Робахон Махмудованинг сайловчилар билан илк учрашуви бўлиб ўтди.

Сайлов — овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси. Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши — уларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим шаклларидан бири.

Бугун Тошкент давлат юридик университетида “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Президентликка номзод сифатида кўрсатилган Робахон Махмудованинг сайловчилар билан илк учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси М.Дадаходжаева кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида йиғилганларни юртимизда кечаётган ўта муҳим сиёсий жараёнлар билан қизғин муборакбод этиб, ушбу сайловолди тадбирларининг келгусида юртимиз равнақи ва фуқароларимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига атрофлича тўхталди.

Шунингдек, тадбир давомида Президентликка номзод Робахон Махмудованинг ишончли вакили И.Қудратов томонидан йиғилганларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг номзод сайловчиларни халқимиз орзу-истакларига муштарак ғоя ва мақсадлари акс этган Сайловолди дастури билан таништирди.
Учрашув давомида номзоднинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Собир Турсунов халқ, депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгаши депутати, Шайхонтоҳур туманидаги 192-умумий ўрта таълим мактаби директори Дилдора Исломова ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, “Сиҳатгоҳ” санаторияси бош шифокори Тошпўлат Матибаевлар сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Махмудованинг Сайловолди дастури халқчил, юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлигини эътироф этиш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий, тарихий тадбирда Робахон Махмудовага овоз беришга чақиришди.

Конструктив руҳда, қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашув сўнггида тадбир иштирокчилари юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминловчи муҳим сиёсий тадбирларда фаол иштирок этишларини билдиришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *