Қизил пальтоли қиз

Севги… Нима у? Қўл билан тутиб, кўз билан чамалаб бўлармикан? Ранги – булутлардек тиниқ ва тезда тарқаб кетувчи пармикан?! Бу ўй‑хаёллар менинг онгу шууримни шу қадар қамраб олгандики, тушларимни ҳам “саҳналаштирардим”… Ширин хаёллар оғушидан оғолмай йилларни илғамай қолиш мумкинлигини тасаввур қилиб кўрганмисиз? Мен соатлар ёки кунлар ҳақида эмас йиллар ҳақида гапираяпман…

Кеча кўзгуга қарадим… Юзларим силиқибди… Онам тўғри айтибди, кўп ишлаб ўзимни олдириб қўйибман. Кўзларимда қувонч бор, лекин уни бир қарашда илғаш қийин. Умид дегани ҳам беҳол кулаётганга ўхшайди… Айтганча, ҳозир қайси фасл… Ўтган куни деразадан баҳорнинг илиқ шаббодасини туйгандим. Бугун эса ҳавода қандайдир совуқ нафас бордек… Секин дераза пардасини кўтариб кўчага қарадим, тавба, шаҳарни оппоқ ўрик гуллари қуршаб олганми? Бунча чиройли манзара… Баланд қаватли уйлардан кўчани, одамларни кузатиш мароқли… Тўхта, нимага ҳамма баҳорга, ўрик гулларига монанд эмас… Телевизордан эшитилаётган таниш мусиқа фикримдан чалғитди, тўғрироғи одамларнинг менинг тасаввуримга монанд эмаслигини тушунтириб берди. Уфф, яна ўша сериал, энди уй бекалари ҳатто баъзи эркаклар бир ой яна ўшаларнинг дарди билан яшайди. Қайсидир фаслнинг сонатаси… Тўхта, ўтган куни баҳор, бугун қиш?! Унда ўртадаги ёз ва куз қаерга кетди? Ёки тақвимнинг икки фаслга аталган саҳифалари ёниб кетдими?.. Кўзларимни юмдим ва тушундимки мен хаёлларга умр фаслларимни ем қилиб юборибман… Ёшим… Ҳар ҳолда ўн саккизда эмас, шукрки қирққа ҳали чиқмадим… Кутиб чарчадим, жуда чарчадим, менинг ёшим, турмушим ҳақида сўнгги пайтларда ҳеч ким гапирмай қўйди, фойдаси йўқлигини тушунишган шекилли. Улар яъни оилам, яқинларим ва бошқалар мени ҳиссиз қари қизга чиқарган ва энг ёмони улар ич-ичидан менинг ҳаётимда ҳеч қачон севги бўлмаслигига қаттиқ ишонар эди. Тўғриси, қари қизлигимни билардим, аммо менга аталган муҳаббатга кимларнингдир аллақандай қийматсиз хулосаси тўсиқ бўлишидан қўрқардим. Энг ёмони атрофимдагиларнинг шу хулосасига ўзим ҳам ишонишни бошлагандим. Биргина онам ҳали бахтли кунларим олдинда эканлигини айтар,
тангри ўзимга ўхшаганини яратган, фурсати келиб албатта у билан учрашишимни мендан ҳам кўп ишонарди…

Гардеробдан қизил пальтоимни олиб кийдим. Айтганча, бир ойдан буён шу пальтони кияман, қаранг либосларим алмашгану, хаёлларим ўша-ўша содиқлигича қолган… Бугун оқ пальтоимни кияман…

Бекатда автобус кутиш ҳар доим ҳам ёқимли эмас, лекин бугун ич-ичимдан кутишга шайман. Энтикиш, нимагадир ҳаяжонланиш… Назаримда 35 ёшда бундай хаёллар ғалати… Биров ўйларимни ўқиб олишидан қўрқдим. Яхши ҳам оқ кийганим, агар қизил пальтони кийганимда бекатда оловдек ҳамманинг назарига илинардим…

– Нимага бугун қизил пальтоингизни киймадингиз?..

Кутилмаганда берилган саволга нима деб жавоб беришни билмадим. Зум ўтмай жавобдан олдин саволни ким бергани муҳимлиги хаёлимга келди. Секин ёнимга қарадим. Қора курткада, баланд бўйли, кўзлари хиёл қисиқроқ бир йигит турарди.

– Тушунмадим? – дедим унга…

– Оқ ҳам сизга ярашар экан… – деди у.

– Биламан, ярашмаганини киймайман, – дедим бироз қўполлик билан. Тўғриси, шу онда нотаниш билан қандай оҳангда бўлмасин суҳбатлашиш ёқарди. Қулоғимга унинг овози ёқарди.

– Бир ойдан бери ўша пальтоингизга маҳлиёман, – дея ҳазил билан енгил табассум қилди у.

– Атиги бир ойми, мен уч йилдан бери унинг “асириман”, – дедим кулиб.

– Келинг, бугун ўша автобусга чиқмайлик, қолаверса ишингиз бошланишига ҳали икки соатча бор. Вақтли бориб яна столингиз олдидаги ойнадан узооооқларга термулиб, бировларни илғамай ўтирасиз, – деди ва “юринг”, дегандек йўл бошлади.

Дастлаб нима дейишни билмадим, аммо бу эртакчининг сюжети менга маъқул бўлаётган эди… Эргашдим…

Орадан кунлар ўтди. Бекатга бир-бир ярим соат эрта чиқиб, Нотаниш билан пиёда юриш аста-секин одатга айланди. Аслида тиш шифокори бўлган бу йигит мени айнан қизил пальтоим сабабли ёқтириб қолибди. Кўзларимдаги қувончни, умид бўйларини ўстираман, ташвишларингизга елка, кўз ёшларингизга кафтимни тутиб, сизни юрагимда асрайман, деган ваъдалардан йироқ, оддий жуда оддий суҳбатлашардик. Севги-муҳаббат ҳақида сўз йўқ эди, аммо менда ўша туйғу ниш ураётганди. Эҳтимол йиллар давомида шундай суҳбатдошга интиқлигим сабаб Нотанишга боғланиб қолаётгандирман, деб ўйлардим. Энг ёмони 35 ёшимда кимгадир алданиб қолиш, тўғрироғи ишончимнинг чил-чил синиши ҳақидаги ташвиш эди…

Тақвимга қарадим… 18 декабрь! Янги йилга оз қолди… Мен бу йил билан жуда илиқ хайрлашаман. Агар шу йил келмаганида Нотаниш билан учрашармидим…

… Бекатда уч соатча қолиб кетдим. Бурчакда майда-чуйда сотиб ўтирган аёл менга қайта-қайта қараб, охири қарамай қўйди. Тавба, у ҳам Нотаниш билан танишлигимни билади шекилли, уни кутаётганимни сезаяпти, дейман ўзимга-ўзим… У келмади… Бирон иши чиққандир ёки беморлари кўпайган. Совуқ одамларнинг юрагидан аввал милкига таъсир қилади-ку, дея ўзимни юпатдим. Ишга боргим келмади. Уйга қайтдим ва яна уни ўйладим…

Уч кун ўтди. 22 декабрь. Нотаниш қизил пальтоимни яхши кўришини билганим учун атайлаб оқини кияётгандим. Бугун қизилни кийдим. Яна қайтадан унинг назарига тушиш истаги қалбимнинг туб-тубидан бош кўтаргани учун…

Автобусларни ўтказиб юбордим… Телефоним қўлимда… Қўнғироқ қилишга ийманаман… Шу пайт биров “Ишонма, кутма, эркак зотини тупроғи шу…”, деди. Пистачи аёлнинг гапи жаҳлимни чиқарди. Оғиз жуфтлаб жавоб қайтармоқчи эдим аёл гапиргани қўймади. “Умримнинг ярмини шу бекатда ўтказдим. Қанча одамларни кўрдим… Яқинда эликка кираман, турмуш қурганимга ўттиз йил бўлди. Болаларим бор, эрим бор. Аммо ҳаётимдан кўнглим тўлмади… Писта сотганим, кун бўйи бекатда ким нима харид қиларкин деган ўйлардан эмас, бу тириклик ғами… Мени бошқа нарса қаритди… Эътиборсизлик, биласанми эрим менга бир марта бўлса-да гул совға қилмаган, бир марта бўлса-да ресторанга таклиф қилиб, бирга тушлик қилмаган. Ҳатто оқшом чоғлари ўн беш йигирма дақиқа пиёда шунчаки юрмаганмиз ҳам… Мана шулар алам қилади…”, аёлнинг дарди ҳар қанча ўринсиз бўлмасин, менга таъсир қилди… Хайрлашмай, секин бекатдан кетдим.

… Уйга борсам онам хурсанд. Уй ичига сиғмайди, мени кўриб кўзлари ёшланди. “Қизим келдингми, ўтир чой ич…” онамга йўқ, дегандек ишора қилдим ва хонамга кириб кетдим…

Менинг кунларим яна аввалгидек ҳувиллаб қолди. Паға-паға ёғаётган қорлар юрагимни босиб қолаётгандек эди. Энди бекатга бормасдим, ишга такси билан қатнай бошладим. Қизил пальтоимни тахлаб, шкафнинг энг узоқ бурчагига беркитиб ташладим…

Тақвимнинг охирги йиртилган варағи 22 декабрь… Бирма-бир йиртиб, бугунги санага етиб келдим… 31 декабрь. Янги йил келади. Бу йил унинг бошқача келишига ишонгандим. Афсуски, ўтган йиллардан фарқсиз яна қанотсиз хаёллар билан келади… Қани эди уни тўхтатиб қололсам… Мен тўхтатиб қолсам, бошқа бир янги йилга, янги кунларга интиқаётганлар нима қилади?..

Оилавий дастурхон… Ҳамма хурсанд, тилаклар айтилмоқда… Шу пайт телефоним жиринглади. Яширин рақам… “Алло”, дедим секин ўз хонамга ўтиб… “Ким бу?”, “Мен Қорбобоман” деган жавоб энсамни қотирди. “Менга қорбобо керак эмас”, дедим тўнғиллаб. “Менга Қорқиз керак”, деди кулиб. “Узр, мен қорқиз эмас, қари қизман”, дедим аламли жилмайиб… “Нимага ундай дейсан, оч эшигингни, сенга совға олиб келдим”… Бу Нотанишнинг овози эди… Хурсанд бўлиб кетдим аммо зумда жаҳл оти келди. Лекин эшикни очиш, уни кўриш истаги ҳаммасидан устун эди. Қўлларим қалтираб эшикнинг зулфини бурадим. Рўпарамда қизил кийимли, серсоқол Қорбобо турарди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, жиянларим учун чақирилган Қорбобони уйга таклиф қилдим. У қопини кўтариб меҳмонхона томон юрди… Зумда уйимиз қийқириққа тўлиб кетди, болалар, ҳатто катталар ҳам хурсанд эди. Энг қизиғи ҳамманинг қўлида совғаси бор… Мен хона эшигига суянганча уларни кулиб кузатардим…

“Бу совғам сенга”, Қорбобо менга яқинлашиб қўлимга кичкина қизил қутича берди. “Бобожон мен сизни кутадиган ёшдан ўтганман, совғангизни бошқа болаларга олиб қўйинг”, дедим энсам қотиб. “Ола қол, энди, илтимос, қўлимни қайтарма”, деди меҳмон. “Хафа бўлманг-ку, жуда шилқим чол экансиз”, дедим жаҳлим чиқиб. “Бурнинг қизариб кетди, совғани олда, мен кетгач қизил пальтоингни кийиб, кўчага чиқ”, дея Қорбобо кўзларимга қаради. Менга меҳр билан термулиб турган бобожоннинг кўзлари хиёл қисиқроқ, бўйлари баландроқ эди…

“Амма совғангизни очинг, нима экан, Қорбобони зўрини чақирибсиз ҳаммага совға берди…” жиянларимнинг овози хаёлларимни бир жойга йиғди. Атрофга қараб Қорбобони топа олмадим, шоша-пиша қутичани очдим. Унинг ичида эса узук турарди… “Вой, тиллами, тилла узукми…” катта жиянимнинг ҳайратига эътибор қилмай шкафимнинг бурчагида ётган қизил пальтоимни кийишга ошиқдим… Кўзларимдан тўкилаётган қувонч юрагимда йиғилган зангларни юварди. Қишдан, қизил пальтодан, пистачи хотину ва яна бошқалардан миннатдор эдим… Мен ўтказган йилларимдан миннатдор кайфиятда кўзлари хиёл қисилган, баланд бўйли Қорбобо – Нотанишим олдига ошиқардим…

СЕВДО

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *