Бухоролик йигитнинг Тошкентдаги қисмати!

Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов! Бухоролик! Ўтган асрнинг 66-йилидан бери Тошкентда! Азми шаҳарга, пойтахтга бир олам орзулари билан келган ўша йигитча бугун 73 ёшда. Умрини театрга, санъатга боғлади ва бу йўлда ҳар қанча машаққатлар бўлмасин афсус чекмади. Бугун бу инсон халқнинг ардоғида, меҳрида, эътиборида…

– Теша ака, эшитишимизча, Тошкентга келишингиз ҳам, театрда қолишингиз ҳам осон бўлмаган экан?

– Олти фарзандини ерга қўйган ота-она учун тилаб олган зурриёдини ўзидан узоққа жўнатиш осон бўлмаган. “Ота, мен Тошкентда ўқийман”, деганимда кўнмаган. Лекин Бухоро театрининг санъаткорлари, устозларим уйимга келиб, отамга: “Ўғлингиздан зўр санъаткор чиқади, тўрт йил бир зумда ўтиб кетади, нима хизмат бўлса, мана биз бормиз”, деб кўплашиб рухсат олиб берганлари эсимда… Тошкентга келдим ўқишга, риз-қим Миллий театрга қўшилган экан, институтни битирмасимдан жамоа таркибига қўшилганман. Лекин отамга берган ваъдам, Тошкентдан Бухорога қайтишим керак. Аммо театр раҳбарияти ҳам мени қолишимни истади, отамни Тошкентга чақирдим ва театрга олиб келдим. Аммо отам: “Бухорони ташлаб келмайман, Теша мен билан кетади”, деб туриб олди. Тақдирга тан бериб, отам билан чиқиб кетаётганимизда театр ҳовлисида Турғун Азизов, Икрома Болтаеваларни кўриб қолдик. Кетаётганимни билиб улар отамга: “Ота, ўғлингиз катта санъаткор бўлса, отасига раҳмат, онасига раҳмат, деб дуолар қилади, ҳали сиз бу фарзандингиз орқасидан ғурурланиб юрасиз”, деган. Шу сўзлар отамга таъсир қилиб мени пойтахтга ташлаб ўзлари Бухорога қайтганлар.

– Бугун санъатга даъвогарлар кўпайди… Уларнинг аксариятининг саҳна ва экран ҳақидаги хулосалари жуда ғариб…

– Санъат – бу меҳнат! ўариб хулосалари билан экранни ҳам, саҳнани ҳам ғариблаштираётганларни кўриб жаҳлим чиқади. Ҳамма соҳада ҳам бир фоиз истеъдод, тўқсон тўққиз фоиз меҳнат! Роса истеъдодлиман деб ҳеч нимани қойиллатмаганлар бор, ўз устимда ишлашим керак деб, туну кун изланиб, меҳнат қилиб майдонни эгаллаганлар қанча! “Сизларга мазза, шундоқ чиқиб ўйнайсизлар, тамом”, деб касбим ҳақида хулоса қилганларни ҳам кўрганман. Эсимда бор “Шоҳ Эдип” асарида халқ артистлари Шукур Бурҳонов билан Сора Эшонтўраева бош ролларни ижро этарди. Шу спектаклнинг репетиция жараёнида Сорахон опа ролнинг қайсидир қисмини етказиб беролмадилар, кўп уриндилар. Шунда Сора Эшонтўраевадек улуғ санъаткор
72 ёшда “Нимага шу касбни танладим, нима учун артист бўлдим, роль чиқмаяпти?”, дея куйинганларини кўрганман. Тасаввур қилаяпсизми?! Ролнинг катта-кичиги бўлмайди, санъаткорнинг даражаси бўлади!

– Ҳар бир актёрнинг ташриф қоғозига айланган образлари бўлади. Сиз бу борада жуда омадлисиз…

– Аллоҳга шукр, менга катта роллар насиб этди. 1977 йилда илк ўзбек видеофильми “Қутлуғ қон”да Йўлчи образини ўйнадим. Бу менинг тақдиримда катта воқеа бўлди. Намойишдан кейин одамлар мени исмим билан эмас Йўлчи деб чақира бошлаган. Ўша йиллари водий томонларда бир кекса отахон менга “Сизга уч насиҳатим бор, ҳеч қачон айниманг, меҳнатдан толманг, элнинг назаридасиз, доим ҳозиргидек камтар бўлинг” деб маслаҳат берган эди. Шуҳратга учмадим, манманлик қилмадим, меҳнатдан қочмадим, ҳаммаси учун Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсин. ўофирни ўйнадим, бу ҳам бахт! Йиллар ўтиб Соҳибқирон Амир Темур образи насиб этди. Буларнинг барчаси ота-онамнинг розилиги, устозларнинг
дуолари, халқнинг меҳри билан!

– Устоз кўрмаган шогирд минг мақомга йўрғалар, деган гап бор… Бугун театрга келаётган ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?

– Кунлардан бир куни Шукур Бурҳонов мени ёнларига чақириб, “Бухоролик йигит, театрга бой бўламан, деб келган бўлсанг адашасан, бу ерда ўғрилик, муттаҳамлик кетмайди”, деди. Мен ҳайрон бўлиб: “Саҳнадан нимани ўғирлаш мумкин устоз?”, деб сўрадим. “Ёлғондан сўзни ёдлаб, саҳнага чиқиш ўғрилик, ҳар бир чиқишинг воқеа бўлсин. Кулсанг халқ қўшилиб кулсин, йиғласанг, йиғласин, томошабинни сеҳрлай олсанг чиқ саҳнага!” деган гаплари қулоғим остида жаранглаб туради. Саволингизга келсак, шукрки,
театрга ўқимагани, санъатдан бехабари келмайди. Бизнинг театрда устоз-шогирд анъаналари бор, ёшлар билан кўп суҳбатлашиб тураман. Эски устозларни эслаб, секин ўзимнинг насиҳатларимни бераман. Устоз кўрмаганлар асосан сериалларда… Уларнинг ичида ҳам пичоққа илинадиганлари бор… Афсуски, кўнгилни ғашлайдиганлари ҳам анчагина.

– Фарзандларингиздан Толибжон Мўминов сизнинг йўлингиздан кетди…

– Тақдир мени ақлли-ҳушли, хушфеъл фарзандлар билан сийлади. Ҳар бири олий маълумотли, оилали, уйли-жойли. Толибжон ҳам элнинг меҳрига тушган санъаткор. Унинг ҳар бир чиқиши, ижодидаги ҳар бир қадами мен учун ҳам имтиҳондек. Фарзандларимнинг жамиятда ўз ўрнини топишида, уларнинг аҳил-иноқлигида, меҳр-оқибатлилигида албатта умр йўлдошимнинг катта хизмати бор. Санъатдан топганларим шу оилам билан бутун!  Рафиқам ҳам отамнинг, онамнинг дуоларини олган, уларга меҳр бериб, ҳурматларини
жойига қўйган. Ҳар бир эркакнинг ёнида унга мадад бўладиган аёли бўлса бу унинг бахти!

С.НИЁЗОВА суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *