Ҳаммаси кутилмаганда ўзгариб кетди…
Сурхондарёнинг Термизида туғилганман. Болалигимдан санъатни севардим. Еттинчи синфда ўқиётганимда ё пианиночи ё хонанда бўламан, деганман. Аммо Термиз шаҳридаги педагогика билим юртига ўқишга кирдим. Билим юртини битиргач, ўқитувчим мендан: “энди нима қиласан?”, деб сўраганди. “Тошкентга ўқишга бораман”, деганим эсимда. Болалар уйида катта бўлганим учун мени ҳозирги Миллий университетимизнинг филология факультетига имтиҳонсиз қабул қилишган. Имтиҳонлар тугади ва ётоқхонада бир ўзим қолдим. Ёшгина қизман, катта шаҳарда юрибман… Тошкент кўчалари бўйлаб юриб
Бешёғочга бориб қолибман. Кутилмаганда Бешёғочда мактабда бирга ўқиган дугонамни кўриб қолдим. Унга ўқишга кирганимни айтдим, у менга Санъат институти ҳақида гапириб берди, менинг хаёлларим тўзғиб кетди. Бундай даргоҳ борлигини билмасдим, дугонамга эргашиб Санъат институтига бордим… Ҳаммаси кутилмаганда ўзгариб кетди… Ва мен ҳужжатларимни Миллий университетдан қайтариб олдим ва тақдиримни санъат билан боғладим… Санъат даргоҳида Тошхўжа Хўжаев каби улуғ устозлардан сабоқ олганим менинг бахтим бўлди.
Мен енгилмадим!
1966 йилда театрга ишга келганман. Қаранг, орадан қанча йиллар ўтиб кетди! Бу йиллар давомида нималарни кўрмадим, кимлар билан ишламадим дейсиз… Санъат, айниқса, театр фидоийларники! Агар саҳнани севмасангиз сиз унинг синовларига дош беролмайсиз. Бир пайтлар мени шу саҳнага сиғдирмаган, ишдан кет, деб юзимга айтганлар бўлди, “ташландиқ” деб камситганларни кўрдим… Йиллаб роль кутганларим эсимда… Қаранг, улар кетди, лекин мен қолдим. Мен енгилмадим, ижодим учун, касбим учун фақат меҳнат билан курашдим. Бу осон бўлмади, ҳаёт мени аямади. Чидадим, сабр қилдим ва ғалаба қозондим!
Баҳодир Йўлдошев ва мен…
Баҳодир Йўлдошевнинг санъатдаги тақдиримда беқиёс ўрни бор. Ишонасизми, йиллар давомида жуда кўп роллар ўйнаганман, лекин ҳеч ким мени Баҳодир Йўлдошев каби кашф эта олмаган. Шу инсони унута олмайман… “Азиз, қандайсиз, уй-ичилар яхшими…” доим шундай кутиб оларди мени… “Чеча” спектакли менинг ижодимга янги даврни, мен кутган кунларни олиб келди. Бу роль маромига етиши учун Баҳодир ака мени ўзимни англашга мажбур қилди. Ҳозир бутун Ўзбекистон учун чечаман! Қаерда бўлмай, кўрган одам борки, исмимни айтмай чеча, деб чақиради. Мен бу шараф учун режиссёр Баҳодир Йўлдошевдан бир умр миннатдорман.
Қолип
Доим қолипга тушиб қолишдан қўрқаман. Лекин ҳамма образларимни томошабин чеча билан таққослайди. Биласизми, янги роль олишим билан ўзимни назоратга оламан. “Ҳей, эҳтиёт бўл, излан, чечага ўхшаб қолма”, дейман ўзимга ўзим… Олимжон Салимов билан ҳам янги асарда ишладик. Улар қатъий “чечани такрорламанг”, деди.
Мен театрга керакман
Шундай актёрларни биламан, телефонга кўз тикиб, ким менга роль бераркин, деб кутади. Шукрки, мен ҳозир саҳнада ҳам, экранда ҳам бандман. Кераклигингни ҳис қилиш бу жуда гўзал ҳиссиёт!