Саифназаров Суҳроб
Исмоилович 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Олий маълумотни Тошкент давлат иқтисодиёти университетида олган қаҳрамонимиз бир қанча чет давлатларда жумладан Кувайт, AҚШ каби ривожланган мамлакатларда ҳам ўз билимларини ошириб қайтган. Ҳали сайланганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, халқ ишончини қозонган, халқ дардига дармон бўлаётган депутатлардан.
Ҳеч нарса қилмайдиган одамда қийинчилик бўлмайди
– Депутатлик фаолиятимгача деярли 20 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланаман. 2022 йил январь ойида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига фуқаролар томонидан сайландим. Очиғини айтиш керак, фаолиятим давомида қийинчиликларга дуч келаман. Бироқ, ҳаракат бор жойда, меҳнат қилган одамда ҳар доим қийинчилик бўлади. Ҳеч нарса қилмайдиган одамдагина ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди. Халқнинг муаммосини ҳал қилиш, уларнинг бизга билдирган ишончини оқлаш учун эшиклар ёпилса, бошқа эшикдан, агар у ҳам ёпилса ойнадан кириб бўлса-да, максимал ҳаракат қиляпмиз. Доно халқимиз айтганидек “Ҳаракатда баракат”.
Чет эл “маданияти”
– Фаолиятим юзасидан кўп чет давлатларда бўламан. Сафар чоғида аҳамият бераман, эрталаб нонушта пайтида албатта газета олиб ўқишади. Уларда ҳам компьютер бор, уларда ҳам телефон бор, лекин бу нарса маданият даражасида шаклланган. Бу амалиёт мамлакатимизда камайиб кетмоқда. Ўқимишли газеталар сонини, мақолалар сифатини ошириш орқали халқимиз онгини тарбиялашимиз муҳим.
Энг қуйи тармоқлардан бошланган ислоҳот албатта натижа беради
– Депутатни халқ ишониб сайлаган, у халқнинг вакили. Ҳозир бизнинг қўлимизда жуда кенг имкониятлар бор. Йиллар давомида ўз ечимини излаётган муаммоларни ҳал қилганимизда аҳоли кўзида алангаланган ишонч бизни бундан-да яхши ишлашга ундайди. Ҳар бир шаҳар депутати ўз ҳудудидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиши учун йилига 2 млрд. сўмдан пул маблағи ажратилмоқда. Округимда жойлашган 547-мактабгача таълим муассасаси анча яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётганлиги, йиллар давомида эътиборсиз қолаётганлигини аниқладим. Биз буюк келажакни албатта ёшлар билан биргаликда қурамиз. Уларнинг ёшликда олган билимлари ҳаётларининг кейинги босқичи учун замин яратади. Шу сабабдан ислоҳотларни энг қуйи тармоқлардан бошлашимиз керак, деб ҳисоблайман.
Муаммолар йўқ эмас, бироқ…
– Бугун мамлакатимизда халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида ҳар соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Aлбатта, муаммолар ҳам бор. Уларни йўқ дейиш ёки панжа орасидан қараш билан ечиб бўлмайди. Борини бор, йўғини йўқ, дейиш демократик мамлакат фуқаросининг вазифаси ҳисобланади. Муаммо борлигини кўрсатиб бериш керак, лекин унинг ечимини ҳам топиш керак. Бир марталик ёрдам беришдан кўра, унинг келажакда яна қайталанмаслиги учун истиқболли лойиҳалар тайёрлаш ва халққа тақдим қилиш депутатлик фаолиятимнинг асоси ҳисобланади.
Умида
ҲАҚБЕРДИЕВА