“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ – ХАЛҚ СТРАТЕГИЯСИ

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос “йўл харитаси” вазифасини ўтайди. Мазкур Стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг энг устувор вазифасидир.  

Эътибор беринг: “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида жами 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

– Стратегия 4-йўналишнинг 2-банди “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”га бағишланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгиланган,

Жумладан, 84-мақсад “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, деб номланган. Унда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш каби устувор вазифалар ҳам белгиланганки, бу мақсадларнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолида одил судловга бўлган ишончнинг янада ошишига хизмат қилади.

Шунингдек, 85-мақсадда Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш борасида Маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш.

Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш.

Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш.

Маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш.

Албатта, судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг электрон шаклда келиб тушишига эришиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш юртимизда инсон қадри тобора улуғланиб, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг бир исботидир.

Албатта, бу ҳужжат мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожида муҳим қадамлардан бири бўлиб, барчамиз учун дастуруламал ҳужжатлардан саналади.

Азизбек БАЗАРОВ,

Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *