LOCATION: ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ДЕПАРТАМЕНТИ

Глобаллашув жараёнидаги ҳар бир ватандошда ўз ҳуқуқ-эркинликларини чуқур англаш ва улардан кези келганда фойдалана олиш қобилияти бўлиши шарт ва бу жамият тараққиётига бевосита таъсир қилади. Қонун устуворлиги таъминланиши ва қонунийлик мустаҳкамланиши барча соҳаларда ўсиш, ривожланиш бўлишига туртки бўлади. Шу мақсадда юртимизда мавжуд ташкилотлар фаолияти билан азиз муштарийларимизни таништиришни бошладик. Янги лойиҳамизнинг биринчи манзили – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти.


Тарихи:
Дастлаб 1992-йилда Ўзбекистон Республикасида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи илк ташкилот сифатида Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги тузилган. Айнан шу йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника қўмитаси ҳузурида Республика илмий-техника ва патент лицензия ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ундан бу идора Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилган. 2011 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Давлат патент идораси ва Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш вакиллиги бирлаштирилиб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк Агентлиги ташкил қилинди. 2019 йилгача ўз фаолиятини олиб борган Агентлик ва шу йилдан бошлаб Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк Агентлиги сифатида қайта ташкил қилинган. Юртимизда олиб борилган маъмурий ислоҳотлар натижасида 2022 йил март ойидан бошлаб Адлия вазирлиги марказий аппарат тизимида Интеллектуал мулк департаменти ҳозирги кунга қадар фаолият юритиб келмоқда.


Сардорбек Қиличев,
Адлия вазирлиги Интеллектуал мулкни рўйхатга олиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:

– Департаментнинг таркиби қандай?
– Департамент 2 та бошқармадан иборат:
Биринчиси, интеллектуал мулкни рўйхатга олиш ва ривожлантириш бошқармаси.
Иккинчиси, Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси.
Интеллектуал мулкнинг маълум бир турлари бор. Яъни, бевосита давлат томонидан рўйхатдан ўтказилгандан кейин интеллектуал мулк сифатида баҳоланадиган объектлар бор. Масалан, асосан илм-фан соҳасида бўладиган ихтиро, фойдали модел, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кенг қўлланиладиган саноат намуналари, Товар белгилари яъни бренд ва ҳакозо. Маълум бир интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш ёки бирор-бир расмиятчиликка амал қилиш талаб этилмайди. Мисол учун, муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқ объектлари яъни шеър, мусиқа.
– Аҳоли қандай ҳолларда департаментга мурожаат қилади?
– Бошқа бир шахснинг интеллектуал мулкидан фойдаланиш учун муаллифлик шартномаси, лицензия шартномаси каби шартномаларни рўйхатдан ўтказиш;
Интеллектуал мулк объектларининг эгаси уни бошқа шахслар номига ўтказиб берилганда давлат рўйхатидан ўтказиш.
– Интеллектуал мулкни давлат рўйхатига олиш тартиби қандай ва қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
– 1. Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш бевосита интеллектуал мулкни яратган шахснинг аризаси яъни талабномани Адлия вазирлигига онлайн ёки офлайн тарзда топшириш орқали жараён бошланади.

  1. Аризани кўриб чиқиш ва у билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик хатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган давлат божини тўлаш талаб этилади.
  2. Давлат божи тўлангандан кейингина аризага оид иш юритуви амалга оширилади.
    Талабномаларни Адлия вазирлиги қабул қилади.
  3. Қабул қилинган талабномалар бўйича тегишли давлат экспертизаси ўтказилади ва экспертиза томонидан қарор қабул қилинади.
  4. Қарор талабнома берувчига почта ёки мавжуд электрон тизимлар орқали юборилади.
  5. Талабнома берувчи 3 ойлик муддат ичида талабномаси асосида чиқарилган қарорни олиб, муҳофазаловчи ҳужжатни олиш мақсадида давлат божини тўлаши керак бўлади.
  6. Давлат божи тўлангандан сўнг Адлия вазирлиги томонидан тегишли муҳофазаловчи ҳужжат тақдим этилади ва жараён якунланади.
    Бундан ташқари, муддати тугаган муҳофазаловчи ҳужжатларни ҳам амал қилиш муддатини узайтиришда ҳам Адлия вазирлигига ариза орқали мурожаат қилинади. Тегишли давлат божи тўлангандан сўнг гувоҳноманинг амал қилиш муддати узайтирилади.
    – Рўйхатга олишда тўланадиган давлат божи ҳозирги кунда қанчани ташкил этади?
    – Давлат божи ҳар бир интеллектуал мулк объектлари учун ҳар хил. Мисол учун халқимизда энг кўп талаб бор бўлган мулк объекти бу – Товар белгиси яъни бренд. Брендни ҳам рўйхатга олинишда ҳам рўйхатга олинадиган йўналишга қараб мутаносиблиги ортиб боради. Масалан, сиз брендни яратдингиз. Фақатгина брендни ишлаб чиқариш учунгина фойдаланасиз. Агар фақат ишлаб чиқариш учун оладиган бўлсангиз, унда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 ярим баравари миқдорида давлат божи тўланади. Лекин сиз ишлаб чиқариш билан биргаликда товарни реклама қилиш сингари хизматларини қўшадиган бўлсангиз, ҳар битта қўшимча танланган йўналиш учун 0,5 базавий ҳисоблаш миқдорида қўшимча тўловни тўлашингизга тўғри келади.
    – Тўловларни тўлашда имтиёзлар ҳам мавжудми?
    – Ҳа, имтиёзлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январдаги 4965-сонли қарори асосида умумий тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 60 фоизини экспорт улуши ташкил қилганда, ҳунармандларга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи шахсларга Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтказиш 2021-2022 йилларда бепул амалга оширилган.
    Ҳозирги кунда амалдаги имтиёз бу Товар келиб чиққан жой номлари яъни географик кўрсаткичларни миллий рўйхатдан ўтказишда 2025 йилга қадар имтиёз мавжуд.
    Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, I ва II-гуруҳ ногиронлари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари каби айрим тоифалар белгиланган ва уларга бепул ҳуқуқий муҳофаза имконияти яратилган.
    – Ўзбекистонда интеллектуал мулкнинг ҳимояланиш даражасини 10 баллик тизимда қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
    – Шу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассис сифатида адолатли баҳо берадиган бўлсам, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимояланиши 5 балл. Нега 5 балл дейилса, шундай жавоб бераман. Бизда интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш билан бир қанча давлат органлари шуғулланади. Масалан, Адлия вазирлиги интеллектуал мулк ҳуқуқларини ички бозорда бузилишининг олдини олиш бўйича чораларни кўрса, хориждан кириб келадиган товарларда интеллектуал мулк ҳуқуқига риоя этилганини ўрганиш бошқа органлар томонидан амалга оширилади. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни яширин ишлаб чиқариш ҳолатлари бузилиши бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шуғулланади. Нохолис рақобат ҳолатлари юзага келганда эса Монополияга қарши курашиш органлари шуғулланади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтишимиз керакки, Адлия вазирлиги томонидан амалга ошириладиган ишлар бутун бир интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга етарли ҳисобланмайди. Юқорида айтиб ўтилган давлат органлари биргаликда, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиб ишни олиб борсагина бу кўрсаткични юқорига олиб чиқа оламиз.

Санжар Норқувватов,
Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бўлими бошлиғи:

– Ҳуқуқий ҳимоя бошқармасининг вазифалари нималардан иборат?
– Бизнинг бошқармамиз интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бевосита ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан келиб тушган мурожаат ёки шикоят аризаларни қабул қилиб, вазирлик ваколати доирасида тегишли таъсир чораларини қўллайди. Соҳа бўйича тегишли ўрганиш, мониторинг, профилактика ишларини мунтазам равишда олиб боради.
– Ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланганда қандай чоралар кўрилади?
– Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда, вазирлик икки хил таъсир чорасини қўллайди. Биринчиси, кўриб чиқиш мажбур бўлган тақдимнома. Яъни дастлабки ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этган шахсларга нисбатан киритиладиган ҳужжат тақдимнома дейилади. Иккинчиси эса маъмурий баённомалар расмийлаштириш орқали қўлланадиган таъсир чораси. Бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатини кўриб чиқиш учун маъмурий баённомалар Жиноят ишлари бўйича судларга юборилади.
– Фаолиятингизни мураккаблаштирувчи омиллар ҳам борми?
– Ҳозирги кунда нафақат бизнинг соҳамизда балки турли йўналишларда ҳам инсонларнинг ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги кўплаб муаммоларга сабаб бўлади. Бизнинг соҳамизда айниқса муаллифлик ҳуқуқи йўналишида кўзга ташланади, ҳуқуқбузарлик ҳолати борлигини, унинг ҳуқуқлари бузилаётганлигини била туриб ҳам андиша қилибми ҳеч кимга мурожаат қилишмайди. Репутациясини, кейинчалик фаолият юритишини, ижрочилар ёки бошқа шахслар билан муносабати бузилмаслигини ўйлаши оқибатида ташкилотга ёки тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиб ҳуқуқларини тиклашни хоҳлашмайди. Яна бир муҳим ҳолат, вақтида асар, кино, клип каби интеллектуал мулклардан фойдаланишда тегишли ёзма шартнома тузмаган бўлишади. Бунинг натижасида суд пайтида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийинчиликка дуч келишади. Товар белгиларидан фойдаланишда машҳур брендларнинг номини бир ҳарф билан жуда ўхшаш тарзда ўзгартириш ёки тўғридан-тўғри кўчириш ҳолатлари кўп учрайди. Бу – ноҳалол рақобат бўлиб, тадбиркорлик этикасига ҳам тўғри келмайди.
– Интеллектуал мулк эгалари умуман халқимиз орасида соҳани кенг ёритиб берадиган, ҳуқуқий саводхонликни оширишга хизмат қиладиган қандай ишларни амалга оширгансиз?
– Бу мақсадда турли тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинади. Ҳар йили 15 мартдан 15 февралга қадар «Контрафактсиз ойлиги» ўтказилади. Адлия вазирлиги жумладан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлган бошқа давлат ташкилотлари билан хусусан, Божхона, Монополияга қарши курашиш, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти каби давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказиладиган ойлик ҳисобланади.
Белгиланган режа графиги асосида олий таълим муассасаларига, мактабларга ташриф буюриб, соҳамиз ҳақида маълумотлар бериб борамиз. Лекин тан олиш керак қилинаётган барча ҳаракатларга қарамасдан ҳам айнан бизнинг соҳамизда ҳуқуқий саводхонлик пастлигича қолмоқда. Буни баъзи сабаблар билан тушунтириш мумкин. Биринчидан, мактабларимизда айнан интеллектуал мулк ҳуқуқига оид билимларнинг берилмаслиги асосий сабаблардан биридир. Қолаверса, интеллектуал мулк дейилганда олий таълим муассасасига келгандан кейин юридик йўналишда ўқийдиган талабалар билиши мумкин. Ваҳоланки, нафақат Юридик университет талабалари балки фармацевтика, техника, адабиёт, қишлоқ хўжалиги каби ўқув йўналишларида ҳам бу билимга эга бўлиш жуда зарур. Уларнинг йўналишида яратилган ихтироларнинг тўлиқ ҳимояланиши, унинг ҳуқуқлари ҳақида тушунчалари саёзлиги оқибатида келажакда қийинчиликларга дуч келади.


Хулоса сифатида соҳа мутахассисларининг фикрини келтириб ўтмоқчиман. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, ҳуқуқлари, имкониятларини кенгайтириш бир давлат ташкилотига боғлиқ эмас. Бу соҳа комплекс чора-тадбирларни талаб қиладиган соҳа ҳисобланади. Интеллектуал мулк ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига кириб борган йўналиш ҳисобланади. Давлат ва жамиятнинг ҳамжиҳатлигида ривожланадиган соҳалардан биридир. Ҳар бир ватандош ўзига тегишли бўлган мол-мулк ёки интеллектуал мулкни тўлиқ ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир.

Умида ҲАҚБЕРДИЕВА тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *