Пойтахтимизда

Яккасарой туманидаги 118-умумтаълим мактабида 5-16 ёшгача бўлган ёшлар иштирокида “Ал-Хоразмий авлодлари” деб номланган ментал арифметика йўналишида Республика бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ёшлар иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятларини синаб кўришди. Шунингдек, ушбу мусобақада ҳар бир ёш бўйича олий ўринни эгаллаган 3 нафар иштирокчи 2023 йилнинг 4-6 январь кунлари Қозоғистонда ўтказиладиган Халқаро ментал арифметика мусобақасига йўлланмани қўлга киритди.

Учтепа туманида жойлашган “Нуробод”, “Ҳамдўст”, “Ширин” ва “Ватан” маҳаллаларида ярмаркалар ташкил этилиб, унда озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда аҳолига сотилди.

Янгиҳаёт туманида истиқомат қилаётган 50 нафар эҳтиёжманд фуқаро ва маҳалла фаоллари учун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳомийлиги асосида Самарқанд вилоятига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида Самарқанднинг қадимий обидалари, мадраса ва мақбаралари, диққатга сазовор жойларию меъморий объектларини томоша қилиш имкони яратилди.

Шайхонтоҳур туманида жойлашган бир нечта мактаблар юқори синф ўқувчиларини ҳарбий хизматга бўлган иштиёқини янада ошириш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Чирчиқ округ полигонига экскурсия ташкил қилинди. Саёҳат давомида ўқувчи-ёшлар сержант ва офицерлар томонидан ҳарбий техникалар билан таништирилиб, ҳарбий хизмат ҳақида тушунчалар берилди ва ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Сергели тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, 1-сектор Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари ва фаоллар иштирокида туманда жойлашган 351-умумтаълим мактабида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди. Унда иштирок этган кекса авлод вакиллари ёшлик даврларидаги қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар ва нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Шунингдек, тадбирда хушовоз хонанда Наргиза Азимова томонидан куй ва қўшиқлар ижро этилди ҳамда энг фаол ёшларга китоблар, нуронийларга эсдалик совғалари улашилди.

Чилонзор тумани ҳокимлиги дин ишлари бўйича маслаҳатчиси томонидан тумандаги барча ташкилотлар кесимида “Ёшларни ёт ғоялардан асраш” мавзусида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида тарғибот тадбирлари тизимли ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, “Гулистон” ва “Баҳористон” маҳалла идоралари ва 232-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирларда ҳам иштирокчиларга мавзу юзасидан кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилиб, керакли тавсиялар берилди.

Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати Васила Файзиева билан тумандаги 206-мактабда ўзи сайланган ҳудуддаги маҳалла фуқаролари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мулоқот жараёнида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб,
муаммо ва ечими юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда таклифлар берилди. Шунингдек, депутат томонидан қатор муаммоли масалалар жойида ҳал этилди.

Мирзо Улуғбек туманидаги ҳар бир сектордан биттадан маҳалла яъни Шукур Бурхонов, “Аҳиллик”, “Дархон” ва “Катта Яланғоч ота” маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари ташкил этилди. Ҳашар жараёнларида 433 нафар ходим иштирок этди. 113 тонна чиқинди маҳаллалардан олиб чиқиб кетилди, 209 800 кв. метр ҳудуд ободонлаштирилди.

Зафар
НАЗАРОВ

тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *