Тақдирингизда бўлса албатта саҳнага қайтасиз

Театр – ибратхона! Беҳбудийнинг ушбу сўзи ҳамон ўз кучида. Саҳнадаги ҳар бир чиқиш, ҳар бир ижро, ҳар бир детал ибрат учун хизмат қилиши шарт.
Пойтахтимиздаги Ёш томошабинлар театри ибрат борасида ҳар қанча эътироф этгулик. Шамсиқамар Мансурова. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Умрининг эллик йилини саҳнага бағишлаган аёл. Ҳаётини болалар билан баҳам кўрган актриса!

– Шамсиқамар опа, нимага айнан Ёш томошабинлар театрини танлагансиз?
– Биласизми, мен бу даргоҳга келганимда ёш эдим, навқирон эдим. Бу саҳнада ёшлигим ўтди. Ижодим шу саҳнага боғланганидан пушаймон эмасман. Тўғри, Миллий театр бошқача жарангдор, аммо менинг меҳрим шу театримга тушди. Турли роллар ўйнадим, образларим билан болалар қалбига яхшилик уруғини қададим. Баъзида кўчада “биз сизни болалигимиздан биламиз”, дейишса хурсанд бўламан. Бир неча йиллар илгари театримизга бир раҳбар адашиб келиб қолди ва мен, мен каби ёши улуғ санъаткорларни нафақага кетишимизни айтди. Титраб кетдим. “Наҳотки менинг театрдаги ҳаётим шундай якунланса”, деган аламли ўйлар исканжасида қолдим… Директорнинг олдидан жуда тушкун аҳволда чиқдим, аммо ҳеч кимга сездирмадим. Хонамга кириб буюмларимни олдим, хонам билан видолашдим… Кўчага чиқсам шамол, хазонлар одамларнинг оёқ остиларида сарсон… Ўзимни ўша хазонларга ўхшатдим… Уйга бордим, бошқа бардошим етмади, дод солиб йиғладим… Мен театрсиз азобда қолгандим. Табиатан изтиробларимни, дардларимни бировларга билдиргим келмайди. Уйимдагилар келиб қолмасин дея дарҳол ўзимга келдим ва бирданига хаёлимга “театрга керак бўлмасам уйимга, оиламга, умр йўлдошимга керакман-ку”, деган фикр келди. Юрагимнинг бир чети ёришди… Шу пайт телефон жиринглади. Олсам театрдан… “Қаердасиз? Нега дарров кетиб қолдингиз? Тез театрга етиб келинг, раҳбарият жиддий ўйлаб кўрди, сизларни бўшатмайдиган бўлди, сизлар театрга кераксиз”, дейишди. Кўнглимда қуёш порлади. Аммо ўша куни театрга боришга кучим йўқ эди. Эртасига бордим… ва яна ишда давом этдик. Ўша воқеа мен ва мен каби тенгқурларимга жуда оғир ботганди. Кўраяпсизми, биз шу қадар театримизни севамиз…
– Санъат одамларига кўпчиликнинг ҳаваси келади… Ташқаридан қараганда, артист доим эътиборда, ўзларига қараб, юзларида табассум билан юради, ташвишлари йўқдек кўринади… Лекин саҳна орти машаққатларини санъаткорнинг ўзи билади…
– Тўғри, томошабин кўзида жуда ҳавас қилгулик ҳаёт… Аммо саҳнада туришнинг машаққати оз эмас. Аслида ҳамма касбнинг ўзига хос паст-баландликлари, мураккабликлари бор. Қайси касбда бўлишингиздан қатъий назар шаънингизга доғ туширмаслигингиз керак. Айниқса, санъатда бу жуда муҳим. Йиллар ўтиб фарзандларингизга доғ бўлмаслиги лозим. “Ҳа, ўша артистнинг боласида”, деган таъналардан қўрққанман. Ёшлик ўтиб кетади, сен умрингнинг кейинги фаслига фаросатинг, ҳулқинг ва маданиятинг билан ўтишга мажбурсан. “Баҳор қайтмайди” видеофильмидаги Клара образи орқали бир кунда машҳур бўлганман. Лекин айнан мана шу образим учун оилам олдида жавоб беришимга ҳам тўғри келган. Умр йўлдошим ўша асар намойишидан кейин менга санъатда ишлашни таъқиқлади. Саҳнадан, экрандан кетишимни талаб қилди. Мен икки ўт орасида қолдим… Санъатни севардим, аммо мен оилани танладим… Икки йил давомида турмуш ўртоғимнинг қарорига бир марта ҳам қарши чиқмадим. Лекин телевидение орқали бериладиган новеллаларда ҳамкасбларимни кўриб, панада йиғлаб олганларим эсимда… Бир оғиз санъат ҳақида гапиролмасдим. Чунки менинг ижодимга катта нуқта қўйилганди. Аммо бир куни менга умр йўлдошининг ўзи: “Эртага театрга ўтинг, ишлари бор экан сизда” деб қолди. Борсам кутилмаган хабар айтишди. Турмуш ўртоғим ўша пайтдаги Маданият вазирлигига бориб мени яна Ёш томошабинлар театрига аввалгидек актриса сифатида ишга олишларини сўрабди менинг сабримни синовдан ўтказганми ёки менинг сенъатга бўлган меҳримни ҳурмат қилганми билмасдим, билганим мен яна саҳнага қайтганим эди. Ҳозир санъаткор бўламан, деб, битта сериалда рол ўйнайман деб оиласини бузиб юбораётганларни эшитсам хафа бўламан. Аёл киши учун оила муқаддас уни, сақлаб қолиши керак. Сабр билан, ақлу-фаросат билан иш қилинг. Агар тақдирингизда бўлса албатта сиз яна саҳнага, экранга қайтасиз.
– Армонлар борми?
– Билмасам, жуда армонларда қолиб кетганман деб айта олмайман. Шукр, театрда, экранларда ўзим истаган катта-кичик ролларни ижро этдим. Озми-кўпми мухлисларим бор. Лекин шу рол менинг армоним деб куймайман. У ҳаёт-мамот масаласи эмас мен учун. Лекин бир пайтлар мен ҳеч қачон унвон олмасам керак, деб ўйлардим. Қаранг, тақдиримда бор экан, у ҳам насиб қилди…
– Нега шундай ўйлагансиз? Бирон-бир сабаби борми?
– Билмасам, баъзида пул бериш керак экан, деган гапларни эшитиб қолардим. Шунинг учун балки шундай ўйлагандирман. Эрим ҳам, мен ҳам ойликни кутиб яшардик, ортиқча йиққанимиз, беркитганимиз бўлмаганлиги учун умид қилмасмидим… Аммо яна вақт менга бир ҳақиқатни исботлади. Меҳнат қилсангиз, сидқидилдан излансангиз албатта қадрлашади, эътиборга олишади. Бугун мана унвон ҳам бор, эътибордамиз, севимли ишимни қилаяпман…. Бу кунлар учун шукр қилмасам гуноҳ бўлади.
– Оғирроқ савол бераман: энди театрдан кетишга тайёрмисиз?
– (ўйланиб) кетиш фурсатлари келса истасак ҳам қололмаймиз. Аммо ҳали қўлимдан иш келади, ўзимга,ёшимга мос ролларим бор. Оёқ-қўлим чаққон, тилим бурро… бир сўз билан айтганда саҳнада ишлай оламан… лекин қачондир кетиш кераклигини биламан. Фақат кўнглим бу ҳақиқатни қабул қилгиси келмайди.
– Шамсиқамар опа, савол учун узр сўрайман. Аммо шу ўринда ўз мулоҳазаларимни айтсам, театрга, экранга умуман санъатга тажриба сув ва ҳаводек зарур. Устозларнинг йўллари, уларнинг панду-насиҳатлари, ўрнак бўлишлари фақат фойдага ишлайди. Дунё киносида, театрида Сиз ва сизнинг тенгқурларингиз учун алоҳида сценарийлар ёзилади, фильмлар суратга олинади. Умид қиламанки, бизнинг режиссёрлар ҳам устозлар учун алоҳида асарлар яратади. Саломат бўлинг.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *