МуҚимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиҚали театрига хуш келибсиз!

Театр – ибратхона. Унинг саҳнаси муқаддас! Бу масканнинг фидойилари санъатнинг олимларидир! Пойтахтимизнинг муҳташам Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ҳам маънавий ҳаётимизнинг бир бўлаги. Бешёғочдаги қадрдон театр биносига қадам қўяр экансиз, улуғ санъат фидойиларининг тафтини ҳис қилиб турасиз. 1940 йилда тамал тоши қўйилган театр бугун ҳам ўзининг томошабинига эга. Бу даргоҳ ўзбек санъатининг етук намоёндалари – Сойиб Хўжаев, Собир Раҳмонов, Маҳмуджон ўофуров, Ҳамза Умаров, Эътибор Жалилова, Юнус Ражабий, Лутфихоним Саримсоқова, Шаҳодат Раҳимова, Марям Ёқубова, Омина Фаёзова, Aсад Исматов, Жамолқори ўиёсов, Маъмуржон Узоқов, Тўхтасин Жалилов, Ҳусан Шарипов, Юнус Ражабий, Фароғат Раҳматова, Бахтиёр Ихтиёров каби санъаткорларни кўрган!

Театр 1941 йилда «Тоҳир ва Зуҳра» спектакли билан пардаларини очган. Шундан сўнг ушбу даргоҳда йилларга татигулик «Нурхон», «Олтин кўл», «Момо ер», «Ватан ишқи», «Тошболта ошиқ», «Ўжарлар», «Зўлдир», «Жоним фидо», «Гул ва Наврўз» каби бир неча мусиқали драмалар томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинган.


Хайрулла Иноғомов,
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри
директори ўринбосари:

– Бугун театримизда 260 га яқин ходимлар фаолият юритади. Театримиз ўзининг оркестр жамоаси ҳамда балет гуруҳига эга. Бу жиҳатларни бошқа санъат даргоҳларида учратишингиз мушкул. Насиб қилса, яқин кунларда “Машраб” спектаклини томошабинларга тақдим этамиз. Биз устоз санъаткорларнинг ижодига назар солиб, улардан ўрнак олган ҳолда фаолият юритишимиз шарт. Ҳар доим театр равнақи учун қўлимдан келганча меҳнат қиламан, бу даргоҳ мен учун жуда қадрли.


Наима Пўлатова,

Ўзбекистон халқ артисти:

– 1958 йилда Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Ўзим санъаткорлар оиласида туғилмаган бўлсам-да, негадир бу олийгоҳга кирганимни яшириб: “Педагогика институтига кирдим”, деб ота-онамга ёлғон гапирганман. Ўқишдан машғулотлар, репетициялар сабаб жуда кеч қайтардим. Уйимдагилар: “Нега кеч қайтяпсан?”, деб шубҳалана бошлашган. Шундан кейин ростини айтишга мажбур бўлганман. Биз мусиқали драма актёрлигининг илк битирувчилари бўлганмиз. Устозимиз Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроев бизларни шу театрга етаклаб келган. Устозлардан санъат сирларини ўргандик. Устозлар: “Ҳеч қачон мансабпараст бўлманглар, унвон талаб қилманглар, ҳар ким пешонага ёзилган, лойиқ кўрилган куни ўз унвонини олади”, дерди. Мана мен ҳам ўн тўққиз йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, қирқ йилда Халқ артисти унвонига сазовор бўлдим. Ваҳоланки, ўқишни битиргунга қадар бир неча бош ролларни ижро этишга ҳам улгурганман. Мана бугун ҳурматда, эъзоздаман. Устозлардан ўрганганларимни шогирдларимга ўргатиб келяпман. 63 йиллик фаолиятим давомида бирон армоним қолмади. Ўзим истаган барча қаҳрамонларни саҳнада жонлантирдим. Мен бу театрдан бир умр қарздорман. Тилагим – театримиз бундан-да гуллаб-яшнасин, истеъдодли устозларимизга муносиб санъаткорлар етишиб чиқсин.


Маъсуда Отажонова,

“Меҳнат шуҳрати”
ордени соҳибаси:

– Бу театрга илк маротаба 1985 йилда қадам қўйганман. Устозларим Бахтиёр Ихтиёров ва Ҳусан Шариповлар мени шу даргоҳга келишимга сабабчи бўлишган. Биз ҳам роль ижро этамиз, ҳам қўшиқ куйлаймиз. Ҳар бир спектаклимизнинг чиройли ариялари бор. Мен бу театрнинг устунлари бўлган инсонларнинг шогирдларига шогирдман. Улардан жуда кўп нарса ўргандим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам спектакль муваффақиятли якунланишига ҳаракат қилишарди. Тенгқур ҳамкасбларим билан импровизация қилишдан гаров ўйнаб, ғолиб бўлардим. Бу театр билан боғлиқ хотираларим жуда кўп. Мени халққа танитган айнан шу театр. Ўлмас Умарбековнинг “Фотима ва Зуҳра” асаридаги Фотима роли орқали ўз мухлисларимга эга бўлдим. Ижро этган ролларингизнинг биттаси бўлса ҳам томошабинга ёқса, спектакль сўнгида сизга бир даста гул тутишса, шунинг ўзи катта бахт. Менга шундай бахтни инъом этган айнан даргоҳдан миннатдорман!


Турғун Бекназаров,

Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган артист:

– Оиламизда санъаткорлар бўлмаган. Отам дурадгор эди. Лекин яратган мени истеъдод билан сийлади.
Ризқим шу театрда экан, тақдирнинг ўзи мени бу ерга етаклаб келди. 1978 йили олийгоҳни тамомлаб, театрга келганман. Бу театрнинг муҳити бошқача. Мусиқа ва арияларсиз ролимдан қониқишим қийин. Ўзбек театр санъатининг энг улуғ намоёндалари Ҳамза Умаров, Сойиб Хўжаев, Маҳмуджон ўофуровлар билан ёнма-ён ижод қилдим. Улардан ўрганганларим кўп. Шунча йиллик фаолиятим давомида кўплаб ролларни ижро этдим. Бироқ юрагимда бугунги кун қаҳрамонлари образини жонлантиришга бўлган шижоат, хоҳиш бор.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *