Карим Зокирий ва унинг зурриёдлари…

Улуғлик нимада? Мансабдами ёки ортирилган мол-дунёдами? Балки кибрда, балки меҳрдадир… Карим Зокирийдаги улуғлик – унинг маданиятида, маҳорати-ю самимиятида эди… Унинг овози осмон қадар, унинг ижроси юракдан юракларгача эди…

Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокирий Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг катта актёри бўлган. 1939 йилда қилган меҳнатлари ва маҳорати самараси ўлароқ Ўзбекистон халқ артисти унвонига лойиқ кўрилган. Карим Зокирийнинг умр йўлдоши, муҳаббати – Шоҳистахон Саидова ҳам лобар аёл эди. У ҳам куйларди, у ҳам санъатга шайдо эди. Шоҳиста Саидова халқ куйлари, лапару ўланларини ёддан билар, уларни шунчаки куйламас, балки тарихи, яралиш сабабларини ҳам ўрганарди. Бу аёл нафақат бир оиланинг бекаси, севимли ёр, меҳрибон она балки Зокировлар сулоласи бадиий кенгашининг раисига ўхшарди.  

Карим Зокирий ва Шоҳиста Саидоваларни тақдир тўрт ўғил ва бир қиз билан сийлади. Зурриёдларнинг барчаси худди ота-онаси каби маданиятли ва санъатга ошуфта бўлиб улғайди.


Оиланинг тўнғич фарзанди Ботир Зокиров беқиёс истеъдоди билан нафақат Ўзбекистонда балки дунёнинг қатор мамлакатларида тилларга тушиб, санъат шайдоларининг меҳрини, эътиборини қозонди. У “Раъно”си билан юракларга муҳаббат улашгани, “Умид” билан минглаб юракларга сингиб кетгани рост… У шу қадар шошиб яшадики, 48 ёшигача қилган ижодий ишлари бутун ўзбек санъатида катта бир мактабнинг яратилишига сабаб бўлди.  Бугун Ботир Зокиров ижоди, унинг санъат йўлидаги қилган ишлари ҳар бир авлод учун дастуруламалга айланди. Афсонавий санъаткор Ботир Зокиров фарзандларига умид билан Бахтиёр ҳамда Баҳодир деб исм қўйди. Тақдирни қарангки, улар ҳам отаси каби санъат йўлини танлади. Бахтиёр Зокиров кино ва театрда самарали ижод қилди, ўзига хос образлари билан томошабин меҳрини қозонди. Афсуски, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Зокиров 43 ёшида хасталик сабаб дунёдан кўз юмди. Баҳодир Зокиров ҳам мусиқа, ҳам тасвирий санъат йўлида ижод қилмоқда.


Карим Зокирийнинг қизи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Луиза Зокирова ҳозир 83 ёшда. Унинг қизи Наргиз ҳам санъатда. Ижодини Тошкентда бошлаган Наргиз Зокирова бугун дунё саҳнасини забт этди.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жамшид Зокиров ўзбек киноси ва театр санъатида самарали ижод қилди. Ранг-баранг образларидаги самимияти билан қалбларда қолди. Жамшид Зокиров умр йўлдоши Гавҳар Зокирова билан мазмунли ҳаёт кечирди. Улар икки фарзандни – Жавоҳир Зокиров ҳамда Оҳиста Зокироваларни тарбиялаб, вояга етказди. Афсуски, дард сабаб бетакрор санъаткор – Жамшид Зокиров 63 ёшида бу ҳаётдан кўз юмди. Бугун Гавҳар ҳамда Жамшид Зокировларнинг фарзандлари ҳам санъатда. Оҳиста ўзига хос хонанда… Жавоҳир Зокиров эса актёрлик борасида ҳавас қилгулик маҳоратга эга. Унинг ижро этган роллари шунчаки ижро эмас. Жавоҳир Зокиров ўз қаҳрамонларини образ даражасига кўтара оладиган актёр!


Карим Зокирийнинг кейинги фарзандлари Науфал ҳамда Жамшид Зокировлар ҳам санъатни танлади. Афсуски, Науфал Зокиров узоқ ва сермазмун ижод қила олмади. Оғир хасталик бу инсонни 36 ёшида орамиздан олиб кетди. Фарзанд доғи отанинг ҳам, онанинг ҳам ака-укаларнинг ҳам қаддини букди…

Карим Зокирий ҳамда Шоҳистахоним учинчи фарзандига Фаррух деб исм беришди. Ўша пайтлар эҳтимол бу дилбанди ҳам санъаткор бўлишини, бутун Ўзбекистон меҳрини қозониб, ўзбек санъатини дунёга олиб чиқиши хаёлларига ҳам келмагандир. Лекин тақдир Фаррух Зокировнинг тақдирини ҳам санъат билан, саҳна билан боғлади. Бугун Фаррух Зокиров – етти давлатнинг халқ артисти, халқаро катта санъат майдонларининг фахри!

Шоҳистахоним ҳамда Карим Зокирийнинг кенжа фарзанди Равшан Зокиров. Қатор халқаро танловлар ғолиби, ҳозир ҳам саҳнада! Равшан Зокировнинг ўғли бастакор Вагиф Зокировни бугунги давр ёшлари яхши танийди. У ҳам сулоланинг муносиб давомчиси. Вагиф Зокиров ўша машҳур  “Болалар” гуруҳида мазмунли ижод қилган.


Гавҳар Зокирова,

Ўзбекистон халқ артисти,

Карим Зокирийнинг келини:

– Ботир ака ниҳоятда маданиятли эди. Оиламизда бу инсоннинг айтган сўзлари қонун бўлган. Биласизми, баъзида қайнонам сал қаттиққўллик қилса, Ботир ака дарров жигарлари томон бўлиб оларди. Шунча обрў, шунча маҳорат билан бирон марта катта кетганини, кимгадир кибр билан сўзлаганини эшитмаганман. Асли Зокировлар шуҳратпараст эмас. Қайнотам халқ артисти бўлса-да жуда содда, самимий инсон эди. Мана шу камтарлик санъати билан бирга фарзандларга мерос бўлиб қолди.


Фаррух Зокиров,

Ўзбекистон халқ артисти,

Карим Зокирийнинг ўғли:

– Мен Карим Зокирийдек улуғ санъаткор, самимий бир инсонни фарзанди эканлигимдан фархланаман. Ботир Зокировдек аканинг укаси бўлганимдан ғурурланаман. Менинг зиммамда катта юк бор, шу сулолага мос ва хос бўлиш! Юриш-туришда ҳам, ижодда ҳам, муомалада ҳам доим мана шу ҳақиқат мени яхши маънода назорат қилиб туради. Онам раҳматли жуда шаддод аёл бўлса, отам бир қадар мўмин одам эди. Ака-укалар ота-онамдан олган хислату фазилатлар билан халқнинг орасига кириб келдик.


Жавоҳир Зокиров,

Гавҳар ва Жамшид Зокировларнинг ўғли:

– Фаррух амаким доим: “Жамшид отамга ўхшарди, кенгфеъл, одамохун… Отам ҳам Жамшидни бошқача яхши кўрарди. Одамлар ҳам доим Жамшид Каримнинг асл фарзанди, деб бошқача ҳурмат қиларди”, деб отамни эслайди. Мен Карим додамни элас-элас эслайман… Бўйлари баланд, юзлари нурли одам эди. Шоҳиста бувимнинг эркатойи бўлганман. Тақдир, менинг ҳам пешонамга санъаткор бўлиш ёзилган экан. Ёшликда балки сулоланинг залворини ҳис қилиш учун тажрибам етмагандир, лекин ҳозир мен Зокировларнинг бир вакили сифатида ижод қилишга мажбурлигимни биламан.


Зокировлар сулоласи! Катта мактаб, катта ижод маскани ва ўзига хос тарихий оила! Бу сулоланинг санъатга дахлдор вакили борки, ўзбек санъати хусусан киноси, мусиқаси, театри учун ўзининг муносиб улушини қўша олган. Карим Зокирий ҳамда Шоҳистахонимнинг муҳаббат ришталаридан бошланган бу сулола ҳали узоқ йиллар давомида санъат оламида ўзини намоён  этаверади. Боиси,  олмаларнинг тагига олмалар тушаверади, қондаги истеъдод авлоддан-авлодга ўтаверади… 

Зебо ХОМИДОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *