LOCATION: “Ҳазрати Имом” меъморий ансамбли                         

Ривоят: «Уламолардан бўлмиш Шайх Умар Боғистоний кўп йиллар давомида фарзанд кўрмайди, нажот истаб, завжаси билан бирга Ҳазрати Имом қабрини зиёрат этади. Қуръон тиловатидан кейин Аллоҳ таолодан фарзанд ато этишини илтижо қилади. Худди шу пайт мақбара устидан бир гала қалдирғочлар бирданига кўкка кўтарилади. Бу парвоздан “Ат-таҳур” деган садо янграб кетади. Бу яхшилик аломати, дуо ижобат бўлажагидан бир мужда эди. Вақти соати етиб, Шайх Умар Боғистоний ўғил фарзандли бўлади. Унинг исми олдиндан маълум эди. Чақалоққа Хованди Таҳур деб исм қўядилар”.

Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманида жолашган Ҳазрати Имом мажмуаси “Ҳастимом” номи билан ҳам машҳурдир. 903 йиллик тарихга эга майдон эски шаҳарнинг орқасида жойлашган бўлиб, у 1966 йилдаги кучли зилзиладан омон қолган. Мажмуа олим ва дин арбоби, биринчи тошкентлик имом Каффол аш Шоший дафн этилган жойда қурилган. ХVI-ХХ асрларга тегишли мажмуада дастлаб Бароқхон мадрасаси қад ростлаган. Бароқхон мадрасаси ўрнида дастлаб иккта катта ва кичик мақбара бўлган. Кичик мақбарада Бароқхон қабри бор. Унинг тўрт томонидаги эшикларидан учтаси кейинроқ беркитиб ташланган. Қолган эшикдан зина билан томга чиқилган. 1904 йилда масжидга айлантирилган катта мақбарада Тошкент ҳокими Суюнчхўжа қабри бор. Кейинроқ Қаффол Шоший мақбараси ва номаълум мақбара ҳам меъморий комплексга қўшилган.1579 йилда Абдуллахон II маблағига қўш услубида Шайх Бобоҳожи мақбараси қурилган бўлсада, бугунги кунгача сақланиб қолмаган. Мажмуа таркибида сайргоҳ боғ, айвонлар қурилган бўлиб халқ сайилларини ўтказиш мақсадида ҳовуз атрофлари ҳам кўкаламзорлаштирилган. ХIХ аср ўрталарида Тошкент намозгоҳи яъни Тиллашайх масжиди, Мўйи Муборак мадрасаси бунёд этилган. ХХ аср бошларида Тиллашайх масжиди қайта қурилиб, Эшон Бобохон ҳам шу жойга дафн этилган.

Бугунги кунда мажмуада Имом ал-Бухорий Ислом институти ва ташриф буюрувчилар учун кутубхона очилган бўлиб, у ерда шарқ адабиётига оид кўплаб қўлёзмалар тўпланган. Улар орасида учинчи халифа – Усмон Қуръони ҳам бор. VII асрда ёзилган ушбу китоб кўплаб мамлакатлар бўйлаб катта саёҳат қилган. Ушбу қадимий муқаддас китоб анчайин катта бўлиб, 353 та пергамент варақларни ўз ичига олади. Халифа Усмон даврида ёзилган бу Қуръон Амир Темур томонидан Ироқдан Самарқандга олиб келинган, лекин собиқ иттифоқ даврида Россияга олиб кетилган.

Қуръон — уламоларнинг саъй-ҳаракати билан 1926 йилда Ўзбекистонга қайтарилган. Тошкентда сақланадиган ушбу Қуръони Карим 53х68 см ҳажмга эга.

Ансамбл ҳудудига четдан олиб келинган турли хил антиқа ўсимликлар экилган. Баҳордан кузга қадар эса Ҳаст Имомда лайлаклар уя қуришади. Ҳаст имом мажмуаси тунда, чироқлар ёқилиб, шарқ эртагининг хаёлотини яратганда айниқса гўзалдир.

Комплекснинг интерьер ва дизайни шарқона тарзда ишлаб чиқилган. Бинонинг қурилиши шу тарзда қилинганки, куннинг исталган вақтида қуёш доимий равишда масжид ичига тушиб туради. Архитектура тузилиши ўзининг кўлами билан ажралиб туради ва шу туфайли 10 минг зиёратчи унда бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин. Бугунги кунда меъморий ансамблнинг умумий майдони 2 гектарни ташкил этади.

Кундан кунга чирой очаётган пойтахтимиз кўркига кўрк қўшаётган кўркам ансамбл атрофида яна қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзида нафис миллийлик ва пурмаъно салобат мужассам этган бу меъморий обидалар нафқат пойтахтимиз, балки республикамиз ҳудудида ҳам сайёҳлар сонини ошишига хизмат қилади. Бой тарихий меъросимизни бутун дунёга танитиш, келажакка ҳам етказиш бугунги авлоднинг муқаддас бурчидир.

Абдуманнон Усмонов
 “Ҳазрати Имом” масжиди ходими:

– Бу ерда ўн беш йилдан бери хизмат қиламан. 2007 йилда Ҳазрати Имом масжиди қурилди. 7 ой давомида қуриб битирилган масжидни 20 та устуни Ҳиндистондан махсус келтирилган. Устунларнинг шундай хусусияти борки, об-ҳавода озроқ намгарчилик сезилса, ўзидан ширин ифор тарқатади. Айвоннинг шифтлари ҳар бир вилоятнинг ўзига хос ўймакор нақшлар акс эттирилган. Эски бузилган иморатлардан чиққан ғиштларни кесиб, ерга терилган. Баъзи ерга терилган йўлак тошлари ХV-ХVI асрларга оид. Масжид қурилгандан кейин бу мажмуага келиб кетувчилар сони анча ортди. Шундай файзли, нурли маконда хизмат қилаётганим кўнглимга ҳаловат беради. Бу ерга қадами етган ҳар бир одам бу ҳиссиётни қалбидан ўтказишига ишонаман.

Умида Ҳақбердиева
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *