Etno and modern fashion week — 2023

Шу йил 12-13-май кунлари Шаҳрисабз шаҳрида “Etno and modern fashion week” – “Миллий ва замонавий мода ҳафтаси” халқаро фестивали ўтказилди.
Маданият ва туризм вазирлиги, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан вилоят бўйлаб фестиваль ҳамда этноспорт ўйинлари, гастрономик фестиваль, миллий ҳунармандчилик ва заргарлик ярмаркаси ташкил этилди. Тадбир муносабати билан бутун дунёдан машҳур дизайнерлар ва маҳаллий, хорижий ОАВ вакиллари воҳада жамланди. Фестивалдан олдин журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилиб, дунёга машҳур “Омар Мансоор” бренди асосчиси Омар Мансур, “Lady Chicparis” бренди асосчиси франциялик Лопез Артега, Х8 бренди асосчиси кореялик Ли Вонкванг, шунингдек, Малайзия, Хитой, Монголия, Россия, Қозоғистон сингари мамлакатларнинг мода ва дизайн оламининг намоёндалари йиғилганларга ўз фаолиятлари, фестивалдан нималар кутаётганликлари ҳақида сўзлаб беришди.
Фестивалнинг айнан Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилишидан мақсад хорижлик сайёҳларни мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини намоён этиш эди.


— Шаҳримизда ўтказилган илмий-амалий конференция, фестивал ва бошқа тадбирлар муҳтарам юртбошимиз томонидан қадимий Шаҳрисабзнинг қарийб 2700 йиллик бой тарихи, бу ерда 18 дан ортиқ ЮНEСКО рўйхатига киритилган обидаларнинг мавжудлиги инобатга олинган ҳолда ўтказилмоқда — дейди, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов. – Бундай тадбирларнинг қайси ҳудудда бўлмасин ўтказилиши, туризмни ривожлантириш, хизматлар кўламини кенгайтириш, пировард натижада янги иш ўринлари яратилиши билан бирга, бой тарихимизни бутун дунёга танитиш учун ҳам қулай имкониятдир. Шаҳрисабз халқи қадимдан ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган. Шаҳардаги маҳаллалар Заргарлик, Кулоллик каби миллий ҳунармандчилик номлари билан аталиши ҳам бундан далолат. Бизнинг асосий мақсадимиз сақланиб қолган миллий маданиятимизнизамонавий руҳда уйғунлаштириб кенг жамоатчиликка эълон қилиш”.


Теле ва радио бошловчи Насриддин Асриддинов:
11 май куни фестиваль муносабати билан Шаҳрисабз шаҳри томон йўлга чиққан бўлсакда, биз билан хорижий вакиллар бўлганлиги сабабли қадимий Самарқанд шаҳрига ҳам ташриф буюрдик. Қадимий ва навқирон Самарқанддан чиқиб яшил шаҳарга етиб келдик. Фестивал кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Иш бор жойда камчилик бўлиши табиий. Тадбирнинг энг катта ютуқларидан бири – бу ёш дизайнерларнинг кўплаб чиқишлари бўлди. Бундай фестиваллар ёшларга мотивация беради, ўз ишларини кенг оммага намойиш қила олиш учун яхши имконият. Миллий матоларимиздан тикилган ўзига хос либослар орқали ёшларимиз халқаро “подиумларни” забт этса ажаб эмас. Бундай фестиваллар фақатгина мода соҳасида эмас, бошқа жабҳаларда ҳам ўтказилишини хоҳлардим. Фақат таниқли инсонларнинг ишлари бўйича эмас ёшлар учун уларнинг фаолиятларини муносиб кўрсатиб бера оладиган тадбирлар бизга керак.


“Lady Chicparis” бренди асосчиси Лопез Артега (Франция):
– Ўзбекистон мендга жуда катта таассурот қолдирди. Айниқса, бу юртнинг тарихи, маданияти ва ҳунармандчилиги ҳайратлантирди. Тўғриси мамлакатингиз, айниқса, Шаҳрисабзни бундай гўзал шаҳар деб тасаввур қилмагандим. Буларни кўриб, умуман бошқача тасаввурга эга бўлдим. Ўзим Франциядаги «Lady-Paris» бренди вакиласиман. Нафақат Ўзбекистон, қолаверса, бошқа давлатлардаги модельерлар билан фикр алмашиш фаолиятимга янги саҳифа ва йўналишлар очди десам, муболаға бўлмайди


“Омар Мансоор” бренди асосчиси Омар Мансур (Буюк Британия):
– Мен Буюк Британиядан бу фестивал учун ташриф буюрдим. Бу ерда ўзбек ёшларининг фаол иштироки мени жуда хурсанд қилди. Маҳаллий дизайнерларнинг ишларида замонавийлик билан миллийликнинг гўзал уйғунлигини кўряпман. Бу албатта таҳсинга сазовор. Мода ҳафталиги ёш ижодкорларнинг фаолиятида муҳим роль ўйнайди, деб ўйлайман. Мен бу фестивалга келганимдан мамнунман.


Тадбир ҳақиқатдан ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди. Лекин, ташкилий ишларда йўл қўйилган баъзи хатоликлар устида албатта ўйлаб кўриш керак, деб ҳисоблаймиз. Тарихий обидаларнинг қоқ устида мушакларнинг отилиши унга зарар етказмай қўймайди. “Тантанани тантана қиладиган мушакбозликда” дерсиз. Бироқ бу ишни сал нарироқда ҳам қилиш мумкин. Мени анчадан бери ўйлантирадиган яна бир масала бор. Нега тадбирлар ўтказсак, маҳаллий аҳоли кирмаслиги учун атрофини тўсиқлар билан ўраб қўямиз? Меҳмонларга мумкин, мезбонлар-чи? Мақсад: тартибсизлик келиб чиқишининг олдини олишми? Аммо, халқ учун қилинган тадбирда, уларга ҳам томоша қилиш учун имконият яратилиши керак. Одамлар тўпланиши ҳалақит қилмайдиган жойларда ўтказиш ҳам мумкинку.
Хулоса қилиб айтганда, бундай фестиваллар ёш авлоднинг иқтидорини очиб бериш юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни янада мустаҳкамлаш учун керак. Халққа маданий ҳордиқ учун керак. Тўйлар ярашадиган жонажон Ватанимизда ўтказиладиган ҳар бир тадбир у ерга ташриф буюрувчининг бир умр эсида қолади. Жаннатмонанд табиат ва ҳеч қаерда такрорланмайдиган ўзгача миллий урф-одатларимиз жаҳонга кўз-кўз қилишга арзийди.
Умида Ҳақбердиева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *