Ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашдаги асосий омил

Ёшларни тарбиялаш ва уларнинг маънавий баркамоллигини шакллантириш вазифаси бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Глобаллашув жараёни ва ушбу жараённинг салбий оқибатларидан бири бўлмиш оммавий маданиятнинг ёшлар онгига таъсири нуқтаи назаридан олиб қарасак, ақлан баркамол, маънан етук шахсларни етиштириш бирмунча масъулиятли ва жиддий вазифадир.
Инглиз файласуфи Френсис Беконнинг фикрига кўра: “Бола оиланинг қувончи, ота-онанинг кўмаги, жамиятнинг ҳаётий кучидир. Болалар туфайли ҳаёт янада ширин, ўлим эса унчалик даҳшатли кўринмайди”.


Аввало тарбия оиладан бошланади. Бироқ, ҳозирги ривожланиб келаётган техника асрида ёш авлоднинг таълим-тарбияси, ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши албатта мактабгача таълим муассасалари зиммасига тушиб қолмоқда. Бунинг яхши томони ишлайдиган ота-оналарга анча қулайлигидир. Ёмон томони шундаки, давлат муассасаларига аксар болалар ўз хоҳиши билан боравермайди. Бунга сабаб, айрим МТТларнинг яхши жиҳозланмагани ёки яхши кадрлар етишмаслигидадир. Бу қайсидир маънода болаларнинг эркалиги ҳамдир. Ростан ҳам бу шунчаки, болаларнинг эркалигими ёки муассасадаги муаммоларми?


Бу саволларимизга аниқ маълумот олиш мақсадида Бектемир туманида жойлашган “Зилола” номли 578-ДМТТга ташриф буюрдик.
“Зилола” номли 578-ДМТТ директори Маъмура Ёдгорова:


– Сиз раҳбарлик қилаётган таълим ташкилоти нечта ўринга мўлжаллангану, қанча бола тарбияланмоқда?
– Муассасамиз 490 ўринга мўлжалланган бўлиб, 14 та гуруҳимиз мавжуд. Ҳар бир гуруҳда 35 нафардан бола тарбияланади.
– Шу ўринда муассасанинг моддий-техника базасига тўхталиб ўтсангиз?
– Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари томонидан мактабгача таълимга катта эътибор қаратилганлиги сабабли моддий-техника базамизда камчиликлар йўқ. Деярли ҳар битта гуруҳимизда телевизор мавжуд. Шу билан бирга МТТ кўргазмали материаллар, спорт анжомлари, электрон доскалар ва турли ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, болаларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча қулай шароитлар яратилган. Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш мақсадида текширув комиссиясининг қарорига асосан бепул жойлаштирамиз. Муассасамизда 100 фоиздан 15 фоизи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ҳисобланади.
– Муассасадаги ходимлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Хусусан, неча нафар олий маълумотли тарбиячиларингиз бор?
– Умумий ҳисобда 47 нафар ишчи ходим фаолият юритиб, шулардан 25 нафари педагог ходим ҳисобланади. Улардан 11 нафари олий маълумотли, 7 нафари тугалланмаган олий.
– МТТда тартиб ва уни назорат қилиш қандай?
– МТТ бизнинг уйимиз. Унинг ҳар бир қисми биз учун аҳамиятли ҳисобланади. Шу сабабли биз тартибга жуда катта эътибор қаратамиз. Тартиб ҳақида гапирадиган бўлсам ҳар куни эрталаб болаларни навбатчи ходимлар қабул қилиб, ўз гуруҳларига жойлаштиришади. Болалар келишидан аввал хоналар тозаланади, нонуштага тайёргарлик кўрилади. Гуруҳлардаги давомат ва тозалик алоҳида текширилади. Ҳафта давомида турли хил машғулотлар ўтказилади. Бу эса болажонларнинг янада кўпроқ нарса ўрганишига ёрдам беради. Бизда ўзбек ва рус гуруҳлари мавжуд бўлиб, асосан ота-оналар рус гуруҳга болаларини беришни хоҳлашади. Шунга кўра болажонларнинг ҳам чет тилларига қизиқиши анча яхши.
– Маош масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз…
– Маош бизда ҳар бир ходимнинг даражасига қараб. Масалан хўжалик мудирасининг ойлиги 1 млн. 600 минг, ўрта махсус бўладиган бўлса 1 млн. 200 минг.
– Сир эмаски, сўнгги вақтларда интернет тармоқларида у ёки бу боғча хўжалик мудирасининг озиқ-овқат маҳсулотларини ўмараётгани акс этган видеолар тез-тез кўзга ташланмоқда. Сиз бунга қандай изоҳ берасиз?
– Халқимизда бир мақол бор: “Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон”. Ўйлашим-ча, ҳар бир инсон ўзи онгли равишда нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини тушуниб етиши керак. Биргина ташкилотнинг қилган иши бошқа ташкилотларда ҳам шундай эканлигини билдирмайди. Бу борада мен ходимларни қатъий назоратда ушлайман. Керак вақтда қаттиққўл, керагида уларни қўллаб-қувватлайман. Бу масалага диний ва дунёвий тарафлама қарасак, болаларнинг ҳаққи етти томонингдан тешиб чиқади. Ўғирлик билан топилган пулни баракаси бўлмайди.
– Таклиф ва фикрларингиз.
– Биринчи навбатда олий маълумотли педагогларимизнинг ойлиги оширилса яхши бўлар эди. Шунда кадрлар етишмовчилиги муаммоси ҳам ҳал бўларди. Сабаби, МТТ тарбиячисининг иши қийин, аммо маоши паст. Аксарият яхши кадрлар хусусий боғчаларга кетишмоқда. Сабаби, уларда ойлик бизга нисбатан анча юқори.
Ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда асосий ва муҳим омил бу аввало оила, сўнгра мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланади. Бугун улғаяётган ёш авлод эртанги келажагимиз эгаларидир. Буюк мутафаккир Имом Бухорий тарбия хусусида янада ёрқинроқ сўз айтган: «Боланинг табиати ривожланишга мойил бўлади, уни қандай ғоялар билан тўлдириш ота-онага ва устозга боғлиқ». Ҳар биримиз ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Зеро, бугун халқимизнинг «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» буюк мақсадига эришувида маънавияти юксак, баркамол инсонлар зарур.
ДИЛНУРА тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *