади, ҳафсаласи пир бўлган. Тўғри, иш таклиф қилишади, лекин у маош на йўлкирага, на оиласига, на овқатланишига етади. Қизим эса ёлғиз она сифатида “Аёллар дафтари”га киритилган. Бетоблиги сабабли, ўз соҳасида ишламайди. Уйда пишириқ пишириб сотади. Шу масала бўйича ҳоким ёрдамчисига 2022 йилда субсидия асосида музлатгич ва газ плитаси олиш учун ариза бердим. Aфсуски, муаммойим ҳалигача ҳал бўлмади. Президентимизнинг: “Ёлғиз аёлларга ёрдам берилсин”, — деган гапларини ҳали амалда кўрмадим. Ёлғиз оналарга бериладиган бир марталик ёрдам пули ҳам берилмайдиган бўлибди. Сабабини сўрасам, тоифага тўғри келмасмуш, ўзи бир марта берилса, шундан ҳам маҳрум қилишадими? Набираларимнинг ўз уйи бўлишини истардим. Ёлғиз ўзимнинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Баъзида ўзимдан хафа бўлиб кетаман.
1933 йилда қурилган кўп қаватли уйимиз учун курашиб келаман. Бу таъмирталаб уй бутун қўшниларимизнинг муаммоси. Фарзандларимиз оддий болалар майдончасига зор.
Ҳозир икки хонали уйда икки нафар фарзандим ва бир нафар набирам билан тураман. Катта қизим алоҳида уйда яшайди. Кичик ўғлим бир аёлга алданиб қолди. У аёлдан эгизак фарзандли бўлди, болаларга ўз фамилиясини берди. Ҳозир икки фарзандига алимент тўлайди. Ўз қонуний хотинидан ҳам бир нафар ўғли бор. У аёли ҳам алоҳида уйда яшайди. Унга ҳам алимент тўлайди. Ўз хотини билан алоҳида уйга кўчиб ўтай деса, уйлар қиммат. Россияда тайинли иши бор, лекин, хотини хорижга чиқишига тақиқ қўйиб қўйган.
Дардимни гапирсам, бир китоб бўлади. Тўғриси, фойдаси бўлмагандан кейин, гапиришни ҳам хоҳламай қолганман. Фарзандларим соғлом, қора қозоним қайнаб турибди, эски бўлса ҳам бошпанам бор, деб шукур қиламан. Лекин масъулларнинг ўз вазифасини бажармай кўзбўямачилик қилаётганини кўриб, жаҳлим чиқади.

Миробод тумани, Шароф Рашидов МФЙ фуқароси Егор Жевоглазов
– Онам билан ёлғиз яшайман. Коллежни битиргач, қаердан даромад топишни қаерга ишга киришни билмай юрган эдим. Бунинг устига ҳарбий хизматдан ҳам чақирув олдим. Бир йиллик хизматга онамни ёлғиз қолдириб боргим келмади. Бир ойлик ҳарбий хизматга эса пулимиз йўқ эди. Шу ташвишлар билан юрган пайтларим маҳалламиз ёшлар етакчиси Сирожиддин ака уйимизга келиб, шароитимни ўрганди ва бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови “Ёшлар дафтари” ҳисобидан тўлаб берилди.
Ҳарбий хизматни ўтаб келганимдан сўнг яна Сирожиддин акага мурожаат қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга киришимга кўмаклашишини сўрадим. Бу бироз қийин ва меҳнат талаб қиладиган иш экан. Шундан сўнг у инсон мени маҳалла нозирига ёрдамчи сифатида ишга киргазиб қўйди. Бундан ташқари, IT соҳасини бепул ўрганишим учун ҳам ёрдам берди. Курсни тугатганимдан сўнг ҳам иш топишимга ёрдам берилишига ишонаман.
Бу дафтарнинг афзаликклари жуда кўп, у баъзида ота-оналар фарзандларига бера олмайдиган имкониятларни беради. Шу дафтар сабабли, ўз ишимга ва ўрнимга эга бўлдим. Бил йил давомида онамни ёлғиз қолдириб кетишга мажбур бўлмадим. Aгар виждонли ва жонкуяр ходимлар бўлса, албатта, муаммоингиз ечим топади. Шахсан мен давлатимиздан ҳам, ёшлар етакчисидан ҳам мамнунман.

Мирзо Улуғбек тумани, Подшобоғ МФЙ фуқароси Гулнора Ташмухамедова:
– “Темир дафтар”нинг менга озми кўпми фойдаси теккан. Кўксартроз касаллиги билан оғриганим сабабли, 2021 йил март ойида операция қилиниб, оёғимга эндопротез ўрнатилди. Операция учун “Темир дафтар”дан 26 миллион 350 минг сўм ажратиб берилди. Бу пуллар протез сотиб олишга ишлатилди. Операция қилиш учун тўланадиган 9 ярим миллион сўмни тўлаб берилиши учун ҳоким ёрдамчиси Равшан исмли йигит жуда кўп маротаба ҳаракат қилди. Бироқ, масъуллар ёрдам берилмайди, дейишибди. Шундан сўнг пулни раҳматлик отам тўлаб бергандилар. 2020 йилда бир маротаба 220 000 сўм моддий ёрдам берилди. 2022 йилда эса бир марта озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам беришди. Қизимнинг тўлов-шартномасини тўлаш учун масофадан туриб ишлайман. 2022-2023 ўқув йили учун биринчи маротаба “Ёшлар дафтари” ҳисобидан 3 200 000 сўм тўлаб берилди. Бунинг учун уларга раҳмат. Ҳозир иккинчи оёғимга ҳам эндопротез қўйиш керак. Операция нархи эса 30 миллион сўм бўлибди. Бу сафар операция учун маблағни оилавий поликлиникадан сўрамоқчиман, зора ёрдам беришса.
Бу гапларни ўқиб, кимдир соғлиги жойида эканлиги, яна кимдир эса даромадли иш жойига эга эканлиги учун шукур қилади. Айримларнинг хаёлидан эса борига шукур қилсангчи, сендан баттарлар ҳам бор, деган ўйлар ўтиши ҳам мумкин. Балки, улар ҳақдирлар, бироқ соғлигида муаммоси бўлган, оғир меҳнат қилишга ярамайдиган, унинг устига, фарзандининг тўлов шартномасини ҳам тўлаши керак бўлган она учун бир йилда бир 220.000 сўм ёрдам ёки йилда бир мартагина бериладиган озиқ-овқат бизнингча, бир ариқ сув керак жойга томчи юборишдек гап. Бунинг устига, яна операция қилиниши керак бўлиб турган бир вақтда. Қолаверса, ҳозирги дори-дармонларнинг нархи юқори даромадга эга бўлган оила учун ҳам яхшигина молиявий қийинчилик келтириб чиқара олади. Хулоса ўзингиздан!

Миржалол Маҳкамов
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *