Наманганда болалар нимадан заҳарланди ёхуд ҳамон жавобини кутаётган саволлар

Шу кунларда Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — 70 дан ортиқ бола заҳарланганлиги юзасидан турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Оммавий заҳарланиш ҳақида биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари хабар беришди. Namanganliklar.uz Telegram-каналида эълон қилинган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, 21 сентябрь куни соат 16:00 дан бошлаб туман тиббиёт бирлашмасига 71 нафар бола ётқизилган. Уларда иситма, баъзиларида қорин оғриғи, диарея ва қусиш каби аломатлар кузатилган. Ота-оналар фарзандлари ўша куни берилган йод сабаб заҳарланганини айтишди. Маълумки, жорий ҳафтадан бутун Ўзбекистон бўйлаб болаларни йодлаш дастури ишга туширилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганиш якунланмагунча «Антиструмин» №100 препаратини қўллашни тақиқлади.
Маълумотларга кўра, болалар тўққизта болалар боғчаси (№ 23 — 35 бола, № 51 — 20, № 18 — 5, № 36 — 3, № 30 — 2, № 35, 43 ва 34 — ҳар бири 1 тадан, оилавий болалар боғчаси — 1) ва иккита мактаб (№ 7 ва 21 — ҳар бири 1 нафар бола) тарбияланувчилари ва ўқувчилари ҳисобланади.
Бошқарма тезкор ишчи гуруҳ тузиб, ўрганишларни бошлади. Аҳволи қониқарли бўлган 9 нафар бола уйига жўнатилган. Қолган болалар назорат остига олинганлиги хабар берилди.
22 сентябрь куни эрта тонгда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чустда болаларнинг оммавий заҳарланишини тасдиқловчи баёнот берди, бироқ эҳтимолий сабабларни ҳам, жабрланганлар сонини ҳам кўрсатмади. Болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда, деб келтирилган хабарда.
Шу куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига келиб, токсикология бўлимидаги 12 нафар болалар билан учрашди. Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ёзишича, болалар дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган. Бироқ хабарда айнан қайси дори экани айтилмаган. Токсикология бўлими шифокори Муроджон Имомбердиев болалар «Антиструмин» (калий йодид) қабул қилганини тасдиқлади
Тунда Бош прокуратура матбуот хизмати заҳарланиш бўйича терговга қадар текширув ўтказилаётгани ҳақида хабар берди. Ҳолат прокуратура назоратига олинди.
«Вояга етмаган болалар нимадан захарланганлиги хали номаълум бўлганлиги сабабли жамоатчиликдан нотўғри ва турли тахминларга асосланган хабарларни тарқатмасликларни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.
23 сентябрь куни Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбарининг топшириғи билан Наманган вилоятида бўлиб, заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган болалар ҳолидан хабар олди. Маълум қилинишича, болаларнинг ҳаммаси аста-секин тузаляпти, кўпчилиги оиласи бағрига қайтган.
“Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига – оиласи бағрига қайтарилган.
Биз болаларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашдик, уларнинг ташвишига шерик эканимизни билдирдик.
Шундан сўнг боғча тарбияланувчилари билан содир бўлган ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказиб, вазиятни ва текширувнинг боришини муҳокама қилдик”, – деб ёзди у Telegram-каналида.
Шу куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкил этилган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Мулоқот давомида вазир ўринбосари болаларда кузатилган нохуш ҳолат дастлабки текширувларга кўра, дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмаслигини алоҳида таъкидлаб, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритишини билдирди.
Айрим манбаларда захарланган болалар сони 90 дан ошгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо ушбк маълумотлар расман тасдиғини топмади.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак. Айни пайтда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган ёш болаларнинг 85 фоизи соғлиги жойида, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда. Қолганлари куннинг бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи яхшиланиб бормоқда», — деди Республика ишчи гуруҳи раҳбари Элмира Боситхонова.
Айтиш жоизки, шу пайтга қадар болаларнинг нимадан заҳарланганлигига расман аниқлик киритилмади. Айни пайтда Чуст туманида вояга етмаган болалар захарланиши юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, текшириш давомида вояга етмаган болаларнинг заҳарланиши сабаблари аниқланади ва бу ҳақида қўшимча равишда хабар қилиниши айтилмоқда.
Шу билан бирга вояга етмаган болалар нимадан заҳарланганлиги ҳали номаълум бўлганлиги сабабли жамоатчиликдан нотўғри ва турли тахминларга асосланган хабарларни тарқатмасликлари сўралмоқда.
Нима ҳам дердик, расмийлардан мазкур ҳолат юзасидан аниқ маълумотларни кутиб қоламиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *