Оролмирзо САФАРОВ: “Ютуқларим тасодиф эмас!”

Оролмирзо Сафаров Ўзбекистон халқ ҳофизи! Ортиқча таърифга ҳожат йўқ, ҳофизнинг изҳорларини сизга тақдим этдик.

Бувимдан мерос

– Исмим отамнинг оналари – бувимдан мерос. Бувимнинг Орол деган тоғалари урушга кетиб, бедарак йўқолган экан. Орадан ўттиз бир йил ўтиб акаларимга насиб қилмаган мана шу Орол деган исм бувим орқали менга насиб қилган. Тўғрисини айтсам, болалигимда исмимни ёмон кўрардим. Интернатда ўқиб юрган вақтларимда ўзимни Аҳрор, деб таништирардим. Тарбиячи ўқитувчиларим исмим Орол эканлигини билишарди. Лекин Аҳрор бўлиб интернатда машҳур бўлганман. Институтга келган вақтимда Аҳрор деган номер ўтмади. Ўқишга келган вақтимда “бекорларни бештасини айтибсиз сизнинг исмингиз Аҳрор эмас, сиз Оролсиз!” дейишди. “Камолот” кўрик-танловига қатнашганимдан кейин устозимиз Бахтиёр Сайфуллаевнинг таклифи билан Оролнинг ёнига Мирзо қўшилиб, икки серияли Оролмирзо деган исм бўлди.

Болалик

– Болалигимдан анча шўх бўлганман ўзи аслида. Унча-мунча нарсани кўнгилга оладиган, арзимаган нарсага хафа бўладиган тоифадан эмасдим. Кўп нарсани кўриб, кўрмаганга, билиб, билмаганга, эшитиб, эшитмаганга олиб кетаверардим. Бу кайфият менда ота-онам интернатга бергунларича давом этган. Уйга ўрганиб қолганман, уйда ота-она, опа-акаларнинг меҳрига ўрганиб қолган боланинг интернатдаги изтироблари осон бўлмаган! Кейин йиғлоқи болага айланиб қолдим. Ўн уч-ўн тўрт ёшларимда деярли ҳар ҳафта телевидение орқали бериладиган “Телевизион миниатюралар театри” ва “Экран ҳандалари” деган кўрсатувларни кўриб, эшитардим. Ўша актёрларнинг ижроси менга завқ бағишлаган. Ўзимча уларга тақлид қилиб овозларини ўхшатишим ўша пайтларда бошланган…

… қаторингда нор бўлса!

– Эсимда радио уйида овоз ёзиш учун студиядан вақт олинган, лекин мени олиб борадиган йигитлар ўша куни келишмаган. Роса кутганман, таваккал йўлга чиққанман. Адашиб қолишдан эмас, мен студиянинг мен учун ажратилган вақтини йўқотиб қўйишдан қўрққанман! Ўзимнинг ҳаётимга солаётган хавфимдан кўра келажагимдан қўрққанман. Чунки, овоз ёзиш студияси жуда қаттиқ назорат билан бериларди, унинг дақиқалари ҳам бебаҳо эди мен учун! Кўзларим қамашиб, йўлларда қийналиб, метрога бир амаллаб тушганларим… Ҳаммаси ортда қолди. Ёруғ кунлар келди. Атрофимда энди шогирдларим бор, фарзандларим бор, дўстларим, ошна-оғайниларим бор. “Юкинг ерда қолмагай, қаторингда нор бўлса” деган гаплар бекорга айтилмаган!

…охиринг хор бўлмасин!

– Мен битта байтнинг маъносини йиллар ўтиб тушундим, “Аввалинг хор бўлса бўлсин, охиринг хор бўлмасин”. Ёшликда тортган машаққатларни қариганда бошдан кечириш икки баробар малол келар экан одамга. Инсонга бахт, омад ва давлат ҳам керак. Бойлик вафосиз, лекин меҳнатнинг ҳалол натижаси барибир одамга куч беради. 1991 йилда “Камолот-91” кўрик-танловида таваккал қатнашганман.
Халққа танилиб улгурган хонандалар билан битта саҳнага чиққанман ўшанда. Валижон Қодиров, Илҳом Иброҳимов, Равшан Комилов, Ҳожиакбар Раҳматов… “Гран-при”
мукофоти менга насиб қилган! Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги давлат мукофотининг лауреати, устозимиз Шерали Жўраев ҳакамлар ҳайъатининг раиси эди.

Менинг ютуқларим тасодиф эмас!

– Қўшиқчилик соҳасида эришган ютуқларимни тасодифий бир ҳол деб ўйламайман! Нимаики унвон олган бўлсам, қайси бир кўрик-танловларда ғолиб чиққан бўлсам, давлатимизнинг қайсидир мукофотларига эришган бўлсам бу тасодиф эмас! Оғзига кучи етмаган “буни кўзи ожизлиги учун, раҳм қилиб, шафқат қилиб берган” деб хом хаёлда юрган инсонлар эшитиб қўйсин. Катта меҳнат билан келдим бу кунларга… 30 йилдан бери институтда дарс бераман… Виждонан ижод қиламан, виждонан ишлайман… Баҳолар ҳам виждонан бўлиши керак!

Ўғлим билан аёлим пешонамга сиғмади

– 1992 йилда арзимаган ойлик билан ишга кирганман. Топган пулим қорнимизга етса, устимизга етмасди. Устимизни ёпсак, оёғимиз очиқ қоларди. Бошпана учун ўзимизнинг уйимиз бўлмаган. Биринчи оилам Хуршидахон билан кўрмаган машаққатлар қолмади… Курсдош эдик, йигирма йил бирга яшадик. Аллоҳнинг ҳукми экан, катта ўғлим билан аёлим пешонамга сиғмади.

Аллоҳнинг нуқсон билан яратган бандасини камситишдан оғир гуноҳ йўқ экан… Бировлар, айниқса болалигимда мени биров “кўр” деса жудаям алам қиларди. Кўп йиғлаганман, кўп хўрланганман. Бир йили, адашмасам йигирма уч ёшларимда кимлигини айтмайман, оламдан ўтиб кетди, хизматга олиб борди. Хизматдан кейин маст-аласт одамларнинг орасида ашула айттирди. Ўшанда санъаткор бўлганимдан афсусланиб кетганман. Устига-устак шунча қилган хизматларим эвазига арзимаган бир нарсани чўнтагимга солиб қўйди. У менинг ҳафталик рўзғоримга ҳам етмасди. Ўшанда “Майли, мен сизнинг берган пулингизга розиман, лекин иккинчи мени йўқламанг, сиз билан хизматга келмайман” дедим. Кейин у: “Сени худо билиб, туриб, кўр қилиб яратган, ношукрсан”, деб ҳақорат қилди. Кўнглим оғриди, яратган эгам, агар кўзимни ўзингнинг фазлинг билан ожиз қилиб яратган бўлсанг, мен сенинг берган бу дардингни кўтаришга розиман. Лекин беҳуда ҳақорат қилган одамни жазоламасанг, мен рози эмасман, дедим. Орадан 6 ой ўтмасидан ўша одам қамалиб кетди.

Мен дардимни қабул қилдим, шукр қилдим ва ҳаёт менга кўп сабоқ берди. Ҳаммаси учун шукр! Бугун кимдир менга “қалайсан кўр” деса аввалгидек оғринмайман. Менга дардни Аллоҳ берди, унга исёнларим йўқ… Яратган ҳам севган бандаларини синовларга ташлар экан!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *