СИАМ ЭГИЗАКЛАРИ
УЗОҚ УМР КЎРАДИ…МИ?

МАЪЛУМОТ

· 1957 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

· 1980 йилда Ўрта Осиё Педиатрия тиббиёт институтини “аъло” баҳолар билан тамомлаган.

· 1989 йилда тиббиёт фанлари номзоди, 1998 йилда тиббиёт фанлари доктори илмий унвони диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. 2000 йилда профессор унвонини олган.

· 2000 йилда “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” нишони билан тақдирланган.

· “Фидокорона хизматлар учун” орден совриндори!

· Оилали, 3 фарзанди, 8 набираси бор.

Сиам эгизакларининг ҳам ҳар хил тури бор. Тананинг қайси қисми билан чатишганлик бўйича улар ажралади. Операция қилган ҳолатимизда қорин билан чатишиб, битта умумий жигар бўлган. Бошқа ҳолатларда боши билан чатишиш, яна бирида орқаси билан, ёки 2 та болага 3 та оёқ, ёки битта бола соғлом, 2 чиси чала бўлади. У соғлом болага паразит сифатида ёпишиб қолади. Уларни олиб ташлаш катта қийинчилик туғдирмайди. Шу боис улар овоза қилинмайди, паразит, ёки керак бўлмаган иккинчи қўл, учинчи оёқ олиб ташланади ва соғлом бола яшаб кетади. Сиам эгизакларнинг аксарияти ҳомила даврида нобуд бўлади ёки туғилиши билан яшашга қобилияти бўлмай вафот этади.

“Илк бор ўзбек шифокорлари сиам эгизакларини ажратиб олишди”. Ушбу хабарни тўлқинланиб ўқидим. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулло Оқилов болалар хирургиясининг энг етакчи жарроҳларидан бири. Дунё жарроҳлари уюшмаси, Н.И. Пирогов номидаги жарроҳлар Ассоциацияси аъзоси ва Россия тиббий-техника академияси академигидир.

2022 йил 31 майда
дунёга келган чақалоқлар сиам эгизаклари бўлиб, улардаги бу ноодатий ҳолат ҳомила 28 ҳафталигида аниқлангач, бўлажак она Ўшдан Бишкек шаҳрига юборилган. 29 ҳафтада туғруқ жараёни «кесарча» усулида амалга оширилган. Дунёга келганида умумий вазни 1 кило-ю 600 грамм бўлган чақалоқларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйишган.

— Ҳабибулло ака, сиам эгизакларининг дунёга келиш сабабларини шифокор сифтаида қандай изоҳлайсиз?

— Беҳисоб шукрки, бундай туғилиш жуда кам учрайди. Аномалиянинг сабаби, ҳомиладорлик пайтида она биронта касалликни бошидан ўтказади, шамоллайди ёки бирон дори қабул қилади. Ана шуларнинг таъсири натижасида ҳомиланинг ривожланишида патология юз беради. Шунинг асоратида сиам эгизаклари дунёга келиши мумкин. Бунинг сабаби яқин қариндошларнинг турмуш қуриши, яъни генетикадир. Туғишган ака-ука ёки опа-сингилларни қуда бўлишининг оқибати кўнгилсиз тугайди. Бу баъзан биринчи авлодда, баъзан иккинчи ёки учинчи авлодда юзага чиқиши мумкин. Куни кеча операция қилинган Қирғизистон фуқаролари ҳам туғишган опа-сингилларнинг қуда бўлишлари натижасида туғилган сиам эгизаклари.

— Сиам эгизаклари узоқ умр кўрмайди дейишади… бунга сиз нима дея оласиз?

— Йўқ, бу хато фикр. Жуда узоқ умр кўрганлари ҳам бор. Бу ўтказилган операция иккинчи операция. Академик В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 2006 йилда қашқадарёлик 11 ойлик Ҳасан ва Ҳусанларни операция қилганмиз. Уларда ҳам худди шунақа, умумий қорин бўшлиғи ва ягона жигар эди. Ўшанда бизда қўлимиздан келадими-йўқми, деган иккиланишлар бўлган. Шу боис тиббиёт фанлари доктори, устозимиз Феруз ўафурович Назиров билан маслаҳатлашиб Москвадан академик Готье бошчилигидаги малакали шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимлари жамоасини ёрдамга чақирганмиз. Улар билан биргаликда операция қилганмиз. Ҳасаннинг юрак мушагида миопатияси бор эди. У вафот этиб қолса буниси ҳам нобуд бўлади дея мажбурликдан тез операция қилинганди. 9 соатдан ортиқ давом этган операцияда уларни ажратиб олганмиз. Шунда Ҳусан тирик қолди. Жуда катта ҳаракатлар, барча муолажалар қилинганига қарамай, Ҳасаннинг юраги яхши бўлиб кетмади.

— Ушбу мураккаб ва муваффақиятли операция чет элларда ҳам овоза бўлди. Хорижий таклифларни қабул қилишга тайёрмисизлар?

— Бугун Ўзбекистон тиббиёти таклифларга тайёр. Тиббиёт ривожланганининг кўрсаткичларидан биринчиси: юракда бўлаётган очиқ операциялар, уларнинг ҳажми, даражаси. Иккинчиси, аъзоларни кўчириб ўтказиш яъни трансплантация. Учинчиси, болаларда учрайдиган туғма нуқсонларни бартараф этиш операцияларидир. Мана шу учта кўрсаткич давлат тиббиётининг ривожланганини ва унинг қудратини кўрсатади. Бу кўрсаткичлар бизнинг Ўзбекистонда юқори.

— Дарвоқе, улар тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Эргашевга мурожаат қилганларидан хабардор эдингизми?

— Албатта. Бахтиёр Бердалиевич энг, аввало, кучли жарроҳ, иккинчидан, яхши блогер. Унинг ижтимоий тармоқларда ўз саҳифалари бор. Қирғизистонликлар уларнинг шу саҳифалари орқали ва бизнинг аввалги операцияларимизни кўриб, кейин мурожаат қилишган. Бахтиёр Бердалиевич олдимга келганларида “Домла, жигари битта экан, шунга иккиланиб турибман. Россиядан биронта шифокорни чақирамизми? Ёки уларни Россияга жўнатганимиз яхшироқми?”, дедилар. Мен эса 40 йилдан буён асосан жигар операцияси билан шуғулланаман. Россиялик шифокорларга айтсак, улар дарҳол бизга жўнатинглар, дейишди. Мен эса: “Бахтиёр, шу ерда бирга қиламиз, мана кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлади!”, дедим. Бундан буён улар кеча туғилган чақалоқдай ривожланишда давом этаверишади. Иккаласида алоҳида жигар бор. Зуҳрахонда ички аъзолари тўлиқ тескари жойлашган. Чунки уларда аввал жигар умумий битта бўлган, битта чап ёнбошида, иккинчиси ўнг ёнбошида ётган. Шу боис Зуҳрахонда жигар чап томонда, талоқ ўнг томонда.

— Сиам эгизакларини ажратиш учун ўтказиладиган операцияларнинг энг қийини ва мураккаби ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Аслида, бу каби операцияларнинг ҳар бири мураккаб. Лекин энг қийин ва мураккаб бўлгани бош мия билан чатишгани деб биламан. Яна энг қийин турларидан бири кўкрак қафаси билан ёпишиб, юракнинг умумий битта бўлганидир. Уларнинг биттасини сақлаб қолишга уринилади, иккинчиси табиийки нобуд бўлади. Бош мия билан чатишган Сиам эгизаклари бор. Агар уларнинг миясини асосий қисмлари алоҳида бўлиб, фақат қўшилган бўлса ажратиб юбориш мумкин. Лекин агар мия битта, тана иккита бўлса, уларни сақлаб бўлмайди.

Муваффақиятлилари жуда кам бўлади. Чунки жуда кўпчилигида қандайдир асоратлар бўлади, натижада биттаси вафот этади.

— Нима учун қизалоқларни 29 ҳафталикда операция қилиб туғдириб олишган?

— Қизалоқларни 7 ойлигида операция қилишдан мақсад, аслида, онанинг ҳаётини сақлаб қолиш бўлган. Болалар яшаб кетмайди деб ўйлашган. “Кесерово”дан кейин қарашса улар яшаяпти, яъни нафас оляпти. Бу Аллоҳнинг мўъжизаси.

— Салкам 3 соатлик операция давомида нималарни ҳис қилдингиз?

— Бу операцияда ҳамма нарса етарли бўлгани боис ажратиш операцияси учун 2 соат-у 45 дақиқа сарфладик. Кейин 2 бригадага бўлиниб, ёпиш операциясини 2 та залда бажардик. Энг қувончли дақиқа бу жигарни пастдан найча орқали кўтариб туриб, миллиметрма миллиметр кесиб келиб, найча юқорига чиққанда, яъни жигар иккига бўлинган пайт бўлди. Ана шунда: “Бўлди, жигар иккита, битта қиз иккита бўлди. Ҳаммани табриклайман!” деганимда, барча хурсанд бўлиб чапак чалиб юборди. Жигар ўсадиган аъзо, жуда қисқа фурсатда яхши ҳолатга келади. Насиб этса, бу қизалоқлар ҳадемай ҳеч нарса кўрмагандай соғлом бўлиб кетишади.

— 29 ҳафталикда туғилгани учун кичкинтойларнинг барча ички аъзолари яхши ривожланганми? Ошқозон ичак тизими, юрак қон томир, нафас олиш тизими ҳақида нималар дея оласиз?

— Ҳаммаси яхши ривожланган. Лекин Зуҳрада иккала буйрак гипоплазияси бор эди, яъни охиригача ривожланмаган. Шу боис операциядан кейин Фотима жуда қисқа фурсатда ўзига келди. Зуҳрахонда эса бу бироз қийин кечди. Ана шунда тиббиётимизга яна бир марта қойил қолдим. Кўплаб мутахассислар, шунингдек, айнан нефрологлар билан маслаҳатлашиб, Зуҳрани Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилиб, болалар нефрология бўлимида диализ қилиниб, оғир шароитдан чиқарилди. Фотима-Зуҳранинг бувиси “Қизларимизнинг қони Тошкентда тўкилди, энди улар шу ернинг фарзанди. Сизларга олиб келиб турамиз. Худо хоҳласа, катта бўлишганида Тошкентда ўқитамиз ва шифокор бўлишади. Сизларга ўхшаган шифокор бўлишини ният қилдим”, деди. Ҳаммамиз бу сўзларга “омин” деб, дуога қўл очдик.

Маъпура НАБИЕВА

суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *