Исамат Эргашевнинг кинодаги қисмати

Томошабин учун экран орқали қадрдонга айланган ҳақиқий афсоналар бор. Уларнинг ижролари йиллар ўтгани сари янада юксалиб бораверади. Исамат Эргашев! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр, актёр.
“Каниют ғорининг сири”, “Шашмақом”, “Меҳробдан чаён”, “Еттинчи жин», «Чинор тагидаги дуэл», “Алибобо ва қирқ қароқчи”, “Хоразм афсонаси”, «Осий банда», “Бегона баҳор” каби фильмлардаги турли образлари билан миллионлаб қалбларни забт этган киноқаҳрамонимиз саксоннинг остонасида.
“Темир хотин”, “Маъруф ва Шариф”, “Тилла бола” каби бир қатор фильмларнинг режиссёри Исамат ака ҳамон ўша ёшликдаги ҳаваси, санъатга бўлган ҳурмати билан КИНО оламида
!

  • Исамат ака, киночи бўлиш болалик орзуси эдими? Ёки тасодиф етакладими сизни?
  • Мен Қозоғистоннинг Сайрам деган жойида туғилганман. Урушдан кейинги йилларда ёзги кинотеатрлардаги фильмларни дарахтларни, деворларни устига чиқиб томоша қилардик. Мактабимизга халқ артисти Наби Раҳимов меҳмон бўлиб келди ва мен у инсондан “Қандай қилсам сиздек бўламан” деб сўраганман. Устоз эринмай менга санъаткор бўлиш учун нималар қилиш кераклигини тушунтиргани ёдимда… Бахтимга, мактабимизга Убайдулло Алиқулов деган ўқитувчи келди. Бу инсон Тошкентда санъат йўналишида таҳсил олган экан. Жуда яхши келишиб қолдик. Шу инсон менинг иқтидоримни ҳаммадан кўпроқ кўрди. Лекин ота-онам менинг артист бўлишимни истамади. Қаттиқ қаршилик қилди. Ҳатто онам институтга келиб “ўғлим ўқимайди, артистга ким ҳам қизини берарди”, деб ректорга ҳам кирган. Аммо ризқим қўшилган экан, мана умрим санъат билан, кино билан ўтди.
  • Исамат Эргашев ижодида киносиновлар қачон бошланган?
  • Талабалик йилларимдаёқ мени киносиновларга кўп таклиф қиларди. Биринчи борганимда “Бешовлон Фарғонадан” деган фильмга Ўлмас Алихўжаев билан бирга синов топширганмиз. Ўлмас Алихўжаевга бош роль насиб қилган. Фурсат ўтиб, “Наташахоним” фильмида Ўлмас Алихўжаев билан бирга бош ролга ўтдик. Шундан кейин катта кинодаги жўшқин ҳаёт бошланди. Талабалик йилларим бўлгани учун ўқиш билан суратга олиш ишлари бир-бирига тўғри келиб қоларди. Шунда курсдошларим менинг устимдан шикоят ҳам қилган. Шунда бир устозимиз “келажакда ҳамкасб бўласизлар, агар ҳозирдан бир-бирингизни қўллаб-қувватламасангиз эртага жамоа бўлиб ишлай олмайсиз”, деб дакки берганди.
  • Театрдаги фаолиятингиз кинодаги каби кенг қамровли эмас.
  • Тўғри, мен театрда ишламадим. Йўлланма билан аввалги Хамза ҳозирги Миллий театрга ишга келганман. Аммо баъзи бир сабабларга кўра ишлолмадим, кинога кетдим. Фурсат ўтиб, бир гуруҳ киноактёрлар Тўғон Режаметов, Ширин Азизова, Фарҳод Аминов, Аъло Хўжаевлар билан бирга ёшлар театрини ташкил этиш ташаббуси билан Шароф Рашидовга чиққанмиз. Шу мурожаатимиздан кейин Ёш гвардия театри ташкил этил-ди. Биз дўстлар билан шу театрга ишга ўтдик. Ҳаммамиз уч йил кинога бормаймиз, театрни ривожлантирамиз деб ваъда бердик. Уч йил ўтди, кинога таклифлар кўп эди. Аммо режиссёримиз Эргаш Масофаев рухсат бермади. Кейин театрдан бутунлай кетишга мажбур бўлдим.
  • Ҳар бир актёрнинг ташриф қоғозига айланган роли бўлади…
  • Ҳа, мени халққа танитган образларим кўп эди кинода. Аммо “Меҳробдан чаён”даги Анвар карьерамдаги катта саҳифа бўлиб қолди. Шу фильмдан кейин мени мухлислар билан бирга ҳамкасбларим, катта режиссёрлар алоҳида эътироф этди.
  • Наби Раҳимов сизнинг ҳаётингизда алоҳида бир саҳифа яратган санъаткор, десак, муболаға бўлмайдими?
  • Йўқ! Наби Раҳимов менинг нафақат устозим, балки дўстим, яқиним эди. Устоз менинг ҳар бир режиссёрлик ишимда албатта битта роль ўйнарди. Нимагадир, шу одам иштирок этмаса, картина кемтикдек бўлиб қоларди. Кунда суҳбатлашардик. “Темир хотин” фильмидаги Наби Раҳимов учун махсус кинонинг ичида кино сюжети ўйлаб топилган. Шу саҳнани суратга олаётганимизда Наби ака бизни бир қўрқитган. Йиқилиб тушгач ётган жойидан турмаган. Ҳаммамиз бошида турибмиз, Наби аканинг кексайиб қолган пайти… Фурсат ўтиб битта кўзларини очиб: “Сизларни бир синаб кўрдим, ортимдан нима дер экансизлар”, дея ҳазил қилгани эсимда… Шундай бағрикенг, самимий, ёшларни доим қўллаб-қувватлайдиган устоз эди Наби Раҳимов.
  • Бугунги ёшларнинг кинога муносабатидан мамнунмисиз?
  • (ўйланиб) бирини кўриб хурсанд бўламан, бирини кўриб хафа бўламан. Кино ҳақида жўн ўйлайдиганлари ҳам бор, чуқур ёндашиб, ҳақиқий фильм ишқида юрганлари ҳам кўп. Аслида, ҳар бир даврнинг киноси бор. Ҳудди шу маънода замонга хос авлод ҳам шаклланади. Бугун мен ва мен каби устозлардан маслаҳат сўраб, тажрибалардан фойдаланаётган ёшларни кўриб, хурсанд бўламан. Замон ўзгариши мумкин, аммо соҳага хос шундай ақидалар борки, улар сақланиб қолиши керак. Ўзбек киносида янги давр бошланганини алоҳида эътироф этиш керак. Яна аввалгидек хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда фильмлар олинаяпти, халқаро кинофестиваллар тикланди, кино карвонларимиз билан юртимизни кезаяпмиз.
  • Ўтган йиллардан миннатдормисиз?
  • Албатта! Чекка бир қишлоқдан келган бир йигитнинг тақдири шундай мазмунли бўлади, деб ким ўйлабди… Қанча фильмларда роллар ўйнадим, ўзим истаган киноларни режиссёр бўлиб кадрларга муҳрладим, оилам бор, шогирдларим бор. Шу ёшда ҳам мен жамиятга, кинога кераклигимни ҳис этиб яшаяпман. Бу бахт-ку! Ҳаммаси учун Яратганга шукр!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *