Тошкентда курилаетган бинолар зилзилага тайерми?

Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар сингари қурилиш соҳасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Амалий ташаббуслар натижаси ўлароқ, бино-иншоотлар, ижтимоий соҳа объектлари қад ростлади.


Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси билан ҳамкорликда нафақат Тошкент шаҳри, балки бутун Республика бўйлаб ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
“Соҳада замонавий технологиялардан фойдаланиб, қурилган иншоотлар замон талабига мосми?” “Шаҳарсозлик талабларига жавоб берадими?” каби саволлар шу шаҳарда истиқомат қилаётган барча фуқаролар учун бирдек қизиқ. Айниқса, бутун дунёни ларзага келтирган Туркия ва Суриядаги зилзилалардан сўнг халқимизда бироз қўрқув ҳам борлиги сир эмас.
Бугунги манзилимиз: Тошкент шаҳридаги янги қурилаётган кўп қаватли уйлар.
Илк манзил – Яшнобод тумани, Иззат кўчаси, 58-кўп қаватли иншоот бўлиб, мазкур бинонинг фасад қисмида сувоқ ишлари амалга оширилмоқда. Лекин ишчи гуруҳ томонидан ўқдан кўчиш ҳолати яъни бинонинг бир тарафга қийшайиши, бетон сувоқнинг сифатсизлиги, қурилиш майдонининг тоза эмаслиги ҳолатлари аниқланди. Ҳатто ғишт теришда ҳам хатоликларга йўл қўйилганлиги, ачинарли ҳол. Объектда ўрнатилган устунларнинг ҳар хил ўлчамда эканлигини келажакда бу уйда яшайдиганлар билармикан? Уларнинг тақдири қурилиш ишларига бош-қош бўлганларга бир чақалик бўлсада қадрлимикан?… Бу ҳам етмагандек, устаси фаранглар умумий лойиҳадан четга чиқиб кетган.
Кўп қаватли уйларни қуришда бетон плиталарнинг аҳамияти катта. Улар қанчалик мустаҳкам бўлса, бинонинг зилзилабардошлиги ҳам шунчалик юқори бўлади. Ўрганиш ишлари давомида Иззат кўчасида жойлашган бетон плиталар қуйиш майдонида ҳам кўплаб камчиликлар аниқланди. Темир арматураларни мустаҳкамлашда уларни қиздириш талаб этилади. Уланиш мумкин бўлмаган қисмларда ҳам темир арматуралар бир-бирига уланган ва қиздирилмаганлиги аниқланди. Йўл қўйилган хатоларни ҳисобга олган ҳолда ушбу бетон плита ишлаб чиқарувчи заводнинг фаолиятини тўхтатиш мақсадида лицензиясини бекор қилиш бўйича тақдимнома юборилиши айтиб ўтилди. Ишлаб чиқарилган сифатсиз плиталарнинг ҳам фойдаланилмаслиги учун чоралар кўрилди.
Маълумот ўрнида, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаслик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Кодексининг 99-моддаси 1-қисмига биноан маъмурий жазо қўллашга олиб келади. Унга кўра, 99-модда Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш деб номаланади. Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек, қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробардан 10 баробаригача, мансабдор шахсларга эса – 10 баробардан 20 баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Айнан шу модданинг 2-қисмига кўра, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиладиган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 15 баробаригача, мансабдор шахсларга эса – 20 баробардан 30 баробаргача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Юқорида биз кўрган биргина кўп қаватли уйнинг қурилишида талайгина камчиликларнинг мавжудлиги кишини хавотирга солади. Айниқса, сўнгги пайтларда юртимизда ва қўшни давлатларда бўлаётган зилзилалар барчамизда табиий саволни келтириб чиқаради: Ўзбекистон зилзилага тайёрми?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 майдаги 144-сонли “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида аҳоли ҳамда ҳудуднинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш назарда тутилган. Унга илова тарзида мамлакатимизда мавжуд сейсмологик қуйидаги камчиликлар аниқланган:

  • Сейсмик кузатувлар тармоғи тўлиқ автоматлаштирилмаган;
  • Сейсмик кузатувлар тармоғи халқаро мониторинг тармоқларига тўлиқ интеграция қилинмаган;
  • Мавжуд станцияларнинг аксарият қисми халқаро стандартларга мос келмайди;
  • Республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш кўрсаткичи паст;
  • 14 та станция шаҳарлар марказида жойлашган бўлиб, бу ҳудудларда халақит қилувчи тўлқинлар даражаси юқори ҳисобланади.
    Ушбу Фармон ижроси доирасида республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган. Хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритилади. Шунингдек, 2023 йил 1 августгача сейсмик фаол зоналарда жойлашган бино ва иншоотлар майдонининг зилзилалар оқибатида деформацияси, силжиши, чўкиши каби омилларни аниқлашга мўлжалланган радиолокацион космик мониторинг тизими яратилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *