АДАБИЁТИМИЗНИНГ ҲАҚИҚИЙ ҚАҲРАМОНИ

Инсонга бир марта бериладиган ҳаётда у умридан, ўтган кунидан қониқиб яшаши керак. Виждонига хилоф иш қилмай яшаса – бундан улуғ бахт йўқ. Ҳар бир айтган сўзинг, ишинг ўзингнинг хоҳишингга мувофиқ бўлса – энг катта бахт шу. Аксинча, инсоннинг ўз ички интилишлари, қалби, эътиқоти, сўзи билан иши ўртасида зиддият пайдо бўлса, виждони буюрганини қилолмаса, бу – инсон учун жуда катта бахтсизликдир.

Бахт шундай нарсаки, борлигида уни киши сезмайди, йўқлигида орзу қилади. Бахтли одам «мен бахтлиман» деб оламга жар солмайди. Инсон ҳеч қачон бахтга тўйган, бахтим етарли, деган эмас.

Аслида, ҳаётда бирор мақсад билан яшашнинг ўзи – бахт. Мақсадсиз яшаш шундай кўргиликки, у ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Кишида мақсад бўлса, унга эришиш йўлида курашиш, машаққат чекиш, таъна-дашномлар эшитиб куйиб-ёниб юриш ҳам – бахт.


Тоғнинг улуғлигини тасаввур қилмоқ учун ундан узоқлашиш керак бўлганидек, буюк тарихий воқеаларнинг ҳайбатини ростмана ҳис этиш учун маълум вақт масофаси лозим бўлади. Ҳозиржавоблик адибнинг яхши фазилати. Лекин у адабиётнинг белгиловчи шарти эмас. Замонавийликнинг ўзи ҳам бу кунги ҳаётимизни акс эттиришгина бўлмай, замонамизга муносиб бадииятни ҳам ўз ичига олади. Ўқувчи учун авторнинг ёшу қариси, унвонли, унвонсизи йўқ. У ҳамиша ёзилган сатрларга қараб муаллифга ўз муносабатини билдиради: ё қалбига жо қилади, ё унутади, йўқликка маҳкум этади.

Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони

Иброҳим Ғафуров,
Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Эркин Воҳидов ниҳоятда шуурли инсон эди. Шуур ҳаётининг сўнгги дамларигача уни тарк этмади. Инсоний шуур ижтимоий шуурга айланди. Унинг шуури шеърий шуур билан ҳеч ажралмас бўлиб туташиб кетди. Унинг бутун қизиқишлари, интилишлари, афзал кўрган нарсаларни қадрлаш принциплари акс этган китобларидан бирининг номини ҳам у “Шуур” деб атаганди. Эркин Воҳидов умри давомида кўп вазифаларда жон-дилдан берилиб меҳнат қилди. Мустақилликка бор иқтидори ва муҳаббатини бағишлади. Она тилининг гўзаллиги, тозалиги учун курашди. Доимо бир зум тинмай халқ билан озодлик ва муносиб яшаш учун мулоқотлар олиб борди. У жамоат ишини ўзига доим яқин оларди. Эркин Воҳидов ўз асарларига ўхшайди. Ўз асарлари каби тоза эди. Унинг барча иборалари, шеърий жумлалари маъноларга тўла. Маъно суратлари билан музайян. Улар юлдуз шуълаларидай инсонлар кўзларини яшнатиб туради ва ҳаётнинг сир-синоатли сувратларидан дарак беради. У мумтоз маънода ҳам, замонавий маънода ҳам адаб тажассуми эди.


Шерали Жўраев,
Ўзбекистон халқ артисти:
– Мени элга танитган “Ўзбегим”, “Инсон”, “Кема”, “Бу қўллардир”, “Дўст билан обод уйинг”, “Гулнорини ўп”, “Ишқ истилоси”, “Етолмай қоматим ёдур”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” каби йигирмадан ортиқ қўшиқларимнинг муаллифи айнан Эркин Воҳидовдир. Албатта, ушбу ашулаларнинг ўз яралиш тарихи бор…
“Ўзбегим”нинг тарихи эса алоҳида бир ҳикоя…
1968 йил… Иккинчи курс талабаси эдим. Бир танишимиз тўй қилаётган эди. Шу тўй баҳона Эркин аканинг маҳалласига бориб қолибмиз. Кечки пайт. Биз ашулани айтиб жойимизга ўтирганимиздан сўнг бир киши ўрниларидан турдилар-да: “Бизнинг қўшнимиз, ёш шоиримиз бир шеър ёзганлар, ҳозир шуни сизларга ўқиб бераман”, дедилар. Кейин билсам, улар қўшнилари бўлиб, врач эканлар. Улар Эркин аканинг янги ёзилган “Ўзбегим” шеърини ўқиб бердилар. Шеърни эшитгач, мен уларнинг ёнларига бордим-да: “Акажон, илтимос, шу шеърни менга ёзиб беринг”, дедим. Улар эса: “Укажон, имконим йўқ. Чунки бу шеър ҳали цензурадан ўтгани йўқ. Бирон китоб ёки журнал, газетада ҳам эълон қилинмаган. Яқинда ёзилган, рухсатсиз беролмайман”, деб жавоб бердилар. Мен эса: “Акажон, мен буни қўшиқ қилмайман. Жуда катта шеър экан”, дея баҳона қилган бўлдим. Ака унамадилар. “Йўқ, йўқ, ука, қоғоз йўқ, қўйсангиз-чи”, дедилар. Мен эса уларга: “Мана, қоғоз”, деб айтдим. У вақтларда нон соладиган сариқ халта қоғозни ёйиб, тўйларда узун тахта стол устига қопланарди. Кейин каноп ип билан боғланарди-да, устидан дастурхон тўшаларди. “Шундаям беролмайсизми?”, дея бу сафар қаттиқроқ оҳангда сўрадим. Ака, қарадиларки, ният қатъий. Кейин эса: “Майли, қўймадингиз, қўймадингиз”, дея ўша столга ёзилган қоғоз бўлагига шеърни ёзиб бердилар.
Мен шеърни олдиму студентлар шаҳарчасига бориб, ётоқхонадаги қўқонлик болалардан рубобини сўраб олдим. Соат тунги ўн иккилар эди… Шеърни эрталабгача ёдлаб, унинг мусиқасини ҳам басталаб қўйдим. Кейин эрталаб шерикларга чой ичаётган вақтда хиргойи қилиб бердим…
Орадан уч-тўрт кун ўтди… Чиғатой мозорининг нариги томонида бизнинг бир дўстимиз турарди. У: “Бир дўстимникида тўй. Уйларида ош беряпти. Шуникига бориб, битта ашула айтиб беринг”, деди. Мен: “Майли”, дедим. Қўшиқни яратганимга эндигина уч кун бўлганди…
Тўйга борсак, кичиккина ҳовлида ош бериляпти. Бир ҳофиз сочлари узун, баклари чаккасига тушган. Қўшиқ айтяпти. У ашуласини тугатгач, дўстим мени таништириб, “шу киши ҳам бир дона ашула айтсин”, деб илтимос қилди.
Ҳофиз ва доирачи менга назар ташлади-да, нигоҳида: “Сен ниманиям айтардинг”, дегандай бўлди. Ҳофиз оғринибгина менга торини узатаркан: “Илтимос, торни узиб юборманг”, деди.

Доирачи эса ёнимда доира чалишни эп кўрмади шекилли аста нари кетиб қолди. Мен эса давранинг қоқ ўртасида ҳайрон бўлиб турибман. Бир маҳал ўртада даврани бошқариб турган одам менга парво ҳам қилмади-да: “Узатавер ошни, бўл!”, деди ёрдамчиларига. Етмагандай икки-уч одам сен кимсан ҳам демай у ёқдан бу ёққа мени туртиб ўтиб кетяпти. Мен аста ўзимни қўлга олдим, аксига олиб, микрофон ҳам йўқ. Демак, энг баланд пардадан айтаман, дедим-да бир нафас олиб, “Тарихингдир!” дея наъра тортдим…
Шу вақт йўлда кетаётганлар тўхтаб, ортига қайрилиб қараб қолди. Ош узатаётганлар қўлида оши билан ён тарафига ўгирилди. Баланд овозим кичик ҳовлидаги деворга урилиб, янада жаранглаб чиқаётган эди. Билдимки, одамларнинг нигоҳи ва эътиборини ўзимга қаратдим
. Энди юракдан куйлаш керак. Шундай бўлди. Ашула айтаётган вақтимда атроф жим-жит бўлиб қолди…
Мен ўзимни шундай ҳис қилардимки, оёқларим ерга тегмас эди. Мени қандайдир бир куч юқорига, баландга кўтариб турарди. Юракдан, астойдил куйлашга ундарди, илҳом бағишларди. Шунда ўзимга ўзим дедимки: “Бу ерда бутун Ўрта Осиёдаги азиз авлиёларнинг руҳи поклари жам бўлиб турган экан. Уларнинг барчаси шу “Ўзбегим”нинг ичида экан…”.
Ашула тугагандан сўнг барча бирваракайига “Воҳ!” деб юборди. Шундан кейингина қани йўлни оч, даврага чиқсин ҳофиз, деган талаблар туша бошлади…
Шу тариқа Эркин акам билан жўшқин ижодга шўнғидик.


Хуршид Даврон,

Ўзбекистон халқ шоири:

– 1992 йилнинг баҳорида Туркияга бордик. Эркин аканинг ташрифини эшитган ҳижратдаги ватандошларимиз биз турган меҳмонхонага ёпирилиб келишди. Йиллар давомида она юртидан жудо яшаган бу инсонлар Ватанни соғинганда “Ўзбегим”ни ўқиб, овунганларини, бўзлаб йиғлаганларини айтдилар. “Қопали Чорсу” бозорида бир гуруҳ ватандошлар бизни ўраб олишди. Улардан бири қўймасдан ўзининг тилла безаклар дўконига бошлаб борди. Кейин Эркин акага қараб: “Дўконга иккалангиз кириб, хоҳлаган нарсангизни оласиз! Хоҳлаганча оласиз!”, деб туриб олди. “Афғонистонда, болалигимдан “Ўзбегим” қўшиғини эшитиб, улғайганман, кейин ҳам Нью-Йоркда қора ишларда
машаққат чекканимдаям ҳар куни шеърингизни такрорлаб-такрорлаб, катта бўлганман. Бу шеърингиз баҳоси дўконимдаги бор тилла баҳосидан баланд”, деб ялинади кўзида ёш билан. Эркин ака йигитни маҳкам бағрига босди. “Қайтишда дўконингизга келиб, гапингизни ерда қолдирмай, сиз айтган ишни қиламиз”, деди. Қайтишда эса, кирмадик…

Эркин Воҳидов дунёдан зулматни қувган буюк шоирлар сафида ўзбек чироғини баланд кўтарган зиёкордир…


Моҳира Воҳидова,

шоирнинг қизи:

– Кўпчилик мени дадангизга ўхшар экансиз, дейишса хурсанд бўлиб кетаман. Лекин афсус, фақат ташқи қиёфам ўхшайди. Болалигимда адамга ўхшаб ақлли, билимдон бўлиб қоламан деб бош кийимларини кийиб олардим, ёки бошимни бошларига узоқ қўйиб ўтирар эдим. Адажоним кулиб, қўллари билан бошимни силаб: “Қизалоғим, ақиллигим, кўп ўқигин, билим олишдан чарчамагин”, дердилар. Мактабда ўқиб юрган кезлар олий ўқув юртларига имтиҳонларга тайёрланиб ўтирсам, ёнимга келиб: “Тушунмаганларинг бўлса сўрагин”, деб шундай осон, жўн қилиб гапириб берардилар. Ва хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, адажоним тушунтириш берган мавзу ёки шунга ўхшаш саволлар тушарди.

Мен отамни ҳар томонлама етук, комил инсон деб баралла айта оламан. Дунёга келиб, то сўнгги нафасларигача халқим, элим, она тилим, деб ёниб яшадилар. Мен шундай буюк, меҳридарё, олийжаноб инсоннинг фарзанди эканимдан авваламбор Яратганга беҳисоб шукрлар қиламан.

Мени эркалаб “Монта қизим”, дердилар. “Монта қизим келдингми?” деб бағирларига босиб, бошимдан силаб кутиб олар эдилар адажоним. “Ҳаётингдан хурсандмисан? Яйраб-яшнаб, оламни яшнатиб яшанглар”, дердилар. Энди уйга борсак, дарвозамизга ўрнатилган хотира ёрлиғига қараб: “Ассалому алайкум адажон, монта қизингиз келди”, деб онажонимнинг, отамнинг гуллари (онамни Гулим дердилар) томон кириб кетаман. 50 йилдан ортиқ гўзал ва мазмунли ҳаёт кечиришди. Мен отамнинг севги, муҳаббат ҳақидаги барча шеърларини онажонимга аталган деб биламан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *