МАВЛУДАНИНГ ИРОҚИ ДЎППИСИ

Уни илк бор кўрган кунимни эсласам, кўз ўнгимда бошига ироқи дўппию эгнига хонатлас кўйлак кийган,
сочларини қирқ кокил қилиб ўрган, қораширғай чеҳрали, тўқ яшил‑жигарранг кўзларидан мағрурлигу масрурлик учқунлари чақнаб турган қизалоқ гавдаланади.

Дастлабки суҳбатлару
муомала‑муносабатлар асносида у ҳақда яхши тарбия кўрган шарму ҳаёли, яхши маънодаги бироз шаддод чинакам ўзбек қизи экан, деган хулоса чиқарганман. Бунга яна бир сабаб – танишув чоғимизда “қаердансиз?” деган саволимга жавобан Самарқанддан унча узоқ бўлмаган Элпок қишлоғидан эканини айтди. Маъносини сўрадим. “Бу – “Эли пок”, деган маънони билдиради, дея изоҳ берди у. Мен бу жавобдан қониқдим. Зеро, ҳар бир киши асосий хислат‑фазилатларни ўзи туғилиб‑ўсган тупроқдан, ичган сувларидан олади, деган эски ақидага ишонар ва ўзимча феълимдаги шўхлигу жўшқинликни киндик қоним томган маскан номию коми билан боғлаб юрар эдим. Шу боис Мавлуданинг сийрати, шубҳасиз, уни дунёга келтириб, вояга етказган азиз маскани моҳиятига боғлиқ, деган фикрга бордим. Сирасини айтганда, одам ўз ҳаёти давомида танишган, узоқ йиллар давомида бирга ўқиган ёки ва ишлашган кишиларнинг барчасининг ҳам манзилларини умрбод аниқ ва тиниқ эслаб қололмайди агар мана шундай бир фикр сабаб бўлмаса. Бу фикримнинг мутлоқ ҳақиқат эканлигига даъво қилмайман. Зеро, номи у қадар чиройли, мазмуни унчалик маънодор бўлмаган қишлоқлардан ҳам кўплаб одобию ахлоқи гўзал, етук инсонлар кўплаб етишиб чиққан. Гап номда эмас. Бироқ ана шундай мувофиқлигу монандлик ҳам кўп учрайди ва бундай ҳолатларга дуч келганингда севинасан, ўша хуш унвонли манзилу унинг шу атамага муносиб фарзандларига беихтиёр меҳр қўясан. Ҳолбуки…

Ўзимнинг эсимда йўғ‑у гуруҳдош қизларнинг кейинчалик гинахонлик билан эслатишларига қараганда, ўша биринчи сентябрь куни аудиторияга кириб, қизларга бирма‑бир назар солиб, чиққач: “биттаям пичоққа илинадигани йўқ экан”, дея қўл силтаган эмишман. Ҳазиллашган бўлсам керак. Зотан…

Ёшлигимда анчайин шўх ва ўйинқароқ эдим. Бу гапимни дорилфунунда бирга таҳсил олган сабоқдошлар, айниқса қизлар холисона тасдиқласалар керак.

Қизлар бундан кўп нолишар, дакки беришар, нега шунақалигимни кўп сўрашар, мен уларга тўрт ёшимдан бошлаб тарбия қилган Янглиш бувим ҳаддан ортиқ эркалатиб ўстирганини, бунинг устига унинг дугонаси, қўшнимиз Иқлим момо, деган қушноч кампир томоғим оғриган ёки кўзиккан пайтларимда ирим‑сиримлар билан даволаш баробарида мудом қулоғимга: “Бола бўлсанг шўх бўл, шўх бўлмасанг йўқ бўл”, дея қуйганини айтиб ўзимни оқлашга уринар эдим. Уларга раҳмат, эркалигу шўхликларимни кўтаришар, рақсга таклиф қилган кезларимда кўп ялинтирмасдан рози бўлишарди. Дарвоқе, изоҳ бериб ўтишим керак, ўша даврларда кўпроқ европача танцалар уюштириш устувор эди. Фақат…

Мавлуда мен билан рақсга тушишга сира кўнмасди. Чунки ҳаддан ортиқ одоблими, ҳаддан ортиқ жиддийми, эди. Ҳатто: “яқинлашманг менга”, дея пўписа ҳам қилиб қўярди. Унинг мана шу ибога йўғрилган саркашлиги ҳам эсимда сақланиб қолган. Айни ўринда ёш дўстларимга қарата бир шахсий мулоҳазамни билдириб ўтишни истар эдим. Тенгқур қизлар орасида одамга тез эл бўлиб кетадиганлари, кино ёки театрга таклиф этганингда дарров рози бўлиб, олдинга тушадиганлари эмас, ўз номию шаънини мустаҳкам қалъа сингари сақловчи, ёнгинангда бўлса‑да, сенга олис юлдуз сингари маҳлиё этиб чақнаб турадиганларига интилмоқ, ўз толеингни шундайлар васлидан изламоқ керак. Зеро, вафоли ёр, файзли оила бекаси, меҳрибону талабчан она, набираларга беражак тарбияси мукаммал буви айнан шундайлардан чиқади.

Шу мулоҳазалар натижасидамикан, менда Мавлуда тарбия топган муҳит, оила, юқорида айтилган эзгу маъноли қишлоғи билан танишиш истаги пайдо бўлди ва мавриди келганда бу иштиёқимни амалга оширишни дилимга тугдим. Афсуски…

Бу ниятим ҳануз рўёбга чиқмади. Тўғри, қайсидир босқичдан сўнг ёзги таътил чоғи гуруҳдошларимизни Мавлуданинг қишлоғига олма теришга олиб боришган экан. Афсус, ана шу
завқли кунларда мен дўстим Муҳаммад билан Россия ўрмонларида, халқаро талабалар қурилиш отряди сафида бўлганмиз. Агар ўшанда олма теришга мен ҳам борганимда балким унинг қалбига йўл топган бўлармидим. Хуллас, биз Россиядан қайтиб келсак, Мавлуда унаштирилган экан…

Ўқишни битказиб кетганимиздан сўнг Мавлуда билан деярли хабарлашмаганмиз. Ўзимни ҳарчанд мажбурламайин, мен унинг тўйида ҳам иштирок этолмаганман. Тақдирми, вазият тақозосига кўрами, курсдошларнинг дорилфунунни битирганимизга беш, ўн, ўн беш, йигирма йил тўлиши муносабати билан ўтказилган учрашувларида ҳам сийракроқ қатнашишимга тўғри келди. Давлат иши, кейинроқ Тошкентга кўчиб кетишим сабаб, аксарияти Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм томонлардан бўлган ёшлигимнинг азизу қадрдонлари ила бот‑бот учрашиш, суҳбатлашиш имкони йўқ эди. Ажабки…

Орадан салкам қирқ йиллар ўтгач, кунлардан бир куни таҳририятдаги хизматхонам телефони одатдагидан бошқачароқ, қанақадир сеҳрлими, меҳрлими, жиринглаб қолди. Ишонинг, шундай бўлади – узоқ йиллар кўрмаган қадрдонинг қўнғироқ қилаётганини одамнинг кўнгли сезади.

Гўшакни олиб, қулоғимга ишонмадим. Сим ортидан менга жудаям таниш, ўша мунису мушфиқ, айни пайтда шарму ҳаёга йўғрилган шаддод овоз янграётган эди.

– Яхшимисиз Олимжон, соғ‑саломатмисиз, мен Элипокдан Мавлудаман!..

– Воажаб! Бу ўша мен билган, шўхликларимга кескин дашном билан жавоб қайтаргувчи Мавлудами? Ўша шаддод ва тегманозик қизнинг тилидан наҳотки “жон”, деган қўшимча чиқаётган бўлса, мен у ҳатто невараларигаям бундай меҳрибон оҳангда гапирмаса керак, деб ўйлаб юрардим, – дедим. У ҳазилимни тушунди

– Ўз жони кўзига ширин кўрингач, ҳаммани “жон”лаб қоларкан киши, – деди у.

– Бахайр? Тинчликми? Жонингизга нима қилди?

– Шошилинч тиббий ёрдам клиникасида ётибман. Ўт қопимда тош пайдо бўлган экан, ўшани олдирдим.

– Ҳайрият, қутилибсиз. Операция яхши ўтдими? Ҳозир тетикмисиз?

– Худога шукр, аҳволим яхши, эртага жавоб беришмоқчи. Операция қилган жарроҳ йигитнинг қўли жуда енгил экан. Ўшанга… Бу ердаги бошқа яна бир қанча беморлар билан маслаҳатлашиб, шу шифокор йигитга матбуот орқали бир энликкина миннатдорлик билдирмоқчи эдик. Ўзиям жуда оддий, ногиронлар оиласидан чиққан, ҳалол, самимий инсон экан. Шунга нима дейсиз?

– Албатта билдириш керак. Исми‑шарифи қанақа?

Мавлуда жарроҳ йигитнинг исми‑фамилиясини айтди ва:

– Худо хайрини берсин. Кўпларнинг мушкулини енгиллатаётган экан. Миннатдорлик мактуби газетада чиқса, бехабар қолмайлик, – деди.

– Чиққанидан сўнг сизга хабар қиламан, мобиль телефонингиз рақамини айтинг, – дедим. Айтди.
Кейин биз унинг шахсий ҳаёти ҳақида суҳбатлашдик. Узоқ йиллар давомида она қишлоғида ўқитувчилик қилибди, оилали, фарзандли, неварали бўлибди. Мухтасар айтганда, бир қизнинг орзусидаги толега эришибди. Турмуш машаққатларини сабр‑тоқат, ҳалол меҳнат билан енгиб яшаётган экан.

Орадан бирор ҳафта ўтди адашмасам. Миннатдорлик мактуби газетада босилди ва мен бу ҳақдаги хабарни етказиш учун Мавлуда берган телефон рақамини тердим. Негадир жавоб бўлмади. Безовталаниб, ора‑орада хабарлашиб турадиган сабоқдош дўстларга сим қоқдим.

– Эшитмадингизми, Мавлуда… вафот этди…

– Водариғ! Қачон? Ахир менга: “операция муваффақиятли ўтди, дарддан фориғ бўлдим”, деганди, газетада дўхтирларга миннатдорлик мактуби юборганди‑ку.

– У касалликдан эмас. Соғайиб, касалхонадан чиқиб, уйига келганидан сўнг бир неча кундан кейин тўсатдан астма хуруж қилган, ўша лаҳзада дориси ёнида бўлмаганми, ёки бирор сабаб туфайли кучли аллергия юз бергану дори етарлича таъсир қилмаганми, хуллас, дами қисиб, юраги тўхтаб қолган…

– Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Бошқа нима ҳам деяолардим. Ўлим ҳақ. Оллоҳнинг иродаси шундай экан.

Албатта, унинг менга умри давомида қилган ягона илтимосини бажарганим хабарини етказолмаганим жудаям алам қилди. Зеро, агар шуни билдириб улгурганимда, эҳтимол, унинг қалбида яхши бир инсонга ўз раҳмату ҳурматини айтиш орқасидан жиччагина бўлса‑да севинчли қониқиш пайдо бўлиб, ҳаётининг сурурли дамларига яна бир неча лаҳзалар қўшилармиди. Начораким, бандаси ожиз, унинг ана шундай “агар‑магар”лар билан кифояланишдан ўзга имкону иложи йўқ.

Мавлуда ҳануз кўз ўнгимда ҳув ўша биринчи сентябрдаги атлас кўйлакли, бошида ироқи дўппию сочлари майда ўрилган, навраста ва боибо қиз бўлиб гавдаланади. Назаримда ҳамиша шундай бўлиб қолса керак. У мудом уйғоқ хотирам чаманзорининг бетакрор ва безавол гулларидан биридир.

Ҳабиб ТЕМИРОВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *