Юртимизда, жумладан пойтахтимизда кундан кунга янги бино иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Улар аҳолимизнинг кўнгилочар масканлари кўпайиб бориши баробарида пойтахтимизнинг жозибадор туристик масканга айланишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган 50 йиллик тарихга эга “Юбилейний” спорт мажмуаси жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган тарзда қайта таъмирланиб, “Алпомиш” номи билан яна қад ростлади. Мазкур “Алпомиш” муз саройи кўплаб спорт мусобақалари ва бошқа бир қатор тадбирларни ўтказишга мўлжалланган.
Ушбу муз саройининг ҳудуди 8 минг квадрат метрга тенг бўлиб, 6 минг ўринга эга. Муз саройи ҳоккей ўйинлари, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг каби спорт турлари бўйича бир қатор мусобақалар ва муз устида кўргазмали намойишлар ўтказиш учун хизмат қилади. Шу билан бирга пойтахтимиз меҳмонлари ҳам ташриф буюриб, мавжуд шароитлардан фойдаланиши мумкин.
“Алпомиш” муз саройига 5 ёшдан юқори бўлган болажонлар ҳам келиб машғулотларда иштирок этиши мумкин. Шунингдек, бу масканда турли кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурларини ҳам ташкил этиш учун имкониятлар мавжуд.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *