Ўзбек тилининг обрўсини тубдан ошириш – пировард максад

“Агар ўзингиз яшаётган давлат тилини билмас экансиз, унда сиз ё телбасиз ёки босқинчи”
Махатма Ганди

Маълумки, ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, ҳозирги кунда ушбу тил Ер юзи аҳолисининг қарийб 50 миллион аҳолиси учун асосий мулоқот воситасидир. Шундай экан, тилимизнинг мавқеига қаратиладиган эътибор эртанги авлоднинг келажаги ҳақида қайғуришимизнинг муҳим асоси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш, жамиятнинг барча соҳаларида фаол қўлланилишига эришиш, ёш авлоднинг она тилимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистондаги барча давлат идораларида иш юритиш лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев билан суҳбатимиз ҳокимлик тизимида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди:

– Акмал ака, ушбу лавозим ташкил этилишидан кўзланган мақсадлар қай даражада амалга ошириляпти?
– Бу лавозим 2020 йил 20 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг 34-сонли қарорига асосан республикадаги ҳокимлик, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари лавозимлари ташкил этилган эди.
Мен 2020 йилнинг март ойидан Тошкент шаҳар ҳокимлигида фаолиятимни бошлаганман. Апрель-май ойларидан ҳоким маслаҳатчилари лавозимларини ташкил қилганмиз. Шу кунгача тил сиёсатини такомиллаштириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини янада ошириш бўйича бир нечта ҳокимлик қарорлари қабул қилинди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессияларида ҳисоботлар бериб, бу борада Кенгаш қарорлари ҳам чиқарилган. Унга кўра, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларида иш ҳужжатларининг барчаси ўзбек тилига ўтказилди. 2023 йилнинг 1 январидан эса, ҳужжатларни тўлиқ лотин алифбосида юритиш жорий этилди.
– Ушбу лавозимга тайинлашда номзодларга қандай талаблар қўйилган?
– Лавозим йўриқномасида филология, тил ва адабиёт ҳамда журналистика соҳаси мутахассисларига устунлик берилиши белгилаб қўйилган. Аммо бугунги кунда ҳокимлик тизимида бошқа йўналишлардаги мутахассислар ҳам мазкур лавозимда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Сабаби, ҳокимлик тизимидаги маслаҳатчи билан вазирлик тизимидаги маслаҳатчининг иш тизими бир-биридан кескин фарқ қилади. Вазирликдаги маслаҳатчиларга бевосита ушбу тизимда давлат тилида иш юритилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Ҳокимлик тизимида эса асосан учта йўналишда фаолият юритилади. Биринчиси, бу ҳокимликда давлат тилида иш юритилишини таъминлаш, иккинчи йўналиш географик объектларни номлаш билан боғлиқ. Маълумки, Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган. Ушбу комиссиянинг раиси республикада бевосита Бош вазир, жойларда эса, маҳаллий ҳокимлар ҳисобланади. Ва албатта, географик объектларни номлашда биз ҳам бевосита иштирок этамиз. Сабаби, янги ташкил этилаётган маҳалла, кўча, истироҳат боғи, хиёбонлар ва ҳоказолар географик объект ҳисобланиб, уни номлашда албатта, давлат тили меъёрларига риоя қилиш лозим. Учинчи йўналиш – ташқи ёзувлар, яъни, реклама эълонлари, пештахтадаги ёзувлар, дўкон, бозорлар, дорихона ва шунга ўхшаш объектларнинг ташқи ёзувлари билан боғлиқ бўлиб, бу борада қонун талабларидан келиб чиқиб, ўрганиш ишларини олиб борамиз.
– Сир эмаски, пойтахтимиздаги айрим корхона ва ташкилотларда ҳанузгача иш юритиш рус тилида амалга оширилади. Тошкент шаҳар ҳокимлигига келиб тушган мурожаат ёки ҳужжатлар давлат тилида ёзилмаган бўлса ҳам қабул қилинадими ёки қайтариладими?
– Фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатлар у қайси тилда бўлишидан қатъий назар қабул қилиб олинади. Чунки, уларни қайтариш “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли талабларини бажармаганликка олиб келади. Яширишга ҳожат йўқ, аксарият мурожаатлар рус тилида келади. Муаммо ҳам шунда, сабаби, рус тилида келган мурожаатга ўзбек тилида жавоб хатини йўлласангиз, мурожаатчи ўзи мурожаат қилган тилда жавоб қайтаришни талаб қилади. Бу ҳолатда ижрочи жавоб хатини қайтадан рус тилида тайёрлаб жўнатишга мажбур бўлади. Бу эса юқорида айтиб ўтилган қонун талаби ҳисобланади. Бошқа тилда мурожаат деганимизда аксарият ҳолларда рус тилида келган мурожаатлар назарда тутилади. Масалан, корейс, турк ва шу каби тилларда келса, у ҳолда ўзига яраша муаммога дуч келинади ёки шу тилларни биладиган мутахассисга эҳтиёж туғилади. Бу эса кадрлар масаласида муаммони юзага келтиради. Шу сабабли ҳам, биз Олий Мажлис Қонунчилик палатасига давлат идорасига мурожаат қилаётган фуқаро ёки юридик шахс ўзига қулай бўлган тилда мурожаат қилиши мумкинлиги, аммо давлат тилидаги нусхасини илова қилиши шартлиги масаласида таклиф берганмиз. Ажаб эмас, келгусида ушбу таклифларимиз қонунда ўз аксини топса.
– Давлат тили мақомини талаблар даражасига етказиш учун нималарга эътибор бериш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Биринчи навбатда, қонунларимизда талабларни янада кучайтириш керак. Масалан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда талаблар қатъий белгиланган бўлса-да, аммо баъзи бошқа қонуности ҳужжатларида номувофиқликлар кузатилади, ҳатто қонун талабларига зид бўлган талаблар ҳам белгиланганлигига дуч келамиз. Хабарингиз бор, “Реклама тўғрисида”ги Қонунга ўзгариш киритилганлигига кўп бўлгани йўқ, бу ҳам, ўз навбатида, ўзбек тилини давлат тили сифатида нуфузини янада оширишдаги яна бир қадам бўлди. Аммо узоқ йиллардан буён барча рекламалар, реклама берувчининг хоҳиш-истагига мос равишда хоҳлаган тилида бериш кўникмаси шаклланган бўлса, янги таҳрирдаги қонуннинг талабларини кенг жамоатчиликка тушунтиришда ҳам ўзига яраша муаммоларга дуч келинди. Жойларда олиб борилаётган ўрганиш ва тушунтириш ишларида, қонун талаблари ижросини таъминлашда бир мунча қийинчиликларга ҳам дуч келиш ҳолатлари кузатилади. Сабаби, ўз фаолиятини йўлга қўйиб, аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорнинг ишлаб чиқариш фаолиятига аралашмаган ҳолда, унинг “Тадбиркорлик ва тадбиркорлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини камситмаган ҳолда иш олиб бориш лозим бўлади.
Ҳокимлик қарори билан ишчи гуруҳлари тузилиб, тегишли ташкилот ва бошқармалар масъуллари бириктирилган ҳолда жойларда, аҳоли гавжум мавзеларда ўрганиш ишлари мунтазам олиб борилиши йўлга қўйилган. Ўрганишлар натижасида тадбиркорлик субъектларига, савдо дўконлари, кафе-ресторанлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаларига пештоқидаги ёзувлар, эълон ва ахборотларни “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига зид эканлиги борасида тушунтириш ишларини олиб бориш билан бир қаторда, уларга огоҳлантириш хатлари ҳам тақдим этилади. Аксарият ҳолларда ушбу тушунтириш ва огоҳлантиришларимизни тўғри тушунган ҳолда ташқи ёзувларда кузатилган камчилик ва хатоликларни тадбиркорлар ўзларининг ташаббуслари билан бартараф этишади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бундай ҳолатларни ўз вақтида бартараф этишни хоҳламайдиганлар ҳам учраб туради. Уларга қайта-қайта мурожаат қилишимизга тўғри келади. Бу борадаги камчилик ва хатоликлар қайд этилган тақдирда, уни бартараф этмаган шахсларга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган чораларни қатъий тартибга солиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг апрель ойида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти қайта ташкил этилди. Ўйлаймизки, бу борадаги ишларимизни янги босқичга кўтариш, ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини янада ошириш ҳамда фаолиятимизни янада кенгайтириш имконини беради. Бу эса кўплаб ўз ечимини кутаётган масалаларга ечим бўлади.
Шоҳида Зуфарова суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *