WAYU- Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси

Мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг давлат дастурини таъминлаш натижасида ташкил этилган муҳим ташаббуслардан бири Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг ташкил этилишидир. Ассоциациянинг вазифаси хорижий мамлакатларда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашишдан иборатдир.


Ассоциация фаолиятини тизимли йўлга қўйишда масъул қилиб тайинланган Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамкорлигида мана 4 йилдирки, ёшлар билан очиқ мулоқотлар, уларнинг муаммоларини ўрганиш, бартараф этиш бўйича ижобий натижаларга эришиб келмоқда. АҚШ, Европа мамлакатлари, Канада, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Туркия, Австралия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларга хизмат сафарлари ташкил этилиб келинмоқда. Хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида туркум қўлланмалар, видеороликлар тайёрлаш ва тарқатиш бўйича керакли йўналишда ишлар йўлга қўйилган.
Ҳозирги вақтда турли лойиҳалари билан WAYU ёшлари ижтимой тармоқларда фаол. Масалан, ассоциациянинг вакилликлари томонидан хориж давлатларида ташкил этилган “WAYU Press-Club”ларида ўз соҳасининг билимдонлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Яқинда Ассоциация фаоллари томонидан ташкил этилган “Мусофир” хайрия онлайн платформаси хорижда таълим олиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш давомида турли мураккаб вазиятларга тушиб қолган ўзбекистонлик талаба ҳамда меҳнат мигрантларига молиявий беғараз ёрдам кўрсатишни мақсад қилган. Шунингдек, Ассоциацияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-149-сонли “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида фаолиятини олиб борадиган “Хавфсиз миграция” лойиҳаси ҳам мавжуд. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – хорижга чиқишни режалаштирган ёшларни миграция қонун-қоидалари билан таништириш, шунингдек, чегарадан ўтиш, чет мамлакат ҳудудида қонуний вақтинчалик яшаш, меҳнат қилиш ҳамда таълим олиш жараёни борасида уларда зарурий кўникмаларни шакллантиришдан иборатдир. Тўлов-контракт асосида ўқиётган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўзбекистонлик чет элда таҳсил олаётган талабалар ўртасида Ассоциация томонидан очиқ саралаш ўтказилиб, “Иқтидорли ватандошлар” стипендияси номзодлари аниқланади. WAYUнинг Instagram, телеграм ва расмий саҳифалари мавжуд бўлиб, улар орқали чет элда ўқиш истагида бўлган ҳар бир инсон бу борада ўзини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиши мумкин.
Ассоциациянинг ўтган 5 йиллик фаолияти давомида 1300 нафарга яқин ёшлар иштирокида 6 та хорижий давлатда “Ёшлар форуми” ўтказилди. Бундан ташқари, Call-марказга хориждан Ўзбекистонга ўқишни кўчириш, диплом нострификацияси, грантлар олиш, ҳуқуқий консультация, молиявий ёрдам, иш билан таъминлаш, меҳнат миграцияси каби саволлар билан 12 000 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бугунги кунга келиб, лойиҳаларни самарали амалга оширишда дунёнинг 12 та мамлакатида 40 дан ортиқ координаторларнинг фаолият олиб бориши ёшларга қулайлик яратмоқда.

Биз WAYUнинг ташкил этилиши хорижда таҳсил олиш истагида бўлган ёшлар учун қандай қулайлик ва икмониятлар яратиши борасидаги саволлар билан Ассоциациянинг хорижий вакилларига юзландик.

Тимур Юсупов,
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг
Санкт-Петербургдаги вакили:

  • Энг аввало, хорижда таҳсил олаётган ҳар бир талабани университетни тамомлаганидан сўнг, ўз Ватанида иш билан таъминланиши ўйлантиради. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломларни тан олиш тўғрисида фармон имзоланган бўлса-да, иш берувчилар ҳали ҳам дипломни Ностерификациядан ўтказишни талаб қилишади. Шу сабабли ҳам талабалар ўз Ватанларида ишсиз қолишдан ҳадиксираб, фуқаролигини ўзгартириб, бошқа мамлакатда иш бошлашга мажбур бўлмоқда.
    Иккинчи масала эса – бу бармоқ изини олишдир. Маълумки, яқинда чет эл фуқаролари учун бармоқ изи тизими жорий қилинган, аммо бунинг учун умуман шароит йўқ. Фуқаролар бир кунда ҳам навбатда туриб, ҳам ҳужжатларни топширишлари ҳақиқатга яқин эмас. Бундан ташқари, санитария қоидаларига риоя қилинмаслик, ходимларнинг қўполлиги инсоннинг дилини хира қилади.
    Талабалар ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида қонунларни билмаслик муаммоси мавжуд. Фирибгарликка учраган фуқароларга бепул юридик ёрдам ҳам мунтазам равишда бериб борилади. Патент (хорижий фуқаролар учун ишлаш учун рухсатнома) – яна бир катта муаммо ҳисобланади. Чексиз навбат, антисанитария, қўпол ходимлар. Ўйлайманки, хорижий фуқаролар учун бундай молия оқими пайдо бўлиши билан патент олиш учун ҳужжатларни топшириш шартларини яхшилаш мумкин.
    Авиачипталарнинг жуда қимматлиги талабалар ва умуман барча юртдошларимиз ўртасида тез-тез бериладиган саволлардан биридир. Ёшлар билан деярли ҳар бир учрашувда шу саволга дуч келамиз. Айниқса, байрам олдидан юртдошларимиз таътилни оила даврасида ўтказишни истаса-да, авиачипталар нархининг ошиб кетиши сабабли уйларига бора олмайдилар. Қимматлашган чиптани ҳамма талаба ҳам кўтара олмайди. Кўпинча, йиғилишларда байрамлар арафасида талабалар учун ҳар қандай чегирмалар ҳақида савол туғилади. Таълим учун кредит, Ўзбекистон ёки Россияда қайси банкдан мунтазам фойдаланиш мумкинлиги, олий ўқув юртларида контракт пулини тўлашни осонлаштириш борасидаги саволлар ҳам тез-тез берилади.
    Санкт-Петербургда «WAYU» нинг очилиши ёшларни бирлаштирди. Бир неча йиллардан буён ёшлар бизга турли савол ва муаммолар билан мурожаат қилмоқдалар, биз уларга ўз вақтида жавоб бериб, ечим топишга ҳаракат қиламиз.
    Шу вақтга қадар ёшларда маънавий-ахлоқий қадриятлар ва ватанпарварлик онгини шакллантириш, ёш фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича, ёшларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга жалб қилиш, ёшлар ўртасида оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг бўш вақтини фаол ўтказишга кўмаклашиш, ёшларнинг интеллектуал ва ижодий ривожланиши учун шароит яратиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш каби кўплаб тадбирлар ташкил этилди ва ўтказилди.

Бобурмирзо Абдусамадов,
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Қирғизистондаги вакили:
— “Хорижда кўпчилик ёшларда бетоб бўлиш, яшаш жойига рўйхатга олиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни йўқотиб қўйиш каби ҳолатлар кузатилади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатини йўқотиб қўйган тақдирда, сертификат яъни паспорт ўрнини босувчи ҳужжат расмийлаштириш учун моддий кўмакка ҳомийлар ёки кўпинча элчихонани жалб қиламиз.
WAYUнинг ташкил этилиши айнан ўзбек ёшлари учун катта импульс берди. Ёшларнинг бир жойда тўпланиб, катта-катта тадбирлар ўтказилиши хориждаги ёшларга ҳам эътибор борлигини билдирмоқда. Қирғизистон мисолида оладиган бўлсак, олдин муаммо юзага келганда элчихона билан боғланиш керак бўларди ва бу мураккаб жараён ҳисобланарди. Ҳозирги кунда эса керак бўлса, тўғридан-тўғри элчига ҳам боғланиш имконияти мавжуд.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда ёшлар ва уларнинг таълим олиш масалалари давлат сиёсати даражасида. Қай юртда бўлмасин, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари Ватан томонидан ҳимоя қилинади. Зеро, чет мамлактларнинг илғор тажрибалари асосида ўқиб, ўз юртида иш бошлайдиган ва келажак авлодга замонавий илғор билимларни бера оладиган интеллектуал ёшлар сафини кенгайтириш бугунги кун талабидир.
Умида Ҳақбердиева тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *