электрон сигаретнинг фожиаси!

Биз оддий сигаретларнинг зарари ҳақида кўп эшитганмиз. Ҳатто никотиннинг бир грамми отни ўлдириши ҳам бор гап. Афсуски, бугун ёшларимизни ўзига қарам қилиб олаётган ажал жодусининг кундан-кунга янги турлари пайдо бўлаяпти. Бир сўз билан айтганда, одамзод ўзини – ўзи фожиага етаклашда давом этаяпти.

Замоннинг зайлини қаранг… олифталар кўпайиб кетди. Қўлида энергетик ичимликлар, сўнгги русумдаги телефонлар, қулоғида қулоқчин, оёқларда калта, рангли пайпоқлар… қўлларда эса электрон сигаретлар…

Кўпчилик дид билан ҳимояланган сигаретнинг шаклини кўриб бир қарашда тамаки эканлигини билмайди. Ҳар ҳолда ундан тутун буруқсиб чиқмайди, ёқимсиз ҳиди кўзингизни ачитмайди. Бу эса “зарарсиз” деган хулосага “асос” бўлиши турган гап.

Пул ўлсин, ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, электрон сигаретлар инсон соғлиги учун мутлақо зарарсиз эмиш. Чунки ундаги моддалар кислородга тўйинган тоза маҳсулотлардан тайёрланади. Энг асосийси, унинг таркибига никотин моддаси қўшилмайди.

Ҳақиқатан ҳам шундайми? Никотинсиз тамакини тасаввур қилиш мумкин…ми?

Аммо олимлар ишлаб чиқарувчиларнинг иддаоларини 100 фоиз инкор этади. Электрон сигаретнинг асосий компоненти – бу никотин моддаси. Бу тез таъсир қилувчи дори! Унга қарамлик жуда тез содир бўлади. Одатланиш жараёнини тезлаштириш учун спазм ҳамда титрашни, йўтални камайтириш учун маҳсулот таркибига аммиак ва шунга яқин бошқа моддалар қўшилади.

Электрон сигаретлардаги суюқликда инсон соғлиги учун хавфли бўлган 4 мингдан ортиқ кимёвий моддалар мавжуд. Бу орқали инсон ўпка саратони, юрак хуружи, жигар ва буйрак касалликлари, тиш саломатлиги каби қатор касалликларни орттириши аниқ. Электрон сигарет таркибида хавфли кимёвий моддалар мавжуд бўлиб, ҳатто никотинсиз ҳам гиёҳвандликка олиб келади. “Попкорн” хасталиги, яъни ўпкадаги чандиқлар ҳам айнан шу балодан пайдо бўлади.

Тадқиқотлар натижасига кўра, тамаки инсон ҳаётини тахминан 14 йилга қисқартириши мумкин экан. Агар электрон сигаретни танлаган бўлсангиз, ҳаётингиз янада тез емирилар экан.

– Электрон сигарет истеъмол қилишни бошлаган инсоннинг танаси, қўллари ва лабларида
сарғайиш пайдо бўлади. Бу касалликнинг бошланиши. Бундан ташқари, электрон сигаретлар бугунги кунда
дунёда глобал муаммолардан бири бўлган бепуштлик хасталигига ҳам олиб келади. Асосан мактаб ёшидаги болалар аввалига буни оддий ҳавас сифатида чекишади. Аста-секинлик билан инсон унга қарам бўлиб қолганини ўзи ҳам билмай қолади. Натижада ўсиб келаётган ёш организмга, хусусан юрак-қон, асаб тизимига жуда кучли салбий таъсир қилади. Афсуски, ҳозирги кунда нафақат ўғил болалар, балки қизлар орасида ҳам электрон сигаретлар оммалашиб бормоқда. Бу эса эртага ногирон, нуқсонли болаларнинг дунёга келишига замин яратади. Электрон сигаретлардан воз кечиш учун, энг аввало, инсонда кучли ирода бўлиши керак. Ташлагандан сўнг, у чекувчи инсонлардан йироқ юриши лозим бўлади. Сабаби, чекаётган одамни кўрганида уни яна хумор тута бошлайди.

Уйғун Темиров:

– Мен чекишни сиқилишдан эмас, шунчаки, қизиқиб бошлаганман. Аввалига, оддий тамаки чекардим. Электрон сигаретга ўтганимга бир неча йил бўлди. Тўғриси, ўзим ҳозир чекишни истамайман. Аммо, чекмасам тура олмайман. Сигарет чекканингизда бошингизни қисиб турган томирлар кенгаяди ва барча нарсани унутасиз. Буни бир сўз билан таърифлаш қийин. Сал нарсага асабийлашсам чекаман. Чекмасам тура олмайман. Бу менинг тўқликка шўхлигим. Афсус, бу балодан қутула олмаяпман.

Ҳаёт гўзал! Яшаш завқли! Орзулар кўп… аммо биргина “ҳавас” сизнинг умрингизнинг заволига айланиши фожиа! Олифталик, манманлик, тўқликка шўхлик, бор йўғи бир марта “таътиб кўриш истаги”дан тийилинг! Умр ўлчовли ва унинг ҳар бир они ҳисоб-китоби билан!

Бойсафар Холмирзаев

тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *