Ги Де Мопассанинг куёви ёхуд урушларда тобланган кулгу

Шундай актёрлар бор, уларнинг суратини кўришимиз билан юзимизга табассум югуради, кайфиятимиз кўтарилади. Жаҳон киносининг ана шундай афсоналаридан бири, шубҳасиз, бу – Луи де Фюнес! У кўпчилик ўйлагандек катта кинога ёшлигидан келиб, узоқ йиллар суратга олиш майдонидан “ўзини” изламаган.

Луи де Фюнес 1914 йилда туғилган. Ота-онаси томонидан Фюфю деб ном берилган актёр дунёга келганига уч кун бўлганида Биринчи жаҳон уруши бошланди. У ҳали дунёни англамай урушни кўрди. Уларнинг оиласи бошқалардек ночор бўлмасада, ҳаётнинг паст-у баландини етарлича кўрганди. Қаҳрамонимизнинг отаси олмос кесувчи, онаси уй бекаси бўлган. Улар эркатой фарзанди ФюФюнинг истакларига қулоқ тутарди, уни эътибордан четда қолдирмасди. Лекин Луининг ўқиши яхши бўлмаган, шунинг учун ҳам ота-онаси тез-тез мактабга боришга мажбур бўлар эди. Луи коллежни тугатмасдан Курбевуа шаҳридан Парижга кўчиб кетишни мақъул кўради. Қизиқувчан, ҳаётга ҳамиша ишонч билан қарайдиган йигитчанинг омади келмаса-да, нолимаган. У бу хислатни ота-онасидан, совуқ урушдан мерос қилиб олган бўлса, не ажаб?! Жаноб Фюнес ёшлигиданоқ ўнлаб касбларни ўзида синаб кўрган! Сут сотувчи, хат ташувчи, ром тузатувчи, пойабзалларни таъмирловчи… бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Лекин қаҳрамонимиз ҳеч бири касбга узоқ мубтало бўла олмасди. Зийрак, зеҳни тез бўлгани учун тез ўрганиб, тез зерикар эди.
Луи ёшлигидан мусиқага меҳр қўйганди. Лекин профессионал мусиқа билан шуғулланиш ҳақида ўйлаб кўрмайди. Лекин кафе-барларда пианино чалиб, орзуси сари қадам ташлайди. У тез орада тилларга тушди. Кичкина, шинам кафедаги мухлислари нафақат унинг мусиқаларига, балки ўзига хос, кайфият берувчи имо-ишораларига ҳам шайдо эди. Айнан Луини томоша қилиш учун келадиган ашаддий мухлислар ҳам бор эди.
Қаҳрамонимизнинг тақдир тақозоси билан яна уруш билан юзлашади. Бу сафар иккинчи жаҳон уруши эди. Шу даврда ҳарбийга чақирилган Луи орадан бир ой ўтиб, ортга қайтариб юборилган. Нимжонлиги ва доимий йўтали туфайли шифокорлар унга сил касаллиги ташхисини қўяди. Аслида, нимжонлигининг сабаби кўп чекиши эди. Доим йўталдан азият чекадиган актёрнинг бўйи 164 сантиметр, вазни эса 50 килограммдан ошмас эди.


Луи кинога 1945 йилда, уруш тугагач кириб келди. У ўн йил давомида фақатгина иккинчи даражали ҳамда эпизодик ролларни ижро этган. Луи эпизодлар учун ҳам, иккинчи даражали роллар учун ҳам хафа бўлмас эди. У бу жараённи босиб ўтилиши шарт бўлган йўл деб ҳисобларди.
Фурсат ўтиб Луи де Фюнес – бош қаҳрамонга айланди. Бу пайтда у 50 ёшни қоралаб қўйганди. Лекин актёр бундан нолимади, аксинча, тақдирнинг бир инъоми деб қувонди. Актёрнинг 130 дан ортиқ комик роллари мавжуд. Унга «Фантомас» ва жандармларнинг саргузашти ҳақидаги бир неча фильмлар машҳурлик олиб келди.
Луи касбини севарди, шу боисдан ҳар бир фильмнинг премьераси куни кинотеатрларга боришни канда қилмасди. У чиптачилардан тортиб то навбатда турган одамларнинг ўзи ҳақидаги фикрларини, суҳбатларини тинглашни хуш кўрарди. Ҳеч бир актёр Луи де Фюнес каби мухлислар билан, чиптачилар билан кўп гаплашмаган бўлса керак.

Паст бўйли ва кўримсиз Луи барча француз эркаклари каби гўзал аёлларга ошиқ бўлган. У умри давомида икки марта оила қурди. Дастлаб 22 ёшида уйланган актёр аёли билан 6 йил давомида бирга яшади. Сўнгра 1943 йилда машҳур ёзувчи Ги де Мопассаннинг жияни Жанна Августинага уйланади ва у билан умрининг охиригача ҳаёт кечирди.
Луининг учта ўғли бор, биринчи турмушидан Даниэль исмли фарзанди бўлиб, афсуски, улар унчалик яқин бўлмаган. Патрик ва Оливье эса ота меҳрига тўйиб улғайди. Патрик шифокор, Оливье эса учувчиликни танлади.Лекин Оливье отаси билан биргаликда 6 та фильмда бирга роль ижро этди.
Комик роллар устаси Луи де Фюнес 1983 йил 27 январда 68 ёшида юрак хуружидан вафот этади. Орадан йиллар ўтса-да, томошабин ҳамон унинг образларидан завқланади, такрор ва такрор Луи де Фюнесни томоша қилади. Бу актёр ва унинг ижод йўлларига берилган энг гўзал ва юксак баҳо!
Зебо тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *