СЕН МЕНГА КЕРАКСАН, НОНДАН ҲАМ ОЛДИН!”

Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак.

Шавкат Мирзиёев

Мамлакатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишларида она тилимиз ҳақида куйиниб сўзлайди. Ватан ва Миллат дунёга юз тутмоғи учун, энг аввало, миллий тилимизга эътиборни кучайтиришимиз зарурлигини кўп бор таъкидлайдилар.

Бугун бутун дунёда ўзбек тилида 50 миллиондан ортиқ инсон мулоқот қилади. ХI асрда яшаб ижод қилган буюк қомусий олим Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида ўз даврида туркий тил деб аталмиш она тилимизни араб тили билан ўзаро муқояса қилиб, араб ва туркий тилларни майдон талашаётган икки улоқчи отга ўхшатади. Бугун жаҳон майдонида тобора ўз нуфузига эга бўлиб бораётган она тилимиз ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев билан суҳбатлашдик.

— Акмал Аъзамович, фаолиятингиз бевосита она тилимизнинг давлат тили сифатида ривожи, назорати билан боғлиқ. Бугун жамият майдонида миллий тилимизнинг мавқеи қай даражада ошди, халқимиз тил ҳақидаги Қонун ва Фармонларга қай даражада ижобий ёндашмоқда деб ўйлайсиз?

—Аввало, юқорида келтирганингиз Маҳмуд Қошғарий бобокалонимиз майдондаги бу беллашувда туркий тил ҳам сира рақибидан ортда қолмаслигини ҳам таъкидлайди. Қолаверса, сиз билан улуғ мутафаккир шоир, ўзбек тили асосчиси
Алишер Навоий Ҳазратларининг таваллуд айёми арафасида суҳбатлашиб турганимиз ҳам бежиз эмас деб ўйлайман.

Миллий тилимизнинг ўсиб, ривожланиб, равнақ топишида
Алишер Навоийнинг хизматлари бебаҳодир. Улуғ бобокалонимиз туркий тилда ижод қиларкан, тилимиз мақомининг табора юксакларда парвоз қилишида олтин қанот вазифасини ўтаган десам, сира муболаға эмас. Навоий биргина “Муҳокамат-ул луғатайн” асари орқали ўзбек тилида ифодалаш жозибасининг нақадар бойлигини моҳирона тарзда кўрсатиб берган. Хусусан, асарда араб, форс, ҳиндий тиллари қаторида туркий тилнинг ҳам энг қадимий тиллардан бири экани алоҳида таъкидланган.

Бугун биз мамлакатимиз бўйлаб Ҳазрат Алишер Навоийнинг таваллуд айёмини катта шодиёналар билан нишонлар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, миллий тилимизнинг ҳам тантанасини байрам қиляпмиз деб ўйлайман.

Шу ўринда навоийшунос олим Азиз Қаюмовнинг “Алишер Навоий” деб номланган лавҳаларида келтирилган ушбу парчани айтиб ўтмоқчиман: — “Навоий ўз она тили – туркийни беҳад қадрлар эди. Бу тилнинг бой имкониятлари шеър учун жуда қулай эканини у яхши ҳис этарди. Аммо буни кўплар билмас, туркий тил назм учун ноқулай деб ҳисобларди. Бир куни Навоийнинг меҳмонхонасига йиғилган шоирлар суҳбатида шу хусусда баҳс бўлди. Суҳбатдошлардан бири туркий тилда юксак бадиий асарлар яратиш қийин, деган фикрни изҳор этди:

– Эл оғзида не сўз бўлса, унга шеър либоси кийдирмоқ ҳар вақт мумкин бўла бермас. Масалан, “қирчиллатмоқ” сўзини олайлик. Киши тишни қирчиллатур. Аммо бу авом алфозини назмда бермоқ мушкул ва номақбулдир.

– Агар мазмун ифода этилса, ҳар бир алфоз шеърда ишлатилмоғи мумкиндир, – деди Навоий эътироз билдириб. – Шеърда фақат маъносиз сўзгина ноўриндир.

Навоий хаёлга чўмди. Унинг одатини яхши билган Зайниддин Восифий ўша ондаёқ унинг қўлига бир варақ тоза қоғоз ва қалам берди. Сиёҳдонни токчадан олиб, олдига қўйди. Навоий шошиб ёза бошлади. Сўнг ёзганини баланд овоз билан ўқиди:

Тушда кўрдим ёрими, хандон рақибим ўтруда,

Рашкдан ҳар лаҳза тиш қирчиллатурман уйқуда.

– Офарин, – деди мажлис аҳли.

Ҳозиржавоблик билан ёзилган бу байт баҳсга якун бўлди”.

Ҳа, она тилимизнинг нақадар бойлиги ва афзалликлари Навоий асарларида ўзининг янада теран ифодасини топган. Буюк шоир “бу халқ орасинда пайдо бўлғон таъб аҳли салоҳият ва таъбларин ўз тиллари турғоч ўзга тил бирла зоҳир қилмаса эрди”, деган истакни билдиради. Яъни Ҳазрат туркий тилда сўзлашувчилар ўз тиллари турганда фикрларини бошқа тилда изҳор қилмасликларини орзу қилади.

Бугун тилимизнинг ривожи, мустаҳкамлиги учун давлатимиз раҳбари раҳнамолигида улкан ҳаракатлар бошланган кунларда Ҳазрат Навоий бобомизнинг ушбу истакларини ҳар бир миллат вакили ўлароқ қалбимизнинг туб тубларига жо қилмоғимиз лозимдир.

— Нон ва сув инсон ҳаёти учун қанчалик зарур бўлса, миллатнинг яшаши ва ривожланиши учун унинг она тили ҳам шунчалик муҳимдир. Оташин ўзбек шоираси Гуландом Тоғаеванинг шундай ҳассос сатрлари бор: “Сен менга кераксан, нондан ҳам олдин”. Инсоннинг она тили нондан ҳам олдин керак бўлган нур! Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий тилимизнинг ривожи, барқарорлиги, равнақи йўлида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилаётганини барчамиз кўриб, кузатиб турибмиз. Шулар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?

— Албатта, халқнинг ўзлигини намоён этувчи қадриятнинг асосий мезони унинг она тили билан белгиланади. Она тили халқнинг Ватани, давлати каби буюк хазинаси, эҳтимолки, бирламчи бойлигидир. Айнан тил воситасида одамлар бир миллат сифатида бирлашади, яъни тил халқни – халқ, миллатни – миллат сифатида намоён қилади. Бугун Ўзбекистоннинг юраги бўлган Тошкент шаҳри ва туманларида давлат тилининг ижроси юзасидан бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимиз кўчаларидаги объектлар номларидаги ва пешлавҳалардаги хатоликлар ва хорижий тилларда ёзилган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Тошкент шаҳрининг барча туманларида ҳокимларнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан тегишли масъул вакил билан ҳамкорликда ҳар ойда икки марта алоҳида режа-жадвал асосида бозорлар ва кўчаларда ўрнатилган реклама, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган ташқи ёзувлардаги давлат тилига зид хато ва камчиликлар мунтазам бартараф этиб келинмоқда ҳамда ўрганиш жараёнида объектлар эгаларига огоҳлантириш хатлари берилиб, тушунтириш ишлари доимий олиб борилмоқда. Айтиб ўтиш жоизки, қилинган ишлар натижасида бугунги кунда Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидаги реклама баннерлари қарийб тўлиқ лотин алифбосида давлат тилида намойиш этилмоқда. Шу ўринда ўтган йили қабул қилиниб, кучга кирган реклама тўғрисидаги қонун ҳам давлат тилининг нуфузини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига кўра, Тошкент шаҳри ва туманлари ҳудудида жойлашган барча объектларнинг номлари, пешлавҳалари, реклама эълонлари лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида ёзилмоқда ва ёзилиши керак.

Лекин афсуски, ҳали ҳамон баъзи тадбиркор ва ишбилармонлар “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларига беписандлик ва эътиборсизлик билан муносабатда бўлмоқдалар…

Бу борада, айниқса, бозорлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг миллий тилимизга муносабати муҳим эканлигини, албатта бу муносабат кенг жамоатчилик вакилларига сезиларли таъсир қилишини алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки, улар бевосита халқ билан мулоқот қилади, ҳамиша халқнинг ичида бўлади. Мурожаат қилмоқчиманки, давлат тилининг нуфузини оширишда ва мустаҳкамлашда Тошкент шаҳри ва туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорларимиз ҳам она тилимизнинг асосий ҳимоячиси бўлган Президентимизга камарбаста бўлиб иш юритсалар, нур устига аъло нур бўлар эди!

— Нафақат давлат тилига масъул мутасаддилар, ҳамкорларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

— Дарҳақиқат. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидан сайланган депутатлар, депутатлик гуруҳи аъзолари билан ҳам ҳамкорликни самарали йўлга қўйганмиз. Айниқса, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурида ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини оширишга кўмаклашиш вазифаси белгиланган бўлиб, бу борада партиянинг Марказий ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари билан ҳамкорлик юқори даражада ўрнатилган. Бунинг исботи ўлароқ, “Тил посбонлари” кўнгилли ёшлар гуруҳи ташкил этилиб, “Соф ўзбек тилида ёзамиз” лойиҳаси амалга оширилиб келинаётганлигини яққол мисол келтиришимиз мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, янги жорий этилган норма — рекламаларнинг давлат тилида бўлиши кераклиги бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан давра суҳбатлари ташкил қилиниб, унда ЎзМТДПдан сайланган депутатларимизнинг давлат тилининг ижроси ва назорати юзасидан фикр ва мулоҳазалари, таклиф ва эътирозлари мунтазам равишда тинглаб борилади

Кўп бор таъкидланганидек, она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларининг намунаси ўлароқ, реклама тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши ҳам айнан шу эзгуликларнинг давоми эканлиги ҳақиқатдир.

Реклама эса давлат тилининг кўзгуси, давлат тилининг даражасини белгиловчи яққол воситаси десак, асло муболаға эмас.

Айниқса, пойтахт кўчаларида катта ва кичик ЛЕД экранларда ял-ял товланаётган турли хил мазмундаги рекламалар хориждан Ўзбекистонга келган турли тоифадаги меҳмонлар ва сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортиши турган гап. Бугун мамлакатимизнинг туризм салоҳияти йилдан-йилга ортар экан, она тилимизнинг барқарорлиги – адабий тилдаги жамоавий мулоқотларнинг расман йўлга қўйилиши халқимиз кайфиятига ижобий таъсир қилишини асло ёддан чиқармаслигимиз ва қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашимиз ниҳоятда муҳимдир.

 Озода
Бекмуродова

суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *