LOCATION: БЕКАТЛАР

Совуқ кунлар бошланиши билан табиийки аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи янада ортади. Халқимиз манзилини яқин қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи автобус йўналишларида кундан-кунга йўловчилар учун қулайликлар ортиб бормоқда. Айниқса давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг 13 декабрь куни “Тошшаҳартрансхизмат” AЖга қарашли 18-автобус саройига ташриф буюриб, жамоат транспортидаги камчиликларни бартараф қилиш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини тўлиқ қондириш мақсадида қўшимча автобусларни жалб қилиш юзасидан тезкор топшириқлар берганидан сўнг тизимда бир қатор ижобий натижалар кузатилгани қайд этилди. Биз ана шу ўзгаришларни амалда синаб кўришга қарор қилдик.

Илк манзилимиз Юнусобод туманида жойлашган “Олой бозори” бекати бўлди. Бекат бозор олдида жойлашганлиги сабабли ҳам доимо одамлар билан гавжум. Бекат олди тарафи очиқ 4 та ўриндиқ, 1 та эълонлар тахтаси, 5 дона чиқинди солиш учун махсус қутилардан иборат. Йўловчилар томонидан эътироф этилишича, автобуслар қатнови бундан 5-6 ой олдингига нисбатан анча яхшиланган. Бекатнинг тоза ҳолатдалиги бизни қувонтирди. 57-сонли йўналишли автобус ҳайдовчиси –  Нуриддин Зиёвуддиновни суҳбатга тортдик:

8 йилдан бери шу соҳада фаолият олиб бораман. Бу йил транспорт соҳасида анча ишлар амалга оширилди. Йўллар таъмирланиши, янги автобусларнинг олиб келиниши бизни янада яхшироқ ишлашга ундайди. Ўрта ҳисобда 11-13 дақиқада бекатларга етиб келамиз. Бироқ автобуслар кириши учун мўлжалланган бекат олдидаги тўхташ жойига автомашиналарнинг ўзбошимчалик билан тўхтаб олишлари, ҳайдовчиларнинг бир-бирига ўзаро ҳурмати йўқлиги кечикиб келишимизга сабаб бўлади. Халқимизнинг узоғини яқин қилишдан ҳеч ҳам чарчамаймиз.

Кейинги манзил: Миробод туманида жойлашган “Тошкент вокзали” автошоҳбекати. Бу ерга келиб-кетувчи автобусларнинг сони 19 тани ташкил этади. Бекатда автобусларнинг тўхтаб, йўловчиларга хизмат кўрсатишлари учун шароитлар аъло даражада! Алоҳида йўлакларда йўналишлар тақсимлаб чиқилган. Бироқ, бекатда йўловчилар учун фақат томи ёпилган ўриндиқлар ўрнатилганлиги ачинарли ҳол. Айниқса, изғиринли, совуқ кунларда очиқ бекатда автобус кутиш осон эмас. Таъкидлаш жоизки, бекат вокзал ҳудудида жойлашганлиги боис, нафақат шаҳар аҳолиси, балки пойтахтимиз меҳмонлари ҳам ушбу бекатдан фойдаланишади.

Совуқда муздек ўриндиқда ўтирганча, автобус кутаётган талаба йигит Ш.Б.ни саволга тутдик:

– Автобуслар қатнови яхши, ҳозирги кунда анча тезлашган. Баъзида 40 дақиқа, ҳатто 1 соатгача автобус кутган вақтларимиз ҳам бўлган. Қишки таътил вақти бўлганлиги учун автобусларда нисбатан одамлар камроқ. Ўқиш бошланганидан сўнг эҳтиёж янада ортади. Тиғиз пайтларда автобуслар сонини оширишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўрганишларимизнинг охирги манзили этиб Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Чорсу бозори” бекатини белгиладик. Қадимги Буюк ипак йўлида катта аҳамиятга эга бўлган бу бозор, нафақат Ўзбекистон балки, Марказий Осиёнинг йирик бозорларидан бири бўлган. Бозорга келиб-кетувчилардан ташқари, Эски шаҳарнинг гўзаллигини ўзида мужассам этган бу мажмуага хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ҳам ташриф буюришади. Лекин, бу ердаги ўзбошимчалик билан қуриб олинган савдо расталари, санитария қоидаларига риоя этилмай сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари дилингизни хира қилади. Қаерда, қачон, қай ҳолатда ишлаб чиқарилгани номаълум бўлган қандолатчилик ҳамда гўшт маҳсулотлари сони ва тури анчагина. Бекатда автобус кутиб турувчилар томонидан ташлаб кетилган пластик идишлардан бирига қоқилиб тушган операторимизни кўриб, соябон тагида сигарет сотиб ўтирган аёл секин жўнаб қолди. Чиқинди солиш учун мўлжалланган 3 дона махсус қутилар ҳам тўлиб тошган.

Уч тарафи ўралган кутиш ўриндиқларида ўтирган аёл Р.В.ни суҳбатга чорладик:

– 100-сонли автобусда қатнар эдим. Менга шу қулай эди. Ҳозир йўналишлар ўзгариб кетган. Шу автобусни эски йўналишига қайтаришлари учун кўп ҳаракат қилдик. Мен ва маҳалладошларимиз билан анча жойга мурожаат қилдик. Фойдаси бўлмади. Биз учун бу жуда ҳам кўп ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Мутасаддилар аҳолининг талаб ва таклифларини ҳам инобатга олган ҳолда иш кўрса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Йўловчилар орасида махсус илова орқали автобуслар интервалини кузатаётган эр-хотинни учратдик ва улар билан биргаликда илованинг қанчалик тўғри ишлашини кузатдик. 32-сонли йўналишли автобус иловада 3 дақиқада келиши кўрсатилган эди. Бироқ, автобус 11 дақиқада етиб келди. Бу орада ҳавонинг авзойи бузилди, ёмғир ёғиб юборди. Махсус кутиш жойларининг олди тарафи очиқлиги боис, шамол билан ёққан ёмғир ёшу қарининг устини шалаббо қилди. Олди тарафи ҳам ёпиқ бекат қуришга қанча пул кетишини ўйлаб турганимда, эркакларнинг асабий овози ва автобус сигнали хаёлларимни чалғитди. Йўналишли маршруткаларнинг бекатга кириш йўлида ноқулай жойлашганлиги устида кетаётган тортишувда энг кўп асабийлашаётган автобус ҳайдовчиси операторимизга сўз қотди: “Маршруткани ол расмга”…

Суратга олиш жараёнларини якунлаб қайтар эканмиз, пойтахтимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этган ҳолда, аҳоли ўртасида норозиликларга сабаб бўлаётган айрим муаммоларга мутасадди раҳбарлар эътиборини қаратишни лозим, деб топдик. Биз сизга ўрганишларимиз натижаларини ҳавола этдик.

Хулоса эса Сиздан, азиз муштарий.

Умида ҲАҚБЕРДИЕВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *