Тикансиз гул, садафсиз дур, машаккатсиз
хунар йўкдур

Қаҳрамонимиз Аъзамжон Аҳмадқулов 1955 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманида таваллуд топган. 7-синфда ўқиб юрган кезларидаёқ, кулолчиликка қизиқиб қолган ёш Аъзамжон ушбу сермашаққат ҳунар сирларини ўргана бошлаган. У Риштон кулолчилик корхонасининг машҳур рассомларидан бири ҳисобланган. Дарҳақиқат, 68 йилдан буён кулолчилик сир-асрорларини пухта эгаллаган Аъзамжон Аҳмадқуловни бугунги кунда Риштон кулолчилик мактаби намояндаларидан бири, десак, асло муболаға бўлмайди.

Сопол идишлар бронза давридан урфга кирган бўлиб, мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, халқ усталарининг меҳнатларини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нафис ва бежирим, мозий сарҳадларида тобланган кулолчилик санъати бир неча асрлардан буён ўз сир-у асроларини сақлаб келмоқда.

– Аввало, Риштон кулолчилик маркази тарихига тўхталсак.
– Риштон кулолчилик санъати қадимги даврларда пайдо бўлган. Кўплаб афсоналар билан боғлиқ бўлиб, унинг келиб чиқиш тарихи мутахассислар томонидан ҳали кашф этилмаган. Ҳунармандлар орасида ҳанузгача ҳукмронлик қилаётган ривоятларга кўра, қадимий ҳунармандлар шаҳри замонавий Риштоннинг қадимги ҳудудларидан бири — Соҳиби Ҳидоя мозоридан унча узоқ бўлмаган «Чиннигарон» маҳалласида жойлашган. Айрим ривоятлар унинг пайдо бўлишини Х-ХII аср бошлари, яна бошқа манбаларда эса ХIV-ХV аср бошлари билан боғланади, аммо иккаласида ҳам Самарқанд ва Бухородан келган ҳунармандлар асос солганлиги келтирилади. Вақт ўтиши билан Риштон Фарғона водийсидаги кулолчилик марказига айланди. Бу хомашёнинг қўлда, аниқроғи. оёқларда ишлов берилиши билан боғлиқдир.
Риштон – Буюк Ипак йўлида ташкил топган, Фарғона водийсининг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, қадим замонлардан Марказий Осиёдаги энг йирик ажойиб сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Шаҳар номи жойлашув жойига кўра, кулол тупроғи қизил гил – қизил рангга эга бўлиб, қадимий сўғд “Rash”– “қизил ер” сўзидан пайдо бўлган. Ўрта асрларда бир томондан Хитой ва Ҳиндистон, бошқа томондан Эрон ва Яқин Шарқ карвон йўллари чорраҳасида жойлашган. Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк Ипак йўлидаги асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқнинг асосий марказига айланган. Россия империяси даврида кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланган. ХХ аср бошларида Риштон кулолчилик маркази 300 киши ишлайдиган 80 тадан ортиқ кулолчилик устахоналарини ўз ичига олган. Риштон кулолларининг маҳсулотлари Марказий Осиёнинг барча шаҳарларида мавжуд. Шу билан бир қаторда, ҳунармандлар Қўқон, Марғилон, Андижон, Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳар бозорларида ўзларининг шахсий савдо дўконларини очишган.
– Риштон кулолчилик маҳсулотларининг ўзига хос жиҳатлари нимада?
– Риштон керамика буюмларининг ўзига хос жиҳатлари – ҳайратланарли даражада эркин ва нафис тасвирий услубида, яъни асосан ўсимликлар тасвири акс эттирилишидадир. Риштонликлар ўзларининг расмлари мавзуларини ва «сюжетларини» атрофдаги табиат дунёсидан, чизилган расмларни хотирадан нусха кўчирган қадимги усталарнинг асарларидан ўзларининг фантазиялари билан тўлдиришган. Ёввойи гуллар ва ўтларнинг, серҳашам буталар ва анор меваларининг услубланган, яъни олдиндан чизиб олинган нақшлари, «ҳаёт дарахти» табиатнинг уйғониши билан боғлиқ бўлган халқ ғоялари ва маросимларидан безакларга айланди.
Риштонда усталарнинг иштиёқи туфайли етакчи кулолларнинг ижодкорлигини тарғиб қилиш сезиларли даражада кучайган ҳамда машҳур марказнинг бир қатор музейлари ва халқ усталарининг ижодий студиялари яратилган.

  • Ушбу сопол буюмларининг қуриш ва кейинги босқичлари ҳақида гапириб берсангиз.
    Ясалган идишлар 1-3 соат ичида қурийди, шундан сўнг идишларнинг юзасини текислаш учун сув билан ювилган нам мато билан артиб олинади. Идиш-товоқлар Риштоннинг иссиқ қуёш нурлари остига қўйилади ва сайқаллаш учун тайёрланади. Сайқаллаш учун идишга Ангрен лойи ва квартс қора аралашмаси билан қоплаш орқали оқ ранг берилади. Сайқалланган оқ рангли маҳсулотлар қуёшда тахминан 20 дақиқа давомида қуритилади. Керамика икки марта оловда қиздирилади. Биринчи оловда қиздириш ишлов берилмаган ва сирланмаган ҳолда бўлади. Шундан сўнг мис, кобалт, темир ва марганец оксидлари каби табиий бўёқлар билан қўлда чизилган расм қўлланилади. Шундан сўнг маҳсулот яна бир марта сир билан қопланади ва иккинчи ёқиш 1000 даража ҳароратда амалга оширилади.

Машаққатсиз бахт келмас.
Ҳаракатдан тўхтамаган, мақсадлари ила одимлаган инсон албатта юксак чўққиларга чиқа олади. Арзимас хатолар ва ўзгаларнинг фикри билан бошлаган ишидан воз кечган инсон ҳеч қачон ўз мақсадига эриша олмайди. Шундай экан, бу ҳунарни ўрганишда кучли сабр-тоқат ва иштиёқ керак бўлади. Буни Риштон кулолчилик авлодининг 3-сулоласи ҳисобланган Мурод Бобоев мисолида кўриш мумкин.

– Риштонда азал-азалдан кулолчилик санъати авлоддан-авлодга ўтиб, ривожланиб келмоқда. Мен ҳам ҳозирда 3-авлод ҳисобланаман. Ота-онамнинг кулол бўлганликлари сабаб бу соҳага кириб келганман. Биринчи маротаба ёз фасли эди, 3-синфни битирган пайтларим, қўшнимизнинг устахонаси бўлар эди. Қизиқишим мени ўша устахонага етаклади. Устахонага киришим билан кимдир сопол идишларга расм чизаётган, кимдир лой қораётган, яна кимдир қарашаётган бўларди ва менда усталарга шогирд тушиб, шу ҳунарни мукаммал ўрганиш истаги пайдо бўлди. Ота-онамга бу ҳақда айтдим ва улар: “Бекор юрганингдан кўра ўрган”, – дея рози бўлишди. Аввалига, нақш чизишга қизиқдим, аста-секин идишларни ясашга ҳам қизиқишим орта бошлади. Шу зайлда 4,5 йилча ўша устахонада юриб ўргандим. Бу вақтда француз тилини ҳам мукаммал ўрганиб, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Француз филологияси факультетига ўқишга кирдим. Мана 13 йилдирки, шу касб билан мунтазам шуғулланиб келмоқдаман. Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Чорсу бозорида жойлашган Риштон кулолчилик устахонасида ўз иш фаолятимни олиб бораман. Фаолиятим давомида бир қанча сайёҳлар билан суҳбатда бўлиб, фикр алмашаман. Бу менга ўзгача завқ беради ва касбимга бўлган меҳрни янада оширади.

Амин бўлдик-ки, биз учун аҳамиятсиздек бўлган кичик бир қум зарраларидан ҳам мўъжиза яратиш мумкин экан. Ва бу мўъжиза гўзал санъат намунаси сифатида узоқ йиллар кўзларни қувонтириши шубҳасиздир. Бунинг учун эса хоҳиш бўлса, бас.
Дилнура Мамасафоева тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *