Миллий университетининг иқтидорли талаба-ёшлари ташаббуси билан “Референдум ва ёшлар” форуми бўлиб ўтди.

Мамлакатимиздаги муҳим сиёсий воқелик — Референдумнинг аҳамияти, Янги Ўзбекистон Конституциясининг мазмун-моҳиятини ёшлар онгига сингдириш мақсадида Ўзбекистон Миллий университетининг иқтидорли талаба-ёшлари ташаббуси билан “Референдум ва ёшлар” форуми бўлиб ўтди.


Мамлакатимиз фуқароларининг хоҳиш-истаклари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг таклифлари асосида янгиланаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва унда келтириб ўтилган фуқароларнинг таълим олиш ва соҳага доир бошқа муҳим ўзгартиришлар таҳлилига бағишланган мазкур форумда университетдаги 3850 нафарга яқин талаба ёшлар, шунингдек, 320 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар, университет ходимлари иштирок этди.

Шунингдек, форумда жамоат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият олиб бораётган академиклар, халқаро ва республика миқёсида ўтказилган турли танлов ғолиблари, Президент ва номли давлат стипендиялари соҳиблари, спортнинг турли йўналишлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионлари ва фаол талабалар иштирокида тарғибот чиқишлари ҳамда гала-консерт ташкил қилинди.
Юқори савияда ташкил этилган форумда халқимиз суйган таниқли санъаткорлар, шоу-бизнес вакиллари ҳам ўз чиқишлари билан қатнашиб, йиғилганларга кайфият улашишди.

Талаба-ёшлар ва таклиф этилган спикерлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52, 82, 76, 58, 81, 51, 53, 28, 79-моддаларига ўз фикрларини билдиришиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ўзгаришлар бўйича муносабатларини форум иштирокчилари билан ўртоқлашдилар.
Форум давомида ташаббускор талаба-ёшлар томонидан #meningkonstitutsiyam, #konstitutsiyaoʻzimizniki, #befarqemasman ҳештеглари остида челленж ташкил этилиб, ижтимоий тармоқларга улашилди.



Тадбир жараёнлари “Ўзбекистон 24”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла”, “Севимли”, “МЙ5” телеканалларининг информацион дастурларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайти ҳамда “Янги Ўзбекистон” газетасида кенг ёритилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *