Руфат Рисқиев – “Тошкент йўлбарси”

Рисқиев Руфат Асадович (2.10.1949 й., Тошкент ш.) — боксчи, хизмат кўрсатган спортчи (1974 й.), 75 кг. вазн тоифасида жаҳон чемпиони (1974 й., Гавана), Олимпиада кумуш медали совриндори (1976 й., Монреаль). Австрия, Болгария, Венгрия, Польша, Чехословакия, Югославияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби (1969-1976 й.), Куба очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони (1973 й., 1974 й.), Ўзбекистон жисмоний тарбия институтини тугатган (1977 й.). «Динамо» спорт жамиятида йўриқчи (1967-1977 й.), Тошкент политехника институтида кафедра мудири (1977-1979 й.), Республика олимпия ўринбосарлари билим юртида мураббий (1979-1984 й.). Рисқиев боксчи ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Рингга чақирилади» (1979 й.) бадиий фильмида бош ролни ижро этган. 1999 йилдан Тошкентда Рисқиев соврини учун ўспиринлар ўртасида бокс мусобақалари ўтказилади. Мустақиллик йилларида «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

– Руфат ака, сиз Ўзбекистоннинг афсонавий боксчисисиз ва сизни бежизга “Тошкент йўлбарси” деб аташмаган. Илк маротаба сизга бу номни қачон беришган?
– Мени 1973 йилда Кубага очиқ чемпионатга юборишган. Бу чемпионат жаҳон чемпионатидан 3-4 ой аввал бўлиб ўтган. Куба очиқ чемпионатида рақибимни нокаут билан ютдим. Шунда мени ўша пайтдаги мамлакат президенти Фидель Кастро табриклаган. Орадан уч ой ўтганидан сўнг яна келиб 1-раундда канадалик боксчини нокаут билан мағлуб этганман. Шундан сўнг мени “Тошкент йўлбарси” номи билан атай бошлашган.
– Жанг вақтида нималарга аҳамият қаратардингиз?
– Жангда рақибимни ўрганардим. Кўзларига қарардим, ҳаяжонланяптими ёки йўқми, бўйи: баландми ёки пастми, оёқ-қўллари семизми ёки озғинми, узунми ёки калтароқми… Шуларга қараб у билан қандай бокс тушиш бўйича хулоса чиқарардим. Бундан ташқари, мен тўхтовсиз зарба берардим. У бундан ғазабланиб, ақлини йўқотарди. Мен бундан фойдаланиб, рақибимни мағлуб этардим.
– Руфат ака, бундай техникани қаердан ўргангансиз, умуман боксдаги фаолиятингиз қандай бошланган?
– Аввалига 5-6 нафар дўстим билан акробатикага борганмиз. Тўғриси, менга ёқмаган, аммо барибир борганман. Кейинчалик дўстларим акробатикага бормай қўйишди, мен эса боришда давом этгандим. Кейин дўстларим бокс билан шуғулланиш учун ўша пайтдаги машҳур мураббий Сидней Львович Жексонга боришди. Мен ҳам улар билан бордим. Ва бокс менга ёқиб қолди.
– Мактаб ўқувчиси бирор-бир спорт билан шуғулланиши учун унинг баҳолари яхши бўлиши керак эди…
– Тўғриси, мактабда яхши ўқимаганман. Математика ва адабиётдан яхши ўқирдим, аммо бошқа фанлардан ўзлаштиришим пастроқ эди. Ҳатто бир куни акам: “Агар яхши ўқимасанг, боксга бормайсан”, деб тақиқ қўйган. Шунда мен: “Бормасам, бормайман!”, деб жаҳл қилиб боксга бормай қўйганман. Онам боксга бормай қўйганимни эшитиб, ёнимга келиб: “Нега боксга бормаяпсан?”, деб сўраган. Мен бўлсам қайсарлик билан: “Бормайман!”, деб айтганман. Онам: “Болам сени отанг йўқ, агар сен боксга бормасанг кучли бўлмайсан, унда бизни ким ҳимоя қилади”, деб айтган. Шундан сўнг яна боксга боришни бошлаганман.
– Ота-онангиз ҳақида гапириб берсангиз. Улар қандай инсонлар бўлишган?
– Отам 1954 йилда оламдан ўтган. Жарроҳ бўлган. Ўша йиллари жуда қийин вақтлар эди. Онажоним эрталаб кетиб, кечқурун келарди. Уйда бор нонни ердик-да, кейин онамни кутиб ўтирардик. Ҳаммамизга овқат олиб келарди. Мана шундай қилиб катта бўлганмиз. Онам жангларимни кўролмасди. Келганимдан кейин: “Болам яхши бориб келдингми, ютдингми?”, деб сўрарди. “Яхшиман она, 1-ўринни олдим”, десам, “Ишқилиб рақибингни қаттиқроқ урмадингми?”, деб сўрарди. “Бу нима деганингиз она”, десам, “Уни ҳам онаси бор-да”, деб қўярдилар.
– Боксчи бўлиш, умуман чемпион бўлиш қийинми?
– (Кулади). Осон нарсанинг ўзи борми? Ҳар бир касбнинг ўзига яраша машаққати бор. Жаҳон чемпионатида иккала қўлим ҳам синган эди. Биринчи учрашувни нокаут билан ютганман, иккинчи учрашувда ўнг қўлимни, учинчисида эса чап қўлимни синдирганман. Тўртинчи раундгача синган қўлим билан жанг қилганман.
– Ахир синган қўл оғрийдику, қандай қилиб бундай оғриққа дош бергансиз?
– (Кулади). Чунки, паспортимнинг “жинси” деб ёзилган жойига “эркак” деб ёзиб қўйилган.
– Биз Руфат Рисқиевни Жаҳон чемпиони, бокс устаси сифатида яхши биламиз, аммо у оилада қандай?


– Турмуш ўртоғим билан 1977 йилда танишиб, турмуш қурганмиз. Икки ўғлим, бир қизим бор. Ўша пайтларда 150 сўм ойлик олган бўлса, шуни 120 сўмини аёлимга берардим, қолган 30 сўмини харажатларим учун олиб қўярдим.
– Нима учун ўғилларингизнинг ҳеч бири сизнинг йўлингиздан боришмади?
– Русларда бир гап бор: “Табиат даҳолар фарзандларида дам олади”, деган. Фарзандларим ўзлари қизиққан соҳадан кетишди. Аммо набираларим боксга қизиқишади.
– Сиз Европа чемпионатига чиқолмагансиз, аммо Европада жанг қилган боксчиларни нокаут қилган экансиз…
– Ўша вақтларда Европа чемпионатига битта жамоа борарди. Менинг вазн тоифамда Лемешев, Тарасенко, Иоцавич ва Клеманов Европа чемпиони бўлган. Аммо шу тўртталасини ҳам мен рингда мағлуб қилганман. Лекин мени Европа чемпионатига олиб боришмаган.
– Демак, сизга нисбатан ноҳақликлар бўлган экан-да, нима учун?
– Чунки, мен москвалик эмасдим…
– Бугун жаҳон ареналарини забт этаётган боксчиларимиз ҳақида нима дея оласиз?
– Мен ҳозир бокс кўрмайман.
– Аммо Руслан Чагаевга мураббийлик қилган экансиз…
– Руслан олдимга келиб оғир зарба беришни ўргатишимни сўраган. Ўн кун давомида у билан шуғулланганман. Шундан сўнг Америкага кетган ва бир ойдан сўнг рингга чиқиб, рақибини нокаут билан ютган. Менга алам қилгани, ҳатто “раҳмат” ҳам демади. Менга ундан ҳеч қандай моддий рағбат керак эмас, у Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Аммо шунчаки, қўнғироқ қилиб, “раҳмат” деб айтганида хурсанд бўлардим.
– Нима учун ёшларга мураббийлик қилмайсиз? Ахир ёш боксчилар сиздан кўп нарса ўрганишлари мумкин.
– Йўқ, мен 17 йил бокс билан шуғулландим. Тўғриси, шундай вақтлар бўладики, бокс ҳақида эшитгим келмай қолади. Қайси даврага кирсам, бокс ҳақида гап бошлашади. Наҳотки мен билан гаплашиш учун боксдан бошқа мавзу бўлмаса?!
– Монреаль Олимпиадасида кумуш медаль олганингиз сизни қаттиқ ранжитган эди. Финалда америкалик Майкл Спискка ютқазиб қўйган эдингиз. Ўша вақтда нимадан ранжигансиз, ўзингизданми ёки бошқа бир сабаби борми?
– Чемпионатдан 3-4 ой аввал Тошкентда АҚШ–Ўзбекистон боксчиларининг учрашуви бўлган эди. Ҳозирги “Алпомиш” саройида Майклни уриб ташлаганман. Олимпиадаги мураббийим Борис Гранаткин бориши керак эди. Аммо Москвадан бошқа бир мураббий юборишган. Жанг пайтида мен унга ишондим, у эса менга нотўғри кўрсатма берди. Унга ишонганим менинг катта хатоим бўлган. Агар шу мураббийга ишонмасдан, ўзим ҳаракат қилганимда ҳам ютган бўлардим. Шу нарса менга алам қилади.
– Руфат Рисқиевнинг ҳаётий ҳақиқати нимада?
– Биласизми, онажоним доим: “Дўстга зор, душманга хор қилмасин”, деб дуо қилардилар. Дўстларимнинг қанчаси ўтиб кетди. Бир расм бор, у ерда терма жамоанинг 20 нафар спортчиси суратга тушганмиз. Ҳозир шулардан иккитамиз қолдик…
Ш.АБЗАЛОВА суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *