АОКАда АҚШлик оммавий коммуникациялар бўйича эксперт Боб Женсен матбуот котиблари учун маҳорат дарслари ўтказмоқда

Кеча ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, инқирозли коммуникация, дезинформация ва фейк хабарларга қарши курашиш, қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш” мавзусидаги уч кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади.

Тадбир аввалида Агентлик директори А.Ходжаев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, лойиҳа-дастурлар, йўл хариталарини аҳолига содда ва осон тилда етказиш, давлат органларининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашда ахборот хизматларининг устувор жиҳатларини санаб ўтиб, бунда уларнинг ҳам амалий ҳам назарий кўникмаларини такомиллаштириш, халқаро талабларга мос равишда тажриба оширишлари учун Агентлик томонидан мунтазам равишда тегишли ишлар амалга оширилаётгани, шу жумладан махсус семинар-тренинглар ташкил этилаётганини таъкидлади.

Семинар-тренингда Мелбурн университетидаги Табиий офатларни бошқариш ва жамоат хавфсизлиги бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси аъзоси, оммавий коммуникациялар бўйича тажрибали эксперт Боб Женсен маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди.

Америкалик эксперт Боб Женсен маҳорат дарсида инқирозли коммуникацияни ташкил қилишнинг муҳим тарафлари, унга қарши мулоқот режасини ишлаб чиқиш, ахборот хизматларининг бундай вазиятларда тезкор муносабат билдириш принциплари ва бошқа долзарб мавзулар бўйича нутқ сўзлади.

Тадбирда 100дан зиёд матбуот котиби жалб қилинган бўлиб, улар тренинг давомида ўзларини қизиқтирган ҳамда ҳар бир соҳада аҳамиятли бўлган саволларга жавоб олишди.

Маълум бўлиша, cxеминар-тренинг 6 апрелгача давом этади. Тренинг якунида қатнашчиларга махсус сертификат топширилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *