Шароф Бошбеков –
Хаёт сахнасининг катта кахрамони!

Бир қарашда оқ қоғозни қоралашдан осон иш йўқдек, лекин аслида ҳам шундаймикин? Кимнидир кулгисини кўз ёшларга улаб юбориш-чи? Ва ёки кўрганларингизни бошқалар билан баҳам кўриш-чи… Ёзаверасиз… Яна ёзасиз, воқеаларни топиб, сўзларни териб-териб ёзасиз ва ўзингиз ўша асарнинг битта қаҳрамонига айланасиз. Лекин на саҳнада, на экранда қаҳрамонга айланмайсиз… ойлаб, керак бўлса йиллаб топган ўша образингизни қўшқўллаб бирон-бир актёрга, бахти кулган актёрга бериб юборасиз ва Сиз ҳаёт саҳнасининг катта қаҳрамонига айланасиз! Шароф Бошбеков – катта ижодкор, эсда қоларли қаҳрамон!

Шароф Бошбеков Самарқанднинг Булунғуридан. Асарларидаги қишлоққа хос тўпорилик, самимият ва дард ўша томонлардан қаҳрамонимизга эргашиб келган. Эҳтимол, қон-қонига сингиб кетгандир. Адибнинг қаҳрамонларини эсланг, ҳаммасининг юзларида бир олам табассум, қалбларида бир олам дарди бор! Бошбековнинг “одамлари кичкина одамлар” лекин даъволари, дардлари улкан…

Қаҳрамонимиз ўтган асарнинг 80-йилларидан бошлаб драматургияга жиддий қўл уради. Шароф Бошбеков ўша машҳур «Тақдир эшиги», «Тикансиз типратиканлар», «Эски шаҳар гаврошлари», «Тушов узган тулпорлар», «Эшик қоққан ким бўлди?», «Мусиқа сайёраси», «Темир хотин», «Тентак фаришталар» ва бошқа кўплаб пьесаларнинг муаллифи!. Кўп қисмли «Чархпалак» телесериали, «Маъриф ва Шариф», «Тилла бола», «Масхарабоз», «Юзсиз», «Дока рўмол қуриши»,
«Ўйин» каби ўнга яқин
бадиий фильмларнинг сценарийларини ёзган.


Ўзбекистон Санъат арбоби
Олимжон Салимов:

— Эсимда 1987 йилда Ёзувчилар уюшмасида “Темир хотин” пеьсаси ўқилган. Унда Шароф ёш эди. Катта-катта ёзувчилар, театршунослар қаршисида ўқиб берган… Қаранг, Бадиий Кенгашга асар маъқул бўлмади. “Ўзбек аҳмоқми, темирлигини билиб туриб уйланадими? Ўзини хотинини ҳайдаб, робот билан яшайдими? Жинними у? Ижодингизни халқимизни ерга уришдан бошламанг! Олиб ташланг шу жойини”, дейишди. Шароф шаҳд билан туриб “йўқ, олиб ташламайман”, деди. У шундай чўрткесар, собит одам эди. У “хўп бўлади, майли бир кўриб чиқай, айтганингиздек қиламан”, демасди. “Темир хотин”ни биринчи ўқиб берганидаёқ мен ўзимни онамни кўрганман… Ўн бир фарзандни дунёга келтирган онамнинг образи эди… Қарасам, Бадиий Кенгаш асарни қабул қилмоқчи эмас, мен ҳам Шарофнинг ёнида “Темир хотин” учун курашганман. Чунки, унда менинг онам каби қанча аёлларнинг дарди бор эди! Ичи ёнарди, одамларнинг дардини сезарди.
Аломатнинг Қўчқорга “Сизнинг кўз ёшларингиз ташқарига эмас ичкарига оққан…” Бу гапларни ким айта олади? Фақат Шароф айтарди…
“Ҳамнафасим” деган. “Темир хотин”дан кейин яна бир қанча асарларни бирга саҳнага олиб чиқдик… У менга атаб бир шеър ёзганди. Эслаб-эслаб тураман.

    Ёмон песьа келиб қолса қочолмайсиз 
    Яхшисига етвогудек чополмайсиз. 
    Қўйинг ўша Саид Аҳмад-у , Абдуллони 
    Мендан яхши драматург тополмайсиз... 

Ҳа, мен Шароф Бошбековдан яхшисини топаолмадим…


Ўзбекистон халқ артисти
Гавҳар Зокирова:

Шароф актёрлик йўналишида аёли билан бирга ўқиган. Унинг ёзганларини ўқиб бир хулосага келардим, у аввал образда яшаб, кейин ёзарди. Шунинг учун ҳам саҳнада унинг ёзганларини ижро этишда қийналмас эдик.
Шароф Бошбеков ўзбек адабиётига жиддий комедияни олиб кирди. “Тақдир эшиги” мен билан Жамшид Зокировнинг ижодида алоҳида саҳифа. Биласизми, бу асарда биз тўлиб-тошардик, Шароф билан бирга кулиб, бирга йиғлардик.
Асарда бор-йўғи икки киши. Саҳнада асарнинг давомийлиги икки соатдан зиёдроқ эди. Ўн уч йил шу спектаклни ўйнадик. Томошабин ҳар сафар янги асардек қабул қилар эди. Жамшид Зокиров иккаламиз учун “Тақдир эшиги” репертуарда бор куни байрам бўларди.
Шу асарнинг тақдимотидан кейин Шароф аёли билан рақсга тушган, Кумуш Раззоқованинг “Унутма мени” қўшиғини сўраганигача эсимда… йиғлаб-йиғлаб эшитганди… беғубор, ишонувчан, нурли одам эди Шароф Бошбеков. Охиратлари обод бўлсин…


Шароф Бошбековнинг қизи Камола Бошбекова:
— Уч қизмиз. Икки опам онамга ўхшаган оқ-сариқдан келган, мен адамга ўхшаган қорачаман. Шу сабаб опаларимни «Қуёшча», «Чироқча» дейишса, мени «Қоравой» дейишарди. Бу «тахаллус»ни эшитмаганимга анча бўлганди. Адамнинг вафотидан олдин китоби чоп этилди. Ҳар доим янги китоб чиққанда биттадан бизга дастхати билан совға қиларди. Тўғри, бу сафар дастхатни онам ёзганди. Негаки, инсультдан кейин адамнинг ўнг қўли яхши ишламас, ручкада ёза олмай қолганди. Аммо компьютерда бир қўллаб ёзарди. Китобга нималар ёзиш кераклигини онамга айтиб турарди. Китобни қўлимга олгач, нима деб ёзибди, дея шошиб биринчи саҳифасини очдим. Биринчи сатрда «Қоравойим» сўзини ўқиб, кўзимга ёш келди.
Адам ҳеч қачон бойлик, данғиллама уйларга, дабдабага қизиқмади. Дўрмон атрофидаги эски уйда онам билан яшашарди. Бу уйни ўзи танлаб сотиб олган. “Жуда эски, томорқаси катта, тупканинг таги-ку» деганим эсимда. Шунда адам доимгидек босиқлик ва ҳазил билан «Зато, телефони бор, интернет уласанг бўлади» деганди. Адам учун мана шу шароит қулай эди. Буни бошқалар тушунмасди. Одамлар нима дейди, деган гап Шароф Бошбековни қизиқтирмасди. Ўзи учун қулайми, тамом! Шу уйда онам билан бахтли эди. Ҳеч қачон хафа бўлиб ё тушкунликка тушиб ўтирмасди. Қаерга бормасин, уйга келгач, «Ўз уйим — ўлан тўшагим» деб енгил тортарди. Онам билан адам бир-бирларини севиб, ҳурмат қилиб, авайлаб яшади. Ҳеч қачон ҳаётдан нолиганларини эшитмаганман.
Отамнинг сўнгги кунлари… Онам қўнғироқ қилди… «Адангнинг мазаси йўқ, овқат емаяпти», деди. Дарҳол етиб бордим.
Ўша куни адамнинг юзига юзимни қўйиб, хайрлашар эканман, юзи юмшаб қолгандек туюлди. Озибди, деган хаёл ўтди. Кўнглим хира тортди. Лекин нима бўлганда ҳам хаёлимга ёмон фикр келмади. Аммо эртасига онамнинг «Тез ёрдам чақир!» деб гўшакдан бақирган овозини эшитганимда оёғим остидан ер қочганини сездим…
Отам – дардкашим эди… «Бу ҳаётда қийин вазиятларни камроқ кўргин, илоҳим. Лекин барибир кўрасан-да, ҳаёт шундай, бундан баттарига тайёр тур. Лекин ҳар қандай вазиятда ўзлигингча қол» деганлари қулоғимда қолди. Лаганбардор, қўрқоқ, иккиюзламачи, вазият ва пулга қараб ўзгарадиган одамларни ёмон кўрарди. Ҳақиқатан, турли одамларни кўрдим ва адам айтганидек, ўзлигимча қолдим.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *