ЗИЙРАК БОБО ШАҲАР КЕЗДИ…

Мени эслаяпсизми? Ҳа, ўша Зийрак бобонгизман. Катта танаффусдан кейин яна бир шаҳар айланиш учун пойтхат кўчаларини кездим. Дунёда катта шаҳарлар кўп, пойтахтлар талай, лекин ҳеч бирининг тафти Тошкент каби иссиқ эмас. Бекорга: “Тошкентнинг донини еган чумчуқ Маккадан қайтиб келади”, – деб айтишмаган. Гўзалликдан дилим яйрайди, лекин баъзида кўнгилни хира қиладиган манзараларни кўриб, хафа бўламан. Ҳақиқат аччиқ бўлади, аммо унинг меваси ширин!

Бугун саёҳатни Бектемир томонлардан бошладим. Билсангиз, “Мажнунтол” маҳалласи бор, шу “Мажнунтол” га етмасдан ўнг қўлда катта кўча билан кириб борсангиз, намунали уйлар қурилибди. Яқингача бу ҳудуд Юқори Чирчиқ туманига қарар эди. Шаҳарга қўшилганига кўп бўлмаган. Бу ерларда ҳозир жуда файзли, чиройли маҳаллалар барпо бўлганини кўриб кўзим қувонди. Авваллари йўлнинг бир томонига деҳқонлар сабзавотлар экарди. Қаранг, ҳозир йўл бўйини чиройли уйлар тўлдирган. Кимдир эшик олдини обод қилган, яна кимдир янги уй қураяпти, йўлнинг бир четига катта маркет тушади шекилли усталар ишлаяпти.

Катта йўлда машиналар серқатнов, шу ернинг одамлари “эрталаб ва кечки тиғиз пайтларда узундан-узоқ тирбандликлар ҳосил бўлади” дейишди. Ростдан ҳам машиналар кўп экан. Бу ҳам яхшиликка, аммо масаланинг бир томони мени ўйлантирди. Маҳалла ичига фақат “Қўйлиқ” бозоригача дамаслар қатнар экан. Лекин аҳолининг аксарияти шаҳар марказига қатнаб ишлайди, талабалар, ўқувчилар ҳам бор. Улар катта йўлга тўрт-беш бекат пиёда боради. Борганда ҳам ўша серқатнов катта йўлдан юради. Катта йўл фақат машиналар учун мўлжалланган, йўлнинг бир томони анҳор, нариги тарафи эса эни икки метрдан ортиқроқ келадиган тупроқ йўлак. Бу йўлак ёзда тупроқ, куз-қишда лой. Мутасаддилар бу томонларга фақат машинасида келади шекилли, эътибор қилмаган кўринади. Туман ҳокимиятидагилар ҳам мен каби бу жойларни бир пиёда кезганида эди, балки бу масалага жиддийроқ ёндашган бўлармиди… Ҳар ҳолда пиёдалар йўлакчаси ўта зарур эканлигини тушунган бўлишарди. Айниқса, болажонларини боғчадан олиб қайтаётган оналар, бувилар учун пиёдалар йўлаги зарур.

Маҳалла аҳолиси аҳил экан, қўни-қўшнилар келишиб ўзлари яшайдиган кўчаларни ёритиш учун махсус чироқлар ўрнатган. Аммо катта йўл кун ботиши билан зимистонга айланади. Бугун кун-у тун ишлайдиган замон, шундай катта йўлда кечаси милт этган чироқ, пиёдалар йўлаги йўқ, ёмғир-қорда, қуёшли кунларда сал жон сақлаб турадиган бир бекат ҳам йўқлиги ёмон.

Шуларни ўйлаб келаётсам, олдимдан шув этиб темир арава ўтди. Велосипед бўлиб велосипед эмас, арава десам аравага ўхшамайди. Камига ёш бола бошқариб кетмоқда. Эътибор билан қарасам, ҳинд киноларида кўп кўрган “рикша”ларга ўхшайди. Бектемир ҳудудида бунақа “рикшалар”дан жуда кўп экан. Бу уловларни ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳам бошқарса бўлади шекилли, балоғатга етмаган ёш боладан то етмишни қоралаб қўйган кампир ҳам бемалол ҳайдаб юради. Шу қадар қўпол ва қоидаларга зид равишда бошқарадики, бошқа қонуний автоулов бошқараётганларга жуда кўп халақит беради. Ҳар ҳолда инсон ҳаёти билан боғлиқ жараёнларда қонун устувор бўлса ёмон бўлмасди. Ҳайдасин ўша “рикша”сини лекин қонун-қоидаларга амал қилсин.

Катта кўчага амаллаб чиқиб такси тўхтатдим. Ҳайдовчиси ёшгина йигит экан: “Отахон қаерга?” – деб сўради. “Уч қаҳрамон постидан ўтганда “Парвоз” маҳалласига болам, фақат аввал Юнусобод деҳқон бозорига кириб ўтамиз. Қизимникига кетяпман, бозордан набираларимга у бу нарса оволаман”, – дедим.

Машинага жойлашиб ўтирдим ҳамки, негадир ҳайдовчи йигит жойидан қўзғалай демайди.

– Болам, юрмайсанми, – дедим хуноб бўлиб.

– Ҳозир отахон, локация ёқиб олай.

– Нима ция?

– Ло-ка-ци-я! Йўл кўрсатиб кетади-да, отахон.

– Ёпирай, қанақа шопирсан ўзи?! Юнусобод бозорига ҳам йўлбошчи керакми сенга? Шаҳарни билмасанг, қандай қилиб киракашлик қиляпсан?!

Одамларга ҳам ҳайронсан! Бир газетада ўқигандим: Англияда такси ҳайдовчиси бўлиш учун шаҳардаги 25 мингдан ортиқ кўча ва барча биноларнинг аниқ манзилини ёддан билиши керак экан, агар имтиҳондан ўтолмаса, такси хизматига олинмас экан. Биздачи, “таксичиман”, – дейдию, йўлни сендан сўрайди. Шу ҳам иш бўлдию…

Йўл-йўлакай, Юнусобод бозорига кириб, набираларимга ширинлик, мева-чева олдим. Шу билан яна йўлда давом этдик. Бир текисда кетаётган йўл Юнусобод айланма йўлидан ўтганимиздан сўнг айниди-қолди. Бу ҳайдовчи йигит ростдан уқувсизми дейман, йўлдаги бирорта чуқурни бегона қилмади-я, десам ўзи текис йўл йўқ экан. Ўзи ҳам Уч қаҳрамон постига етгунимизча йўл илма-тешик бўлиб кетибди-да. Шу Юнусобод туман ҳокимияти мутасаддилари деҳқон бозоридан Уч қаҳрамон постигача бўлган йўлга ҳам бир қараб қўйишса бўларкан, чуқурлардан қочаман, деб ҳайдовчилар қоидаларни бузишга тўғри келяпти.

Тунов куни Чилонзор тарафларга йўлим тушганди. Атрофни кўздан кечириб, шаҳарни томоша қилиш мақсадида Чилонзор метросидан Афруз тўйхонасигача пиёда юришга қарор қилдим. Метродан чиқишим билан: “Келинг янги қилинган салатлар, жуда ҳам ширин, арзон қилиб бераман”, – деб бақириб харидор чақираётган сотувчилар эътиборимни тортди. Овоз ҳам зўр, қўшиқ айтса, Отабек Муҳаммадзоҳиддан яхши айтади. Уларга яқинлашиб, салатларнинг нархини сўрадим. Баҳоси ҳам хилига қараб 10 000 сўмдан 35 000 сўмгача экан. Салатлар солинган идишларга кўзим тушдию, ҳафсалам пир бўлди. Бу идишлар сув кўрмаганига анча бўлганов. Бунинг устига салатларнинг усти очиқ. Ие, бу қанақаси, десам гапимни эшитмаганга олишди. Камига маҳсулотларнинг тепасида одамлар тамакини буруқситиб тутатиб туришибди. Яна бир тарафда автобуслар бекати ва катта йўл. Автобуслардан чиқаётган заҳарли газлар тўғри шу тарафга келади. Бундай шароитда салатларнинг санитария қоидаларига жавоб бериши ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас! Бу тариқа маҳсулотларни сотиш инсонлар соғлиги учун қанчалик зарар эканлигини билашармикин. Тирикчилик, деймизу, бировларнинг саломатлигини ўйламаймиз…

Яқиндагина тушган нафақа пулимни нақд пул қилиш мақсадида банкомат ёнига келдим. Шу банкомат дегани роса жонга оро кирди, зумда пулни нақд қилиб оласиз, яна шаҳарнинг ҳар бир қадамида борлиги қулай… Аммо банкомат атрофидаги ҳолатни кўриб, бироз кайфиятим бузилди. Пул бергични чангини кўриб кўнглим хира бўлди, яна ундан фойдаланган инсонлар ахлат қутиси қолиб, чекни ерга ташлаб кетишган. Одамларга ҳам ҳайронсан: керак эмас экан, нима қиласан чек чиқариб?! Наҳотки, қоғоз исроф бўлаётгани ҳақида ҳеч ким ўйламаса! Асабийлашиб, пулимни олдимда, йўлимда давом этдим. Совуқда ҳамма уйига шошган. Биров билан бировнинг иши йўқ. Жаҳон тиллари университетининг ёнига келганимда қорда сичқонларнинг ўйнаб юрганига кўзим тушди. Сичқон дегани совуқ қотмас экан, жони темирдан деган ўйлар келди. Уларнинг шу ерда уяси бормикин десам, аксинча “беш юлдузли ресторан”и бор экан. Йўлнинг чеккасидаги чиқиндилардан барпо қилинган “ресторан”. Шу ердаги дўконлар орқасида 50 метрча узоқликда чиқиндихона ҳам мавжуд. Дарахтнинг олдигача келган оёқлар наҳотки 50 қадам юриб махсус ахлатхонага боришга кучи етмаган бўлса. Бу билан ўзимизнинг томиримизга ўзимиз болта урмаяпмизми? Мутасаддилардан талаб қиламиз, аммо ўзимиз мавжуд тартиб-қоидаларга қанчалик амал қилаяпмиз…

Манзилимга етай деб қолганимда яна бир нарсага кўзим тушди. Фақат Зийрак бобонинг кўзи чиқиндилардан бошқасини кўрмас эканкан деманг-ку, лекин бу ҳам аянчли ҳол. Аҳвол кўзингизни олиб қочсангиз яна ахлатга тушадиган даражада! Катта йўлнинг чеккасида симёғочлар остида яна чиқиндилар. Бу ердан 40 метрча узоқликда каттагина чиқиндихона турибди. Ё чиқинди ташловчиларнинг кўзи кўрмайди ёки чиқиндихона ишламайди. Биринчиси ҳақиқатга яқинроқ, менимча. Чунки чиқиндихона ишлаётган экан. Шу ердаги дўкон эгаларидан: “Бу чиқиндиларни ким ташлаган”, – деб сўрадим. Айтишларича, шу яқин атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли олиб чиқиб ташлар экан. Эҳ, бу одамлар чиқиндини белгиланмаган жойга, яъни кўча-кўй, дарахт таги, ариқ ичларига, умуман, дуч келган жойга ташлаш мумкин эмаслигини қачон тушуниб етаркин-а?!

Шаҳар айланиб Мирзо Улуғбек туманининг Паркент кўчасига бориб қолдим. Бу кўчада бир пайтлар тирбанд бўлган чорраҳа бор эди. Бугун бу чорраҳа ўрнида 3 қаватли кўприк қурилибди, кўча бўйлаб кўп қаватли уйлар қад ростлаган. Кўчанинг чиройига маҳлиё бўлиб, оёғим тагидаги чуқурни кўрмай қолибман. Пиёдалар йўлаги четида, ер остидан оқиб ўтувчи 1 метр чуқурликда ариқ ўтган экан. Aриқнинг ҳар 10 метрида бир одам сиғадиган 10 тача тешик қолдирилган. Бироқ, тешиклар устига қопқоқ қўйилмаган. Қишнинг совуқ ва қоронғу кунларида бу чуқурларни кўрмай қолиш ҳеч гап эмас. Шунча қурилишни қилган қурувчилар шу тешикларни ёпишни унутишганми, дейман…

Бугун пойтахт таниб бўлмас даражада ўзгарган. Баланд-баланд бинолар, бир-биридан гўзал иморатлар қад ростлади. Улкан автомагистраллар, кўприклар барпо этилди. Аммо, юқорида келтирилган айрим камчиликлар одамнинг дилини сиёҳ қилади. Мутасаддиларимиз шу камчиликларга ҳам эътибор қаратишса, одамлар ўзимизга хос маданият билан яшасалар шаҳримиз янада чирой очар эди.

Зериктириб қўймадимми? Қаричиликка йўйманг-у, мен бор гапларни айтдим. Яна яқин кунларда “оқшом”нинг саҳифаларида кўришиб қоламиз…

Зийрак бобо.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *