НОКОНУНИЙ ТОВАРЛАР ТАКДИРИ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси иш юритувидаги Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги Низом (кейинги ўринда – Низом) ижроси билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.


Хусусан, Низом ижроси билан боғлиқ жами 5.381 та 49 млрд. сўмлик ижро ҳужжатлари бошқарма иш юритувига келиб тушган бўлиб, шундан, 2.550 та ижро ҳужжатлари бўйича 6,6 млн. сўмлик товар моддий бойликлар (кейинги ўринда – ТМБ) ва далилий ашёлар йўқ қилинган бўлиб, 222 та ижро ҳужжатлари бўйича 15 млрд. сўмлик ТМБлар қонуний эгаларига қайтарилган.
Шунингдек, 355 та ижро ҳужжатлари бўйича 3,6 млрд. сўмлик ТМБлар сотилишига эришилган бўлиб, сотувдан келиб тушган пул маблағлари Низом талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сон Фармонига асосан тақсимланган (Темир дафтар, Аёллар дафтари, Ёшлар дафтари, маҳаллий бюджет, мол-мулкни олиб қўйган орган, МИБни ривожлантириш жамғармаси). Қолдиқдаги ижро ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатлари давом этмоқда.

Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган видео тарқалди. Тасвирларда мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилаётган телефон аппаратларининг уриб синдирилиши акс этган. Жамоатчилик вакилларида бу ҳолатга нисбатан салбий қарашлар мавжуд. Шу боисдан, барчани қизиқтирган саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани давлат ижрочиси, 2-даражали юрист Дониёр Йўлдошевга юзландик.
– Қандай маҳсулотларга контрафакт маҳсулотлар дейилади?
– Контрафакт маҳсулот – бу интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган товарлар. Кўпинча ички истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, косметика ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда қалбакилаштирилади ва ундан нусхалар олинади. Ишлаб чиқарувчилар қалбаки маҳсулот билан асл маҳсулот нусхалари ўртасидаги фарқни сезмайдиган даражада яратадилар.
– Контрафакт маҳсулотларни йўқ қилиш тартиби қандай?
– Давлат ижрочиси тегишли ижро ҳужжати олинган кундан бошлаб бир иш куни ичида ижро ишини қўзғайди ва Низом талабларига асосан мол-мулкни олиб қўйган ваколатли орган вакили, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи вакили, Санитария-эпидемиология хизмати органи вакили ва олиб қўйилган мол-мулкнинг сақланиши учун масъул шахсни (ташкилот вакили) йўқ қилиб ташлаш тадбирини амалга ошириш жойи ва вақти ҳақида хабардор қилади.
Йўқ қилиш тадбири давомида ижро ҳужжатлари бўйича йўқ қилиниши белгиланган ТМБларнинг рўйхати асосида юқорида санаб ўтилган шахслар ҳамда камида икки нафар холис гувоҳдан иборат таркибда тузиладиган комиссиянинг мажбурий тартибдаги иштирокида мазкур ТМБлар саноқдан ўтказилиб, Санитария-эпидемиология хизмати ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган усулларда йўқ қилинади.
– Маҳсулотларни йўқ қилмасдан қайта ишлаб истеъмолга киритса бўладими? Тамаки маҳсулотлари ҳам ноқонуний деб топилганда ёқиб юборилади. Тегишли текширишлар ўтказилиб, фармацевтикада ишлатса бўлмайдими?
– Мажбурий ижро бюроси органларининг асосий вазифаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш ҳисобланиб, давлат ижрочисида унга келиб тушган суд ҳужжатини муҳокама қилиш ваколати мавжуд эмас, фақатгина ижро ҳужжатида ноаниқликлар мавжуд бўлгандагина ижро ҳужжатини берган судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Ваколатли органлар томонидан олиб қўйилган мол-мулкнинг тақдири (давлат даромадига ўтказилиши, эгасига қайтарилиши ёки йўқ қилиб ташланиши) экспертиза хулосаси ҳамда бошқа асосларга кўра суд томонидан ҳал қилинади.
Қўшимча: Йўқ қилиб ташланган мол-мулкнинг ишлаб чиқаришда ёки иккиламчи қайта ишлашда фойдаланилиши мумкин бўлган чиқиндилар ва идишлари давлат даромадига ўтказилади ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналарга ёки иккиламчи хомашёни тўплаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тегишли ташкилотларга шартнома асосида сотилади.
– Контрафакт маҳсулотларни олиб кирган шахсларга қандай жазо чоралари кўрилади?
– Контрафакт маҳсулотларни олиб кирган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК, Жиноят Кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда Мажбурий ижро бюроси, Судлар ва бошқа ваколатли органлар томонидан Низом талаблари асосида амалга оширилаётган мазкур тадбирларнинг асл мақсади, мамлакатимизда, истеъмол (фойдаланиш) учун яроқсиз деб тан олинган ҳамда инсон соғлиги учун бевосита салбий таъсир кўрсатувчи ТМБлар ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи контрафакт маҳсулотларни ноқонуний савдосини чеклашдир. Ёшларимиз ўртасида заҳарли иллат бўлиб бораётган психотроп моддалар истеъмолига ва ноқонуний савдосига чек қўйиш ҳамда бундай турдаги жиноятларнинг аввало олдини олиш энг асосий вазифамиздир.

Умида ҲАҚБЕРДИЕВА суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *