КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОХОТДА ТАЪЛИМ

Конституция – ҳар бир давлатнинг Бош қомуси, қонунларининг асосидир. Конституциясиз давлатни ва давлатсиз Конституцияни тасаввур қилиш қийин. Шунга кўра, бу қонун давлат аҳолиси ва уларнинг қадр-қимматини белгилаб, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи ҳужжатдир.


Барчамизга маълумки, мамлакатимиз Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадида ушбу қонуннинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа учун аҳоли томонидан конституцион комиссияга минглаб таклифлар келиб тушган. Албатта, бу халқнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эътиборли эканлигини ва сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки ортаётганини англатади. Шунга кўра, Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпайиб, Асосий қонуннинг 65 фоиз матни ўзгартирилган.
Шу жумладан, Конституциядаги таълим тўғрисидаги моддаларга ўзгартириш киритилаётгани ва янги моддалар қўшилгани, олий таълимга ҳам алоҳида эътибор қилиниб, янги нормалар киритилаётгани ва таълим тизимида бевосита таъсири бўлган ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми Конституция билан мустаҳкамлаб қўйилаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Таълим тўғрисидаги моддага ўзгартиришлар киритилиб, яна иккита модда қўшилган. Янги таклиф этилган қонун лойиҳасида эса Конституцияга киритилган янги қонунлар туфайли бу модда 41-эмас, балки 50-модда бўлиб ўзгарган ҳамда 51-52-моддалар янги киритилган.
Аввало, таълим тўғрисидаги янги киритилган қўшимча ва нормалар ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида танишсак. Амалдаги 41-модда таҳрири: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”.
Ушбу модда янги таҳрир бўйича қуйидагидек таклиф этилмоқда:
Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.
51-модда (янги таклиф этилган):
Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли.
Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини-ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.
52-модда (янги таклиф этилган):
Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Конституция лойиҳаси учун таълим тизимини ислоҳ қилиш ва янада такомиллаштириш мақсадида шундай модда ва ўзгартиришлар киритилган.
Ҳеч биримизга сир эмаски, бугунги кунга келиб, таълимга бўлган эътибор анча юқорилади. Нафақат олий таълим, балки ўрта ва бошланғич таълим тизимларини ислоҳ қилиш учун ҳам анчагина ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон таълим тизимининг Ўзбекистонда татбиқ қилиниши ўқувчиларни, қолаверса, ўқитувчиларни ҳам ўз устида ишлашга ундайди. Айтиб ўтиш керак-ки, янгиланаётган қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мақоми Конституция даражасида белгилаб қўйилиши ўқитувчилар учун, умуман олганда, таълим соҳаси вакиллари учун катта ислоҳот бўлди, деб айтиш мумкин. 52-моддада келтирилган ўқитувчилар ҳақ-ҳуқуқи юртимизда ўқитувчилик касбининг улуғланиши, ўқитувчи меҳнатининг қадрланиши, ўқитувчи шаънининг ҳимоя қилиниши орқали уларда шу касбни танлаганидан фахр ва ғурур ҳиссини вужудга келтиради.
Бундан ташқари, жисмоний имконияти чекланган ёшлар учун инклюзив таълимни ривожлантириш ва етарли шарт-шароитларни яратиш келажакда ўз мевасини бериши шубҳасиздир. Чунки ногиронлиги бор ёшларга берилган бу каби имкониятлар ортидан улар ҳам ўз қобилиятларини юзага чиқариши табиий. Айниқса, уларнинг бу борадаги ҳақ-ҳуқуқлари Конституцияда белгилаб қўйилса.
Албатта, бу каби ислоҳотлар ортидан таълим тизимида яна қатор ўзгаришлар бўлишига ишончимиз комил, чунки ўқитувчи мақоми Конституция даражасида белгиланар экан, ўқувчи ва талаба-ёшлар учун қатор имконият ва лойиҳалар амалга оширилар экан, қатор шахслар давлат томонидан олий таълим билан бепул таъминланар экан, бу соҳа вакиллари ўз устида анчагина ишлаши керак, деган фикрдаман. Чунки таълим тўхтаб турмайди, кундан-кунга ривожланиш ва ўсишлар орқали такомиллашиб боради. Фақатгина билимли ва салоҳиятли инсонларгина бу йўлда илдам қадам ташлаши мумкин, деб ўйлайман. Навоий таъбири билан айтганда: “Эмас осон, бу майдон ичра турмоқ…”
Мен бу каби амалга оширилаётган ислоҳот ва келажагимга бефарқ эмасман, сиз-чи?
Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий
юксалишига кўмаклашиш маркази
директори Равшанбек
Худайберганов

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *