Эркин Комилов: «ОМАД ОСМОНДАН ТУШМАЙДИ»

Мен, отам ва онам

– Онам йигирма иккита фарзандни дунёга келтирган. Мен ўн тўққизинчиман… Фарзанд доғидан куйган ота-онам мени яйраб-яшнаб ўссин деб исмимни Эркин қўйган экан. Улар бағрида яйраганимчалик ҳеч қаерда яйрамадим, билмадим, уларга қандай фарзанд бўлдим, аммо мен учун улар ота-оналарнинг энг аълоси бўлди. Мен отамдек ота бўла олмадим… Ҳеч ким отасидан ўта олмаса керак…

… репетицияни ҳам соғинаман

– Мен Миллий театрга қадам қўйганимга 55 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Бу даргоҳнинг остонаси муқаддас! Келганимдан буён қирқдан зиёд устозлар дунёдан ўтди. Уларнинг ҳар бири санъатда академик эди. Биласизми, уларнинг суҳбатлари шу қадар хуш эдики, эсласам ҳали-ҳануз яйрайман. Мен оддий бир йигит эдим, хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган катта театрда ишлаш, катта ролларни ижро этиш… Тақдиримда бор экан, ёзганларини шукр билан, сабр билан яшаб ўтаяпман! Мен репетицияни ҳам соғинаман. Агар келгингиз келмай, борсамми-бормасамми, деб қадам қўйсангиз билингки, унда сиз бу
касбда ўзингизни топмайсиз. Театрда номига ишлайдиганлар ҳам бор, номига келиб кетади, уларнинг муносабатлари юрагимни оғритади.

… мардлигингиз майдонда билинади

– Шукур Бурҳоновдек санъаткорнинг шогирдиман, бу менинг санъатдаги бахтим! Устозим “Темир интизом керак”, дерди, ўша пайтлар ҳа, тартибли бўлиш керак эканда, дердим. Энди ўйлаб қарасам интизом дегани театрга бўлган ҳурмат, муҳаббат, ҳамкасбларга ўзаро оқибат, ишга масъулият дегани экан. Биз устозларнинг изидан юрдик, уларнинг дуоларидан кўкардик. “Томошабинни севиш керак”, дерди яна Шукур ака… Севмасангиз меҳр қайда, яхши кўрмасангиз сизга кимнинг эътибори тушади. Устоз мана шу ўгитлари билан шогирдни саҳнага олиб чиқади, майдонга элитади… энди мардлигингиз майдонда билинади. Бу ўзингизга боғлиқ!

… ғараз боғларни кўкартирмайди

– О, ҳасад қанча одамнинг бошини еди. Фитна қанча қалбларни синдирди… ўараз боғларни кўкартирмади! Одамзод омонат дунёда яшаётганини унутмаслиги керак. Кимнидир омади кулиб, бахтли ҳаёт кечираяптими, ҳавас қилинг. Сиз унинг ҳаётини яшаманг, ўзингизни йўлингиздан юринг. Омад, бахт совға қилинмайди, ҳаммаси меҳнат. Агар кимгадир омад осмондан тушса, унга ҳам ҳавас қилманг, унинг жавоб берадиган жойлари бўлади… Сиз муҳаббатни,
садоқатни сотиб олманг, шундай яшангки, меҳрни ҳам, севгини ҳам Яратганнинг ўзи сизга берсин!

Қўлингдан келмайдиган ишга чиранма!

– Истеъдодсизларни кўрсам, ҳассага таяниб зўрға юраётган кексалар кўз олдимга келади. Одам қўлидан келмайдиган ишга чиранмагани маъқул. Санъатда юрсангу, сени ҳеч ким танимаса, таниса ҳам меҳр қўймаса, ундан кўра қўлингдан келадиган бошқа юмушни қил! Нима қиласан ҳаммага ҳалақит бериб, санъат – меҳнат, отангни пулига лоп этиб кино олиб, амма-холангни ўйнатадиган майдон эмас…

Мен кутаётган образ

– Шекспир, Горький, Гоголнинг асарларида роль ўйнашни орзу қиламан, демайман. Менга ўзимизнинг асарларимиз маъқул, миллий, ўзбекона… Саид Аҳмад, Тоғай Мурод… Шу ёзувчиларнинг ёзганларидан
завқланаман. Ўқисам асарларидаги ҳар бир қаҳрамон кўз олдимда гавдаланади. Мен кетмонни дастасини мушти билан тутиб, ерни зир титратаётган бобо-деҳқонни ўйнасам дейман… “Сув ёқалаб” фильмидагидек залворли, дарди бор, салобати бор образларга ташнаман. Шундай ролларда актёр пишади, терлайди, ўсади… Мен Жаҳонгир Қосимовдан миннатдорман. “Сув ёқалаб” картинасида мени кўра олгани учун!

Актёр мард бўлиши керак

– Актёрнинг қисматидаги энг аниқ ўқиладиган сўз бу кутиш! Ҳар бир актёр кутади, кимдир йиллаб кутади, яна кимдир бир умр бекатда қолиб кетади. Аммо менинг ижодимда кутиш онлари узоқ эмас. Театрга келишим билан катта роллар берилган, кинода, телевидениеда ёниб ижод қилдим. Бу ҳамма актёрга ҳам насиб этмайдиган тақдир. Саҳнадаги илк дублёрим Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов эди. Ооо, у ҳаяжонларни эсласам… Комил Яшиннинг “Йўлчи юлдуз” спектаклидаги Аваз образи эди. Қисматни қарангда, ўшанда Зикир ака Аваз образини “ўзинг ўйна, бу роль сеники”, дегани эсимда. Актёр мард бўлиши керак, тан олишни ҳам, тан беришни ҳам билиши керак.

Кимдир ғолиб, кимдир мағлуб…

– ўам чекмай, дард кўрмай яшаган бирон одамни менга топиб беринг! Ташвишсиз, умидсиз кимсани билсангиз менга айтинг! Меҳрга муҳтож бўлмагани йўқ! Шунинг учун ҳам бу ҳаёт курашлардан иборат! Кимдир ғолиб, кимдир мағлуб… Одамлар орасида борлигимиз, бугунни шукр билан яшаётганимиз бахт аслида…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *