Кинемотография агентлигида халқаро конференсия бўлиб ўтди

2023 йилнинг 5 июль куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Кинематография агентлигининг Event Hall тадбирлар залида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.

Конференцияда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколотхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Таълим бўйича халқаро эксперт, 2023-2026 йилларда Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳи аъзоси Мэтью Голди-Скотт, Бирлашган Араб Амирликларида Миллий мактаб раҳбари ва таълим бўйича халқаро эксперт Аслан Ибрагим, Cambridge Assessment ташкилоти таълим хизматлари департаменти директори Стив Кинг, “ KEI Advanced ” таълим ташкилоти директори ва ижрочи менеджери Хиромитсу Саката, Массачусетс технология институти Таълим инновация ва технологиялари департаменти директори – деканнинг биринчи ўринбосари Вижай Кумар, Мюнхен техника университети “TUM International GmbH” хорижий ташкилоти бош директори Фридерика Ҳеттингер, Россия таълим академияси вице-президенти, Олий аттестация комиссияси раиси Владимир Филиппов, Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровалар нутқ сўзлашди.

Вазир ўз нутқида мактабгача ва мактаб таълимидаги ижобий ўзгаришлар ва статистик маълумотларга тўхталиб ўтди. Жумладан бугунги кунда мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилдаги 27,7 фоиздан ҳозирда 71,8 фоизга етказилгани келтириб ўтилди. Айни вақтда мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан ортиқ болалар таълим-тарбия олмоқда. Бу кўрсаткичларга эришиш учун сўнги беш йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 5211 тадан 29420 тага етказилган.

Ҳафталик доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирдан асосий мақсад, Янги Ўзбекистонда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбия ҳамда илм-фаннинг ўрни ва ролини муҳокама қилиш, таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга тадбиқ этиш ва бунинг самараси борасида фикр алмашиш, кенг жамоатчиликни Янги Ўзбекистонда таълим, илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништиришдан иборатдир.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *