LOCATION: фармацеВтлар
МасъулИяти НИМАДА?

Дорихона! Бугун шаҳарнинг қайси кўчасига кирманг, камида иккита “аптека” бор. Албатта, бу ҳолат яхши. Аввалгидек дори излаб қўшни маҳалла ёки туманга югурмайсиз, унисида йўқ бўлса, бунисидан керакли дорини топиб олаверасиз.

Бугунги кунда ҳатто онлайн фаолият юритадиган дорихоналар ҳам бор. Уларнинг қулайлиги ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Чунки асосий мавзу бу эмас. Бугун биз ижодий жамоамиз билан Чилонзор туманида жойлашган бир қатор дори сотиш дўконларида бўлдик. Бизни қизиқтирган савол эса “Фақат рецепт билан сотиш мумкин бўлган дори воситалари қонунда белгиланган тартибда сотилаяптми?”

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ рецептсиз бериш мумкин бўлмаган дори воситаларини сотган тадбиркорларга таркибида кучли таъсир қилувчи ва психиотроп моддалар, гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлмаган, рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жаримага сабаб бўлади. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецептсиз сотиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлади. Дорихоналар мунтазам равишда бундай қонунбузарликни содир этиб келган тақдирда, бу ҳолат лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.

Биз ижодий гуруҳимиз билан пойтахтимиздаги айрим дорихоналардаги бу борадаги мавжуд вазиятни ўрганишга қарор қилдик.

Илк кирган дорихонамиз фармацевти шахсини таништиришдан ва биз сўраган рецептсиз дорилар номларини санаб беришдан қатъий бош тортди. Унинг асосий кўрсатган важи эса: “юқоридагилардан рухсатсиз ҳеч қандай маълумот бера олмаслиги” бўлди. Ноилож кейинги дорихонага кирдик ва у ерда ҳам жавоб шу бўлди. Бу орада Тиббиёт академиясида ўқийдиган ва дарсдан сўнг дорихонада ишлайдиган танишимдан ёрдам сўраб ёзган хабаримга жавоб келганини кўриб кўзларим қувонди. Ҳартугул дорихонага кириб қайси дорини сўрашни билиб олдик. Биз сўраган дори воситалари асосан антипсихиотик яъни нейролептик турдаги препаратлар эди. Бу дори воситалари асосан шизофрения каби психотик бузилишлар мавжуд бўлган касалларда қўлланилади. Умуман шу гуруҳга кирувчи дори воситаларини қўллашда тана ҳарорати, мушакларнинг ригидлиги, руҳий ҳолатлар, вегетатив бузлишлар хусусан, ностабил пульс, артериал босим, тахикардия, юрак аритмияси каби клиник кўринишларни ўз ичига олувчи хавфли нейролептик синдром ривожланиши мумкин. Яна шуни таъкидлаш жоизки, бу препаратларни қабул қилишда жигар фаолиятининг етишмовчилиги бўлган беморларда алоҳида эҳтиёткорлик талаб этилади. уйқучанликни чақириши ҳисобига бу препаратни қабул қилган бемор автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига кучли таъсир қилади. Белгиланган дозанинг ошириб юборилиши эса тахикардия, беморда тажовузкорликнинг ортиб кетиши, турли оғирлик даражасидаги онгни бузилишлари, нафасни сусайиши, тиришишлар ва ҳаттоки кома ҳолати, юрак ва нафаснинг тўхташигача олиб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган “Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати”да халқаро патентланмаган номи билан 192 та дори препаратлари ва савдо номи билан 1032 та мажмуавий препартлар киритилган. Бундай дори воситалари мамлакатимиз фармацевтика бозорининг 30 фоизини ташкил этади. Ҳатто врач рецептлари асосида бериладиган дори воситалари, тиббий буюмлар харидорлар учун кўринадиган бошқа жойларга қўйиш ҳам тақиқланади.

Тадбир давомида бизни ажаблантирган ва афсуски, ўйлантирган жиҳатлардан бири биз сўраган дориларнинг баъзиларини рецептсиз бериш мумкин эмаслигини айрим дорихона ходимлари билишмади. Баъзи фармацевтлар эса “бу дориларни ҳар доим биздан олиб кетадиган ёши катта кишилар бор ва улардан ҳар доим ҳам рецепт сўрай олмаймиз, чунки ортиқча оворагарчиликка олиб келади” деб жавоб беришди.

Кундан-кунга турли таҳдидлар ошиб бораётган бир даврда бизнинг бу даражада лоқайдликка берилишимиз турли жиноятларнинг келиб чиқишига замин яратмоқда. Айниқса, ёшлар ва вояга етмаган ўсмирлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти турли дори воситалари билан боғлиқлигини ҳисобга олсак, бундай мавзулар ҳар биримизни жиддий ташвишга солади. Ижодий жамоамиз билан мавжуд муаммони кўрсатиб бердик. Хулоса эса ўзингиздан.

Аритмея-юрак қисқаришлари маромининг бузилиши, чуқур нафас олганда юрак қисқаришининг тезлашиши;

Тахикардия-юрак уриш тезлигининг дақиқада 90 уришдан ошиб кетиши;

Антипсихиотик яъни нейролептик дори воситалари-психиатрияда кенг қўлланилувчи дори воситаларининг умумий номи

Johnson & Johnson компанияси 1887 йилда АҚШда ака-ука Жонсонлар томонидан ташкил этилган. Дунё бўйлаб 250дан ортиқ шуъба корхоналарига эга бу ҳолдинг дори воситалари, санитар-гигиеник маҳсулотлар ва тиббий ускуналар ишлаб чиқаради.

Дунёдаги биринчи дорихона VIII асрда Араб халифалигининг пойтахти Бағдодда пайдо бўлган. Европада шунга ўхшаш муассасалар XI асрда Кордова ва Толедода, кейин эса бошқа штатларда очилган.

Дорихонада тўсатдан касал бўлиб қолган ёки бахтиз ҳодисага учраган кишиларга тез тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Германиянинг Баер компанияси 1863 йилда ташкил этилган. Компания бир вақтлар, ҳали тақиқ ўрнатилмаган даврда героин моддасини дори сифатида сотувга чиқарган. Бундан ташқари, компания аспирин ишлаб чиқарганда ҳам шов-шувларга сабаб бўлган.

XIX асрнинг II ярмида Ўзбекистоннинг баъзи шаҳарларида ташкил этилган госпитал ва лазаретлар қошида дорихоналар бўлган. Биринчи расмий дорихона 1874 йил май ойида Тошкент шаҳрида маҳаллий аҳоли маблағи ҳисобига очилган.

Фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган барча жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фармацевтика фаолияти кўрсатаётган чет эл ваколатхоналарининг субъектлари ушбу фаолият билан шуғулланишлари учун лицензиялари бўлиши шарт.

Умида ҲаҚбердиева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *