Сўнгги қўнғироқ!

Мактаб даврини ўзгача ҳаяжон, энтикиш билан эсламайдиган инсон бўлмаса керак. Ахир мактаб – бу болалик, беғуборлик демакдир.

Бугун юртимиздаги барча ўрта таълим муассасаларида сўнгги қўнғироқ садолари остида битирувчилар қадрдон мактаблари, жонажон устозлари билан хайрлашдилар…
Мактаб – умрнинг энг ёрқин хотираларга бой қисми. Энг яқин дўстларни орттирадиган, илк ва соф муҳаббатни ҳис қилишга имкон берадиган палла. Ота-оналар фарзандларини билим олиш учун мактабга жўнатишади, бироқ, мактаб уларга юқоридаги каби туйғуларни ҳам туҳфа этади. Бизга ўқиш ва ёзишни ўргатган, оқ-қорани танитган илк устозларимиз эса бир умр ёдимизда ва қалбимизда қолади.
Битирув куни мактабни мадҳ этувчи қўшиқлар 2-3 дақиқа давомида бутун мактаб хотираларини ёдимизга солади. Улғайганимиз, катта ҳаётга яна бир қадам ташлаш вақти келгани хаёлларимизнинг бир чеккасидан ўта бошлайди. Кимлардир мактабни ҳали тарк этмасдан ўзи ўтирган қадрдон партасини соғина бошласа, яна кимдир авваллари мактабдан қочиб кирмаган дарс соатларини, бир хонада жам бўлиб ўтирган синфдошларини қумсайди. Олийгоҳдаги беш баҳолар ҳам кундаликка қўйилган баҳонинг гаштини боса олмайди гоҳида.
– Бу йил республикамиз бўйича 391 568 нафар битирувчи мактабни тамомламоқда, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Лайло Рустамова. – 2023-2024 ўқув йилида 1-синфга 732 минг нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.
– Тадбирга фақат 1-, 4-, 9-, 11-синфлар жалб қилиниши ҳақидаги хабарлар ростми?
– Мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади. Тадбирда мактабдаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда бошқа синфлар ҳам иштирок этиши мумкин. Айрим мактабларда ўқувчилар сони кўп бўлгани боис мактаб ҳудудини ҳисобга олган ҳолда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида битирувчи синф ўқувчилари иштирок этиши тавсия этилди.
– Якуний имтиҳонлар қайси синфларга нечта фандан тақсимланди? Бунда қайси жиҳатларга эътибор қаратилади?
– Жорий йилда мактаб ўқувчиларининг якуний имтиҳонларида креатив ва мантиқий фикрлашга йўналтирилган топшириқлардан фойдаланилади. Шу йилнинг май ва июнь ойларида мактаб ўқувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари бўлиб ўтади. 9-синф ўқувчилари учун жисмоний тарбия фанидан имтиҳонлар жорий йилнинг 1-6 май кунлари ўтказилди. Шунингдек, 9- ва 11-синфлар учун якуний (битирув) назорат имтиҳонлари жорий йилнинг 26 майидан 15 июнига қадар ўтказилади. Умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификат ҳамда чет тили фанлари бўйича камида B1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар имтиҳонларда муайян фандан озод этилади. Имтиҳон топшириладиган фанлар ва бошқа саволларга жавобни вазирлик расмий сайтидан ҳам олиш мумкин.


Дилшод Каттабеков, актёр:
– 1997 йил пойтахтимизда жойлашган Успенский номидаги мусиқа мактабига қабул қилинганман. 5-синфга қадар жуда яхши ўқиганман. Ҳатто 3-синфдан 5-синфга “сакраганман”. Анчагина иқтидорли ўқувчилардан эдим. Мени алоҳида индивидуал тарзда ўқитишарди. Чунки, мактабга келгунимга қадар катта саҳналарни кўрган, давлат тадбирларида иштирок этиб юрган бола эдим. Биринчи Президентимиз қўлларида кўтарган бола деб, 5-синфга қадар индивидуал ўқитишган. 5-синфдан кейин умумий ҳамма билан ўқиганман. Актриса Зарина Низомиддинова билан синфдош бўлганмиз.
“Кичкина табиб” фильмидан сўнг “Киночилар уйи” директори мени ёқтириб қолган ва: “сен учун ҳамиша эшигимиз очиқ, хоҳлаган пайтинг келиб кино кўришинг мумкин”, дегандилар. Мактабдан чиқиб дўстларим билан бориб, бизга ёққан, истаган фильмларни кўрардик.
– Энг яқин дўстларингизни мактабда орттирганмисиз ёки санъатда?
– Энг яқин дўст деб синфдошни ҳам, курсдош-у касбдошни ҳам айтиб бўлмайди. Энг яқин ва содиқ дўст бу – ота-она. Қолганлари маълум бир вақт дўст бўла олади.
– Устозларингиз…
– Устозларимнинг барчаси яхши инсонлар. Кино, концертлар учун устозларимга таклифномалар олиб келиб берардим. Хурсанд бўлишарди. Лекин охирида имтиҳонларимни ҳам аъло баҳоларга ёпиб олардим (кулади).
– “Кичкина табиб”даги образингиз характерига хос характер реал ҳаётда (мактабда) ҳам бўлганми?
– Йўқ мен анчагина оғирроқ эдим. Баъзи болаларга ўхшаб ўйинқароқ, шумтака, қизларнинг сочидан тортиб, устозларнинг асабига тегадиган ўқувчи бўлмаганман. Мактабга боргунимга қадар танилиб улгурганим учун ҳам, ўзимни яхши тутишга мажбур эдим. Чунки қилаётган ҳар бир ҳаракатим эртага ўзимга зарар келтириши мумкин. Яхши ҳулқим, билимим билан ҳурмат қозонганман.
– Мактаб даврингиздан айнан нималарни соғинасиз?
– Ўйинқароқ пайтларимиз, чанг тўзонда мактаб стадионида футбол ўйнаганларимизни соғинаман. Футболга ихлосимиз катта эди. Тошлардан, сумкаларимиздан дарвоза ясаб, ҳатто теннис тўпида ҳам футбол ўйнаганмиз. Бу онлар ҳеч қачон эсдан чиқмайди.


Карен Гафуржанов, хонанда ва бошловчи:
– Онам қўлимдан ушлаб, оппоққина кийинтириб, 1981 йилда биринчи синфга олиб борганлар. Ҳаяжондан кўра қўрқув кўпроқ бўлган. 1991 йилда мактабни битирганмиз.
– Илк устозингиз, устозлар билан боғлиқ ва бошқа мактаб хотиралари ҳақида гапириб беринг?
– Тамара опа, Мая Васильевна, Рашид Робертович, Наиль Усманович, Татьяна Васильевналар менинг илк устозларим эди. Афсуски, барчасини санаб ўтиш учун ҳозир хотирам панд беради, лекин барчаларидан бугун миннатдорман. Жуда шўх бола бўлганман, шунга қарамай устозларимизнинг бизларга бўлган меҳри ва алоҳида эътиборини доим ҳис қилиб турганмиз. Хотираларим ҳақида гапирсам, китоб бўлади, лекин юқорида айтганимдек, жуда қувноқ бола бўлганим аниқ. Мактабдаги бирор тадбир менинг сценарийимсиз ёки иштирокимсиз ўтмасди, очиғини айтсам ўғил болача ишкаллар ҳам. Бизнинг даврда бу мода эди (кулади).
– Илк муҳаббатингизни эслай оласизми?
– Илк муҳаббатларим ҳақида гапирсам бўладими? Чунки, мен севсам доим худди ҳеч қачон бунчалик қаттиқ севмагандек ҳис қилардим ўзимни (кулади). Адашмасам, 5-синфда параллель синфдаги қизни ёқтириб қолганман. Бироқ, қандай танишишни билмасдим. Бир куни, дўстларим билан тил бириктириб, у доим уйга қайтадиган йўл четида уни кутганмиз. Келишувга кўра, синфдошларим унга гап отиб, йўлини тўсиши, мен эса унинг ҳимоячиси бўлиб болалар билан уришишим керак эди. Лекин, ўзиям уч ёки тўрт соатлар кутганмиз, келмаган. Кейин билсак у ўша куни вақтли уйга кетган экан, мен эса уйга кеч келганимдан онамдан дакки эшитганман, роса алам қилганидан севгим ҳам қочиб кетган (кулади). Аммо, сиз сўрадингиз, айтмасам бўлмайди. Карен Гафуржанов тарихида қолган мактаб даврларидаги чин севгиси бўлган албатта. У қиз бугун чиройли оиланинг бекаси, уч фарзанднинг онаси. Унга атаб қўшиқ ҳам куйлаганман, мухлисларим ва яқинларим яхши билишади.
– Айни дамдаги энг яқин дўстларингизни мактабда орттирганмисиз ёки санъатда?
– Ёш улғайган сари яқин дўстлар давраси ҳам улғайиб, сараланиб борар экан. Бироқ, ҳозирги энг яқин дўстларим даврасида синфдошларим ҳам борлигидан жуда хурсандман. Улардан бирини сиз ва барча мухлисларимиз яхши танийди, “Анор” гуруҳида ҳам бирга куйлаганмиз. Ёдингизда бўлса 4 та йигитнинг бири “сариқ бола” бўлиб юрарди. Исми Артур, эсладингизми? Бугун ўша шаддод ва қувноқ йигит катта адвокат, лекин ҳар кўришганимизда ёшликдаги Карен ва Артур каби узоқ суҳбатлашиб ўтирамиз. Қолган яқинларимни ҳам кўпчилик билади, улар ҳам санъатдаги одамлар. “Санъатда дўстлик бўлмайди” деган гапга қўшилмайман. “Шарқ” гуруҳидаги Сарвар Акбаров, “Фано” гуруҳининг йигитлари, Нилуфар Сотиболдиева, Севара Назархон ва бошқалар, уларни бирма-бир санай бошласам саҳифангиз етмайди, лекин, уларнинг бари менинг яқинларим ва ҳар бирини алоҳида қадрлайман. Барчага, чин дилдан ҳаётда менинг дўстларим каби дўстлари, яқинлари бўлишини тилаб қоламан. Чунки, улар билан ўтган ҳар бир даврнинг ўз гашти ва завқи барибир бошқача.


Дилноза Кубаева, “Шуҳрат” медали соҳиби, актриса:
– Мен 1-синфга 1993 йили қабул қилинганман. Мактабга илк бор қадам қўйганимда ҳеч нарсани тушунмас эдим, ҳали танишиб улгурмаган тенгқурлар, янги ўқитувчилар ва янги мактаб биноси. Барчаси мен учун янги эди. Гўёки, янги бир оламга тушиб қолгандек эдим. Илк синфга кирганимда юракларим тез-тез ура бошлаган ва мактаб ҳовлисидан эшитилаётган қўшиқ ўйларимга далда бўлган. Мактаб ҳаёти мен учун янгилик эди гўё. Ҳар куни янгидан-янги нарсалар ўрганар эдим. Аста-секин муҳитга кўника бошладим. Ўқитувчиларимиз сабрли ва хушмуомала инсонлар эди. Доимо бизнинг ўзаро фикрлашимизни қўллаб-қувватлашди. Шу зайлда билим олишда давом этдик. Бир пастда 11 йил ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди ва мен 2003 йил мактабни тамомладим.
– Мактабни, синфдошларни эслатувчи қандай ёрқин хотираларингиз бор?
– Синфдошларимни эслайдиган бўлсам, улардан фақат ва фақат яхши жиҳатларни ўргандим. Мактабни эслаганимда доимо бир нарса хаёлимга келади. Ўша дамлар ҳуснихатим чиройли эмас эди. Қиз бола синфдошларим орасида чиройли ҳуснихат эгалари бор эди. Уларга ҳавас қилардим ва астойдил ҳаракат қилиб ҳуснихатимни бир оз бўлса-да чиройли қилишга эришдим. Аниқ фанларга келадиган бўлсак, қанча ҳаракат қилмайин яхши ўзлаштира олмадим. Аниқ эсимда, синфдошларим Ҳосият, Ирода, Наргизалар мураккаб математик масала-ю, тенгламаларни кўз юмиб ишлаб ташлашарди. Биз эса улардан кўчирар эдик. Шу ўринда айтиб ўтишим жоизки, уларни жуда кўп эслайман.
– Сиз энг зўр деб ҳисоблаган устозингиз борми?
– Ўрта мактабдаги устозим Тен Белла Алексеевнадан кўп нарсани ўрганганман. Улар бизни пешқадам, интизомли ўқувчи бўлишимизга ҳар доим ундарди, синфдошлар ўртасида аҳилликни сақлаш, табиатни авайлаш, мактаб ва синфхонани ўз уйимиздек озода тутишимиз кераклиги борасида жуда талабчан эди. Санъат мактабида таълим берган яна бир устозим Баҳодир Назаровнинг бизга берган ҳаётий ўгитлари, санъат сирлари сабоқлари, шеърий асарлар таҳлили, саҳна маданияти-ю одоби, актёрлик маҳорати дарслари менга жуда асқотади. Шу ўринда, улардан бутун умр миннатдор эканлигимни айтиб ўтмоқчиман.
– Атрофингиздаги сиз ишонган дўстларингизни мактабдан орттирганмисиз ёки санъатда?
– Тўғрисини тан олиш керак атрофимда дўстларим кўп эмас. Менинг ишонган, энг яқин дўстим – бу оилам.
– Мактаб пайтига қайтгингиз келадими?
– Қайтгим келмайди. Мен доим олдинга қадам босишни хуш кўраман. Ортга қайтиб ниманидир тўғрилаш ёки ўзгартириш каби фикрлардан йироқман. Асосийси, бўлиб ўтган ишлардан ўзим учун керакли хулоса чиқариб, хатоларни қайтармасликка интиламан.
Миржалол МАҲКАМОВ ва Дилнура МАМАСАФОЕВА
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *