АМИР ОЛИМХОННИНГ РАД ЭТИЛГАН СЕВГИСИ ЁХУД ОЗАРБАЙЖОН ТААССУРОТЛАРИ

Мамлакатимизда ҳар соҳада бўлгани каби кинематография соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, чорак аср аввал тўхтаб қолган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди, дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлган Бутунроссия давлат кинематография институти филиали иш бошлади. Ўзбекистон кинематография агентлиги таркибидаги тузилмалар бугунги кун талаблари асосида қайтадан ташкил этилди.

Жорий йилнинг 7-10 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ва Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги ҳамкорлигида Боку шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбек киноси кунлари”да Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигидаги делегация таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, кинорежиссёрлар Рустам Саъдиев, Элдор Мамедов, Дилмурод Масаидов, киножурналистлар Феруза Нодирова, Шоира Рауфбоева каби ижодкорлар иштирок этди.

Ташриф доирасида ҳар иккала томон медиа соҳасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида таклифлар беришди. Айниқса, яқинда ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган Хўжа Насриддин латифалари ҳақида суратга олинадиган фильм ўзбек ва озарбайжон халқининг ўзаро умумий қадриятларини намоён этишига умид қиламиз. Шунингдек, Бухоро Амирлигининг Амир Абдулаҳадхон, Амир Олимхон каби сиёсий арбоблари билан яқин муносабатда бўлган озарбайжонлик тадбиркор Ҳожи Зайнулобиддин Тағиев ҳақида яратилаётган “Валинеъмат” фильми хусусида ҳам тўхталиб ўтсак.

Ҳожи Зайнулобиддин Тағиев Озарбайжон тарихида катта мавқеига эга бўлган тадбиркорлардан бири. Биби Ҳайъат ҳудудидан Тағиевнинг ер сотиб олиши ва бу ҳудуддан нефть конининг топилиши унинг ўз даврининг бадавлат кишилари сафига қўшади. Фаолияти давомида Бухоро амирлиги вакиллари билан тез-тез учрашиб, турли соҳаларда музокаралар олиб боришган. Амирлик оиласи вакиллари, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Чўлпон, Абдулазиз Абдурасулов сингари ўзбек зиёлилари ҳам Ҳожи Зайнулобиддиннинг хонадонида меҳмон бўлишган. Шундай кунларнинг бирида Амир Олимхон Тағиевнинг қизи Сора хонимни ёқтириб қолади ва унинг қўлини сўрайди. Бироқ Ҳожи қизининг ёшлигини баҳона қилиб, фарзандини ўз юртидан олисга узатишни истамайди… Форум доирасида ушбу фильм воқеаларининг бир қисми Ўзбекистон ҳудудида ҳам суратга олиниши ҳақида келишув бўлди. Ўйлаймизки, бу каби тадбирлар миллий киносанъатимизнинг янада кенгроқ қулоч ёзишини таъминлайди ва янги лойиҳаларга замин яратади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *