Телевизорингизда нима гаплар?

Телевидение – ўтган асрнинг энг катта кашфиёти! Шу билан бирга ҳозирга қадар таъсир кучи юқори бўлган оммавий ахборот воситаси ҳамдир! Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси 1956 йилдан бери ўз фаолиятини юритиб келади. Дастлаб саноқли телеканаллардан иборат бўлган телевидениемизнинг илк ходимлари соҳа янги бўлишига қарамай мукаммал ўрганган, унинг мактабини яратиб устоз санъаткор даражасига кўтарилган. Бошловчилар ҳам нутқ, ҳам ташқи кўриниш жиҳатдан телеэкранга мос бўлиш асносида ўзларининг юксак маданияти билан ҳам томошабинга ўрнак бўлган. Бугун ана шу устоз бошловчи, сухандон, телережиссёрлар таълимини олган авлод бор. Аммо замоннинг зайли билан томошабин деганлари тўртбурчак қутичадан узоқлашган айни дамда айнан салоҳияти билан зиёли қатламга хизмат қилаётган профессионаллар соясида яна бир авлод шаклландики, уларнинг маълум бир қисми маҳорат ва маданият масаласида анчайин ночор.
Кўпчилик савиясиз кўрсатув, сериаллар кўпайгани- ни хусусий телеканалларнинг фаолияти йўлга қўйилгани билан изоҳлайди. Балки, бу гаплар асослидир, ҳар ҳолда давлат телеканаллари хоҳ кўнгилочар кўрсатув бўлсин, хоҳ информацион телевидение санъатининг мавжуд талабларига, жумладан, адабий тил меъёрларига амал қилишмоқда. Жонли эфир пайтида қуюшқондан чиқиш, маданиятимизга зид ҳолатлар ҳар ҳолда, назоратга олинган. Назоратнинг даражаси ва талаблари… хусусий телеканалларга улоқни бериб юборди. Буни тан олиш керак.
Хусусий телеканаллар бир хиллик ва динамикаси паст, сокин кўрсатувлардан зериккан, телевизор пультини ўйлаш, фикрлаш учун эмас, шунчаки, ҳордиқ чиқариш учун босган томошабинларга замонавий, енгил, ранг-баранг ва турли жанрларга оид томошабоп кўрсатувлари билан рейтингни уриб қўйди.
Яна бир жиҳати нодавлат телеканаллар информацион кўрсатувлардаги хабар ва янгиликларни тезликда узатишга ўтиб олди. Таҳлил, масаланинг моҳиятини кейинроққа олиб қўйса-да, хабар етказишда тезликни оширди. Бу телеканаллар нуфузида муҳим қадам бўлди.
Динамикаси, ранги, кайфияти билан томошабинни тортган енгил дастурлар бошида олқишланди. Аммо тан олиш керак, бугун одамларни зада ҳам қилди. Энг ачинарлиси, шундай кўрсатувларда бошловчи бўлиш учун соҳа мутахассиси бўлиш муҳим бўлмай қолди. Ижтимоий тармоқда фаол обуначига эга машҳурроқ вайнер ҳам бемалол экранларни забт этишни бошлади. Айтганча, ҳазил мутойибага мойилроқ, сўзга чечан, чеҳраси таниш актёрлар кино-театр қолиб телевидениега ўтиб олишди. Бу ҳолат жаҳон телевидение санъатида ўзини оқлаган. Аммо меъёридан ортса, оқламас экан!
Хуллас, экран орзу бўлмай қолди. Экраннинг қадр-қийматини профессионаллар билан эмас ҳаваскор-отарчи-ю, вайнерчилар белгилай бошлади. Қаранг, бу қийн иш эмас экан! Адабий нутқда эмас, ўзингизга қулай тилдаги сўзлардан фойдаланишингиз, энг ачинарлиси, ижтимоий тармоқларда бемалол номаъқул сўзларни ишлатиб, маданиятсизлик қилсангиз ҳам бўлади. Эфир-чи, дейсизми? Бу сизнинг телевидениедаги фаолиятингизга умуман таъсир қилмайди. А, узр ижтимоий тармоқларда агар шов-шувли чиқиш бўлса, (салбий, ижобий фарқи йўқ) албатта, телеэкранда у сизга рейтинг олиб келади. Фақат эфирда озгина эҳтиёт бўласиз, кўрсатувда номаъқул сўзларни ишлатмасангиз бўлди. Томошабиннинг аксарияти учун бу табиий ҳол, кўнгилочар кўрсатувнинг талаби шу дегувчилар ҳам топилади. Бироқ, эфирдан ташқаридаги, ўзаро муомалани экранда ҳам қўллаш, вазиятга, мавзуга мос фикр тополмай, ўз ҳаётидан мисоллар келтириши саводли томошабин учун беъманилик ва саводсизликдан бошқа нарса эмас. Телебошловчилик реклама ва меҳмонларни ўз вақтида эълон қилиб тура олишдан иборат эмас. Биз барча бошловчиларни бу рўйхатга киритмоқчи эмасмиз. Радио ва телевидениедаги фаолияти орқали ҳурмат қозонган соҳа мутахассисларининг айримлари ана шу “қозонга” тушиб қолгани ҳам ачинарли…
Шунингдек, айрим ток-шоуларда халқимиз учун гапирилиши уят ва андиша ҳисобланган қиз боланинг номуси, айнан ўзи ва оиласи иштирокида муҳокама қилинаётгани ачинарли. Миллионлаб томошабин кўрган кўрсатувдан сўнг қизнинг кейинги ҳаёти қандай кечиши ҳақида ўйламайдилар. Унга мактабдошлари, маҳалладошлари қандай назар билан қарашади? Муаммони кенг жамоатчиликка кўрсатиб, унинг ечими ярим йўлда қолиб кетаётгани, инсонлар тақдири ўйинчоқдек телеканаллар пиари учун хизмат қилаётгани оғриқли. Ижтимоий тармоқларда кўп кўрилган мавзулар, одамлар (у нима иш қилишидан қатъи назар) муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатлар телевидение учун тайёр мавзуга айланди. Натижада виртуал оламдаги бемаъниликдан чарчаган одам телеэкранда ҳам шу нарсани кўряпти…
Овқат пишириш ва уни баҳолаш мавзусига оид кўрсатувлар сийқаси чиқиб улгурган бўлса ҳам ҳамон янги номлар билан турли телеканалларда эфирга узатилмоқда. Дунёда кунига миллионлаб одам очликдан вафот этаётган замонда овқат таъмини муҳокама қилиб, 40 дақиқалик кўрсатувни якунлаш қанчалик тўғри? Шу билан бирга, пардоз-андозга оид кўрсатувлар ҳам деярли ҳар битта хусусий телеканалда учрайди.
Мавзулар кўп, аммо бизнинг нигоҳларимиз шов-шувлардан, шоулардан ортмаяпти. Ҳар бир кўрсатув жанрига қараб томошабинга кўнгилочар бўлса тетиклик, информацион бўлса зийраклик, маънавий бўлса, тафаккур қилиш имконини бериши керак.
Бу мавзуни фақат ўзимизнинг мақсадимиз ва қарашларимиз билан ёритаётганимиз йўқ. Биз тош отган дастурлар кимнингдир севимли кўрсатувидир, кўрсатув олиб бораётганлар эса севимли бошловчиларидир. Аммо телевидениенинг ўзига хос талаблари, меъёр ва вазифалари бор. Шунчаки, эфирни тўлдириш учун кўрсатув тайёрлаш томошабинга нисбатан ҳурматсизликдир.
Бир неча йил “онлайн совчилик” мақомида бўлиб турган дастур ва ниҳоят эфирларда кўринмай қолди. Ҳафтанинг беш кунида бир вақтда кетадиган кўрсатув орқали ўз жуфтини топганлар ҳам бордир, бироқ, эркак киши аёлини қўл кўтаришидан шикоят қилиши ёки нуроний ёшига етган одам ўғлини саккизта қизга уйлантирганидан ғурурланиши… миллатнинг фожиаси эмасми? Қолаверса, аёл кишини “мен эрсизман” шиори билан кўрсатувда микрафон ушлаши динимиз кўрсатмаларига ҳам менталитетимизга ҳам мос келмайдиган иш! Дастурни тайёрлаётганлар буни билади, аммо негадир яна ва яна шундай зарбалар экрандан берилаверади.
Ҳар бир соҳада ўз мутахассислари ишласа, мақсадга муофиқ бўлади албатта. Малакасиз шифокорларнинг беморлар ўлимига сабаб бўлаётгани тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Худди шундай маданияти, салоҳияти, хулқи ва қобилияти етарли бўлмаган одамнинг телевидениеда ишлаши ҳам жамиятнинг дийдасини қотириб, саводсизлик томон етаклаши бор гап. Хулоса ўзингиздан!

Зокир Қаюмов,
Олий тоифали режиссёр.
– Режиссёр бошловчини қайси жиҳатларига қараб танлаши керак?
– Албатта, ҳар бир режиссёр тайёрлаётган кўрсатувидан келиб чиқиб бошловчи танлайди. Журналист ҳам муаллиф, ҳам бошловчи бўлса кўрсатув мукаммалроқ чиқади. Агар бу вазифага бирор одам таклиф қилинса, бошловчи эмас муҳаррир ёзиб берганини шунчаки, такрорлаган бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир бошловчи кўрсатувдаги мавзуни яхши ўзлаштириб олиши керак. Акс ҳолда, таклиф қилинган меҳмон ундан устун келиб қолиши мумкин.
– Асли касби телебошловчи бўлмаганлар ҳам шу иш билан шуғулланишаётганига нима дейсиз?
– Тўғри, бугун “қиёфа” биринчи ўринга чиқди. Аммо, таниқли одам бошловчилик қилишига қарши эмасман. Муҳими, кўрсатувга бош бўла олса, кифоя. Таниқли бўлиш билан бирга севимли ҳам бўлиш лозим. Кўрсатувнинг форматига яқинроқ одам танланса мавзу янада очилади.
– Шева масаласи…
– Соҳадаги яна бир муаммо – бу шева масаласи. Тошкент шевасидан айниқса, хусусий телеканалларда кўп фойдаланилаяпти. Тошкентлик бўлмаганлар ҳам шу шевада гапираяпти. Бошловчи қаерлик бўлишидан қатъи назар адабий тил меъёрларига амал қилиши керак.
– Бугун қайси кўрсатувлардан зада бўлди томошабин? Экранга қандай дастурлар етишмаяпти?
– Бугун МТРК бироз оқсаб қолди. Хусусий телеканалларда эгизак кўрсатувлар жуда кўпайиб кетган. Фақатгина номи ўзгаряпти, холос. Бу телеканалларнинг томошабоп кўрсатув тайёрлашдаги ҳаракатлари ҳурматга лойиқ. Бироқ саҳна безаклари устунлик қилмоқда. Яъни безаклар, декорациялар, ранглар кўрсатувнинг ғоясидан биринчи ўринга чиқиб, ғоя ва мақсадни “ютиб” юборяпти, десак муболаға эмас. Бошловчининг чиройли кўринишда бўлиши аввалдан бор талаб ва буни танқид остига олиш ноўрин. Аммо, унинг кўриниши таклиф қилинган меҳмонни уялтирадиган даражада бўлиши ҳам керак эмас. Суҳбатдош гапираётганда савол қидириш эмас, уни тинглаш, ўрни келганда тасдиқлаб туриш ҳам лозим.
– Ток шоулардаги мавзулар…
– Кўриб тураман. Айрим мавзуларнинг олиб чиқилаётганига қаршиман албатта. Баъзи кўрсатувларда мен турмушга чиқаман, турмуш ўртоғим билан ажрашдим, эрсизман деб гапирилаётгани бу андишасизлик. Оилавий муҳокамалар бундай тарзда эфирга олиб чиқилиши керак эмас. Бундай турмуш узоққа чўзилмаслиги аниқ.
– Ушбу соҳага янги кириб келаётган ёш кадрларга қандай маслаҳат берган бўлардингимз?
– Аввало, кўп ўқиш ва тилни чархлаш керак. Негаки, сиз бошқалардан, таклиф қилган инсонингиздан ўзингизни бир поғона устун ҳис қила олишингиз керак. Ёш бошловчилардан экран ортида улардан-да билимлироқ, сўзамон инсонлар ўтирганини ҳис қилган ҳолда фаолият юритишларини сўраб қоламан.

Нозима Воҳидова,
журналист ва телебошловчи:
– Айрим кўрсатувларда шева ва бошқа тилга хос бўлган сўзлардан фойдаланилаёт-ганига муносабатингиз…
– Бу, афсуски, “урф” га айланди. Шу касбдан нон еяётган одам, аввало, соҳасини ҳурмат қилиши керак. Касбидан ҳам аввал ўзини ҳурмат қилиши лозим. Мен, шахсан ўзим бу нарсага қаршиман. Тилни қандай кўрсатиш, тарғиб қилиш биз журналист-бошловчиларнинг вазифаси. Тўғриси, мени ғашим келади, кўролмайман (кулади). Ўнлаб олийгоҳларда телевидение ва радиога оид йўналишлар бор. Бироқ, қўпол бўлса ҳам нонимизни эгаси бўлмаган одамларга бериб қўйяпмиз.
– Бошловчи бўлиш учун шу касб эгаси эмас, машҳурроқ одам бўлишнинг ўзи етарли бўляпти, назаримда.
– Рейтинг учун машҳурладан фойдаланишяпти. Мен тан оламан, зўрлари, усталари бор. Аммо, лекин, бироқ… Томошабин савияси шундай бўлса, буни қабул қилаверади. Барибир, бунда ўзимизни айблайман. Агар йўналишни, ракурсни топа олсак, томошабин кўради.
– Ижтимоий тармоқдаги каби эркинлик телевидениега қанчалик зарур?
– Буни ҳам ижобий ва салбий томонлари бор. Шахсан ўзим телевидениядаги фаолиятим давомида бирор чекловга дуч келганман деёлмайман. Фактлар билан танқид қилсангиз, доим ҳақсиз. Фақат томошабин учун муаммонинг бир тарафини ёритиш керак эмас. Икки тарафни асослаган ҳолда бемалол танқид қила оламан. Айни кундаги кўрсатувимда ҳам деярли бирор жойи кесиб ташланмайди.
– “Учбурчак” ток шоусида келинига шилқимлик қилган қайнота мавзуси олиб чиқилганда Хуршид Даврон эътироз билдирган эди. Бундай мавзуларни телевидениега олиб чиқиш қанчалик тўғри?
– Устознинг эътирозлари ҳақли. Бу мавзу бизда олиб чиқилганига кўп бўлди ва ўша пайтта шов-шувларга сабаб бўлди. Журналистнинг вазифаси муаммони халқнинг ичидан олиб чиқиб, шунчаки эмас, халқона олиб чиқиб, муаммони ечимга олиб бориш. Ечимни эса ҳал қиладиган алоҳида ташкилотлар бор. Биз ана шу муаммони олиб чиққанмиз. Аммо бундай мавзуларни ҳаддан ташқари кўп ва қайта-қайта олиб чиқавериш одамларни дийдасини қотиради. Қўпол бўлса ҳам айтаман “безлаштиради”.
– “Маданият ва маърифат” телеканалининг формати ўзгартирилиши ҳақидаги гап-сўзларга муносабатингиз қандай?
– Телевидениедаги 27 йиллик фаолиятим давомида кўплаб телеканалларда ишладим. Уч йилдан бери шу каналда ишлайман. Менинг йўналишимга мос бўлган телеканал. Эркин ижод қиласиз. Канал номи ва формати ўзгариш ўзгармаслиги эса мен каби оддий ходимларнинг қўлида эмас. Аммо фикрим бор, “Маданият ва маърифат” ҳар тарафлама керак. Ишлайман, ривожланаман деган ёшлар учун имкониятлар эшиги. Иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланса, биринчи рақамли телеканалга айланади албатта.
– Бу соҳада ҳурматга лойиқ шахсга айланиш учун нима қилиш керак?
– Касбини ёқтириши, ҳар куни изланиши, бугун чиқиб, эртага юлдуз бўламан деган фикрни хаёлидан чиқариб юбориш лозим. Ташқи кўриниш ва чиройли гаплар билан эмас, инсонларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш, унинг қалбидаги истак-хоҳишларини амалга ошириш орқали унинг ёдида қолиш лозим. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, касбингизнинг устаси бўлсангиз, пулнинг ўзи сизни топади.


Миржалол Маҳкамов тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *