САЛОМАТЛИККА ҲАМОН ХАВФ СОЛАЁТГАН

“СOVID-19”

Бутун дунёда тождор вирус номини олган касаллик – коронавирус пандемиясининг дастлабки йили бутун инсоният учун оғир синов бўлди.

Республикамизда коронавирус бўйича ҳолатга эътибор қаратилса, бугун юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият барқарор. Бироқ Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ва Шарқий Осиё минтақаларида жойлашган қатор мамлакатлардаги эпидемиологик ҳолат ҳануз мураккаблигича қолаётганини кўриш мумкин.

Пойтахтимизда 17 январь ҳолатига кўра 17 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланди. 117 киши карантинга олинди.

Республикамизда коронавирус инфекциясига қарши комплекс профилактик ва унга қарши тадбирларнинг ўз вақтида мақсадли амалга оширилиши натижасида касалликка чалинганлар сони нисбатан камайиши кузатилмоқда.

Албатта, коронавирус инфекциясининг янги штамми билан касалланганлар ҳам борлиги мутахассисларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Бу эса касаллик ҳали ортга чекинмагани, шу сабабли COVID-19нинг оғир асоратларидан ҳимояланиш учун вирусга қарши тўлиқ босқчиларда вакцина олиш, айниқса, бустер доза билан эмланиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ёш болалар орасида коронавирус инфекцияси кўпайиб боряптими?

Ижтимоий тармоқларда “Ёш болалар орасида коронавирус инфекцияси кўпайиб боряпти” мазмунидаги хабарлар тарқалди. Мазкур хабарларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдириб, бу маълумотларнинг ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.

“Болалар орасида ўткир респиратор касалликлар ва коронавирусга чалинишнинг сўнгги кўтарилиши ўтган йил куз ойларига тўғри келган эди. Ўша пайтда Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида беморлар учун 500 та қўшимча шифо ўрни яратилган эди.

Ҳозир ҳолат барқарор бўлиб, хасталаниш кўрсаткичлари кескин камайган.

Агар болалар орасида коронавирус ёки бошқа ўткир респиратор касалликлар ортиши кузатилса, бу бўйича расмий ахборот берилади”.

Эмлаш – касалликнинг олдини олишда самарали йўл…

Республикамизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, барқарор санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш, COVID-19га қарши эмлаш жараёнига жиддий эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг давлатимизга кириб келиши ва тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида республикада олиб борилаётган чора-тадбирлар ижросига жиддий эътибор қаратилди.

Барчамизга маълумки, юқумли касалликларнинг тарқалишини олдини олиш бўйича энг самарали йўл бу – иммунизация тадбирларидир, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлашдир.

Бизни ушбу касалликдан ва касаллик туфайли юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлардан фақат эмлаш қутқара олади. Турғун иммунитет бизнинг ҳимоя қўрғонимизга айланишини мутахассислар таъкидлашмоқда.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши қўлланилган жами вакциналар сони 74 миллион дозадан ошди.

2023 йилнинг 17 январь куни мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб 16 192 доза COVID-19га қарши вакцина қўлланилди.

Биз, касалланган ёки касалланмаганлигимиздан қатъи назар коронавирусга қарши эмлансак, шундагина “иммунитет” аталмиш ҳимоя қўрғонимизни мустаҳкамлаймиз.

Ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига беэътибор бўлманг!

Зиёда РАСУЛОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *