Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 30 йил

Айтиш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар Бош қомусимизга асосланган. Дейлик, Ўзбекистон давлатчилик асосларини қуриш ёки фуқаролик жамиятини шакллантиришдан тортиб, то инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар бўладими, буларнинг барчасининг замирида Конституция ётади. Маълумки, ҳозирда юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хўш, Конституцияга нима учун айнан ҳозир ўзгартиришлар киритиляпти, нима сабабдан олдин ёки кейин эмас?
Биз ана шу саволга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси илмий котиби, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фарҳод Примовга мурожаат қилдик.

— Менинг ўзимга ҳам фуқаролардан шундай саволлар кўп келиб тушган. Ва албатта, бу саволлар мантиқий асосга эга. Сабаби, биз Бош қомусимизни ўзгармас ҳужжат сифатида қабул қилганмиз ва бу ҳужжат ўз даврида мукаммал тарзда тайёрланган. Ва ҳатто кўплаб давлатлар учун намунавий модул вазифасини ҳам бажарган. Конституциямизга киритилаётган ўзгартишларнинг барчаси бевосита инсон қадрини юксалтириш, инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳар қандай давлатнинг Конституцияси борки, унга маълум бир вақт ўтганидан сўнг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Бу табиий зарурият ва табиий ҳодиса ҳисобланади. Бугунги кунда ҳеч бир давлат Конституцияси ўзгармасдан қолмаган. Шу 30 йил давомида юзлаб давлатлар Конституцияларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ва ҳатто янги таҳрирда қабул қилинган Конституциялар ҳам бор. Бош қомусимиз қабул қилинганига 30 йил бўлган бўлса, шу йиллар мобайнида 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Ва шуларнинг 7 таси сўнгги 6 йил ичида киритилди.

Конституцияда халқ фикри акс этади

Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган ислоҳотлар ҳам Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни талаб қилди. Бундан
ташқари, “Тараққиёт стратегияси”да белгиланган вазифалар борки, булар ҳам Конституциямизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Ушбу Конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳими шундаки, уларда халқнинг фикри акс эттирилмоқда. Кўплаб нормаларни кўришимиз мумкинки, жуда кўп йиллар давомида, айниқса, оддий инсонларни қийнаб келган муаммоларга ечим бўлади. Ва айнан шу жиҳатдан ҳам давлат халққа янада яқинлашмоқда, деб айтишимиз мумкин. Шу билан бирга Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари билан бирга давлатнинг янги мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда. Айтиш жоизки, инсон ҳуқуқларини Конституциянинг ўзида белгилаб қўйиш, тан олиш камлик қилади, яъни уларни белгилаш билан бирга кафолатлаш ҳам керак бўлади. Бу галги ўзгартиришларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Конституцияга киритилаётган инсон ҳуқуқларига оид ҳар бир қоиданинг тагида давлатнинг мажбурияти ҳам белгилаб қўйилмоқда.

160 миллионга яқин таклифлар келиб тушган

Бугунги кунга қадар фуқаролардан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида 160 миллионга яқин таклиф ва тавсиялар келиб тушган. Ва шу таклифлар асосида ҳозирги кунда Конституциямизнинг 76 та моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Бундан ташқари, 15 та мутлақо янги модда ва 1 та боб киритиляпти. Агар биз Конституциявий ислоҳотлар асосчиси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев деб билсак, ундаги ўзгартириш ва қўшимчалар ташаббускори халқ ҳисобланади. Таклифлар турли соҳаларда келиб тушмоқда ва қувонарлиси, фуқаролар нафақат ўз ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ бўлган масалаларда, балки давлат бошқарувига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзларининг таклифларини билдирмоқда. Масалан, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, маҳаллий ҳокимият органларини ислоҳ қилиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш масалалари билан боғлиқ муҳим таклифларни кўришимиз мумкин бўлади.

Энг аввало, инсон ҳуқуқлари

Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг устувор жиҳати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳисобланади. Энг аввало, инсон ҳуқуқларини Бош қомусимизда белгилаш ҳамда уларни кафолатлашга қаратилган янги қоида киритиляпти. Шунингдек, шахс ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар борки, масалан, шахснинг айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўладиган бўлса, у жавобгарликка ва жазога тортилмайди ёки шахснинг судланганлиги унинг яқин қариндошларининг ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олмайди, деган қоидалар киртиляпти. Буларнинг барчаси инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини кўпроқ ҳимоя қилиш ва бу борадаги тизимли муаммоларга ечим бўлиши учун қабул қилинмоқда. Ва шу билан бирга инсон ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, унинг шахсий ҳуқуқлари билан бирга ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам кафолатланиши белгиланмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Конституцияда шахснинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашга оид мажбуриятларни ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, ишсизликни қисқартириш, камбағалликка қарши курашиш билан боғлиқ давлатнинг аниқ мажбуриятлари Конституцияда белгилаб қўйиляпти. Ёки аёллар ва болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган алоҳида қоида ва моддалар ҳам ўз ифодасини топган. Мисол учун, ёш боласи бор ёки ҳомиладор бўлган аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан боғлиқ бўлган қоида киритиляпти. Шунингдек, жиноят процессуал муносабатлари, айниқса, шахснинг ҳуқуқлари жуда муҳим ҳисобланади. Кўп ҳолларда шундай бўладики, маълум бир шахс қандайдир жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ушланади ва яқинлари 2-3 кун мобайнида унинг қаерда эканлигини билмайди. Кейин маълум бўляптики, у қайсидир ҳуқуқ-тартибот идорасида ушлаб турилибди. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида ҳам янги қоидалар киритиляптики, бу ўша жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суднинг ўрнини ошириш билан боғлиқдир. Яъни шахснинг айби судда муҳокама қилинганидан сўнг исботланиб, суднинг бу борадаги тегишли қарори қонуний кучга кирмагунича айбдор ҳисобланмайди, деган қоида киритилмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун

Албатта, Конституциямизга киритилаётган барча ўзгартириш ва қўшимчаларнинг туб мазмуни инсон қадри ҳисобланади. Бунинг ёрқин далили сифатида инсон қадрини улуғлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга оид бўлган моддаларни кўришимиз мумкин. Бу шахсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар бўладими ёки бошқа соҳадаги ҳуқуқларми, барчасининг замирида инсон омили ётади. Агар бу ўзгартириш ва қўшимчалар Конституцияда ўз аксини топадиган бўлса, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш билан боғлиқ бўлган янги давр бошланади, деб айтишимиз мумкин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *