Банк картангиз кодини ҳеч кимга берманг

Банк картаси. Бунда бизнинг пулларимиз турли рақамлар шаклида туради. Ва бу турли рақамлар орқали бошқарилади. Банк картасига тегишли барча маълумотлар, уни берган банк ва мижоз ўртасида сир сақланади. Шунга қарамай, сўнгги пайтларда фуқаролар ана шундай карталардаги пулларини турли шаклларда йўқотмоқда. Банк картаси билан боғлиқ бундай ҳолатлар, ҳатто, кун сайин кўпайиб ҳам


боряпти. ИИВ Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Лочинбек Атоев билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

Бизнинг банк картадаги пулларимиз қанчалик ҳимояланган?

– Ҳозирги кунда банк картасидаги пуллар яъни электрон маблағларимиз, ўзининг йўриқномасида ёки қоидаларда қандай кўрсатилган бўлса, худди шундай хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Бу ерда фойдаланувчининг ўзи томонидан етарлича фойдаланиш маданиятига амал қилинмаслиги ёки ўзининг маълумотини етарли даражада сир сақламаслиги натижасида, ундаги пуллар ёки маблағлар талон-тарож қилинишига олиб келяпти. Бу биринчиси, иккинчиси эса, фуқароларнинг ўзи, келган смс хабарни ёки пин-кодларни бошқа шахсларга бермаса, техник томонлама, бошқа барча ҳолатда ундаги пул маблағларини талон-тарож қилиниши ёки бўлмаса ўзлаштирилишига йўл қўймайди. Тўлиқ ҳимояси таъминланган. Фақатгина инсон омили бор. Фойдаланувчиларнинг ўзи кодларни бериб қўйиши ёки бошқа бир ҳолатда содир бўлиши мумкин. Унгача бўлган ҳолатда эса бу – тўлиқ ҳимояланган дея оламиз.

– Унда фирибгарлар фуқароларнинг банк картасидаги пулларини қандай қилиб ўзлаштиряпти? Ёки бу шунчалик осонми?

– Фирибгарлар фақатгина фуқаронинг соддалигидан фойдаланиб ёки фуқароларнинг ўзи томонидан ихтиёрий равишда билиб-билмасдан, уларга келган рухсат ёки тегишли “доступ”ни очиб берадиган кодларни тақдим этсагина, улардан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, фирибгарларнинг яна усули – бу турли ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар орқали ютуқли акциялар, етказиб бериш хизмати, эълонлар сайтидаги қайсидир товарни сотиб олиш учун турли ҳавола ёки ёлғон хабарни жўнатади ва фуқаро бунга ишониб, ўзи банк карта маълумотларини киритиб беряпти.

Аввало, карта маълумотларига нималар киришига аниқлик киритсак. Банк картамизнинг устки қисмида ёзилган ўн олтиталик рақами, амал қилиш муддати, смс хабарнома фаоллаштирилган телефон рақами. Бу маълумотларни киритгандан сўнг эса телефон рақамга келган смс код. Афсуски, айрим фуқароларимиз оқибатини англамаган ҳолда ушбу маълумотларни жиноятчилар қўлига ўзлари бериб қўйишмоқда. Сабаби, дастурга киритгандан сўнг зарарли ҳаволани юборган жиноятчи ёки фирибгар, бошқа бир манзилдан, масофадан туриб, фуқаро киритган маълумотларни тўлиқ ўқийди. Сўнг эса, ўша банк карта маълумотларини ўзининг иловаларига ёки тўлов тизимлари иловалари орқали фаоллаштириб, банк карталаридаги пул маблағларини талон-торож қилади. Бизда бундай ҳолатлар кўп бўлган. Масалан, Ички ишлар органларига мурожаат билан келган фуқаро: “Мен ўзим кодни ҳеч кимга берганим йўқ”, – дейди. “Хўп яхши, сизга бирон таклиф келдими, пул ютуқ чиқдими ёки шунга ўхшаш шубҳали ҳолатни кузатдингизми?” – деганимизда эса: “Ҳа, келувди, қарор чиққан экан, шу қарорга асосан пул берилади деб ўйладим-да, банк картам маълумотларини киритдим. Лекин, у пайтда мен ҳеч қанақанги ноқонуний ҳолатни ёки шубҳали ҳаракатни сезганим йўқ. Шунчаки киритдим. У пайтда картамдан пул ечилмади”, – деган важларни келтириб ўтади. Текширув давомида эса аниқланадики, фуқаро ўз қўли билан маълумотларни киритган пайтда банк картасида ҳеч қандай пуллар бўлмайди. Кейинчалик эса, муайян бир ойлик иш ҳақи тушиши ёки кимдир унга пул ўтказиши мумкин. Айнан унинг банк карта маълумотлари фирибгарда ёки жиноятчида турганлиги учун фирибгар ҳам ўша жабрланувчининг банк картасини фаол кузатиб туради. Унга ҳам мана шу картага маблағ тушди мазмунида смс хабар келади. Сўнг эса, фирибгар тўғридан-тўғри банк картадаги пулларни ўзлаштиряпти. Мана шунақанги усуллар билан пуллар ёки маблағлар талон-тарож қилиняпти.

Киберхавфсизлик марказининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини доимий кузатиб бораман. У ерда банк картаси билан боғлиқ ҳолатлар деярли ҳар куни бериб борилади.

Бу маълумотларни беришдан мақсад, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, уларни огоҳликка чақиришдан иборатдир.Ижтимоий тармоқларда банк картасидан пулларни ўзлаштириш усули ёки содир этувчи шахслар ҳар хил. Яқинда ҳам эълон бердик. Унда ҳам банк картаси билан боғлиқ жиноят ҳақида сўз боради. Битта телефон бир вақтнинг ўзида бир нечта фуқарога сотилган. Инсонлар кўриб билмаган товари учун ўзи пул ўтказиб беряпти. Ёки olx.uz сайтига кимдир ўзининг фойдаланувидан ташқарида бўлган маҳсулот ёки нарсаларни сотиш учун эълон беради. Одатда жиноятчилар ёки фирибгарларнинг оддий усули, улар телеграм орқали алоқага чиқишади. Чунки, жиноятчилар аксарият ҳолатда четда бўлиши мумкин ёки изини яшириш учун тўғридан-тўғри ўзининг телефон рақамидан қўнғироқ қилмайди. Эълон жойлаштирган шахсга фақатгина телеграм мессенжери орқали алоқага чиқади. Сўнг ҳар хил баҳоналар қилади. Мен бошқа шаҳардаман ёки бошқа давлатдаман. Сиз қаердасиз?. Мана шу товарни сотмоқчиман. Сиз Тошкентда бўлсангиз менинг ҳам ота-онам Тошкентда. Мен улар учун сотиб олмоқчиман. Етказиб бериш хизмати бор. Мен унга буюртма қолдираман. Сиз менга банк картангиз рақамини берсангиз, пул ўтказиб бераман. Етказиб бериш хизмати бориб сиздан товарни олади”, – деб турли хил баҳоналар қилади. У айтган етказиб бериш хизмати, аслида, мавжуд эмас. Бўлса ҳам ёлғон. Унинг ичини очиб кўрсангиз, ўша тўлов тизимининг расмлари, унинг атрибутларини кўчириб қўйган бўлади. Инсонлар унинг манзилига аҳамият бермайди. Ҳақиқатдан ҳам ўша компаниянинг ўзи экан деб маълумотларни киритиб беради. Сўнг банк картасидаги пуллар ўғирланади. Мана шунақанги ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Бундан ташқари, битта оилада умумий фойдаланиб юрган банк картасидаги маблағларни талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар. Фарзанди PUBG ўйин аккаунтини тўлдириш учун ўзининг отаси ёки онасининг банк карта маълумотларини киритади. Cўнг ҳар хил хизматлар харид қилади. Атрибутлар, ўйин, профиллари сотиб олади. Отаси ёки онаси кўради-да бирор жойда харид қилинмаган ёки бирор нарса сотиб олинмаган. Ўзидан-ўзи пул камайиб қолган. Фарзанди эса қилган ишини тан олмайди. Натижада ота-она ички ишлар органига мурожаат қилади. Текширув давомида биламизки, фарзанди ҳақиқатдан ҳам айтиб ўтганимиздек мана шу ўйинига банк картасини фаоллаштирган.

– Харидлар жараёнида ҳалигача сотувчилар харидорлардан банк карта кодини сўрашади. Ана шундай пайтда харидорлар қандай йўл тутиши керак?

– Терминалдан фойдаланиш пайтида хизмат кўрсатувчи шахс ёки сотувчи томонидан сизга терминал тақдим этилиши керак. Ёки ўша рақамларини терадиган қайсидир мослама ўрнатиб қўйилиши керак. Тижорат банкларида ёки айрим хизмат кўрсатувчи жойларда терминал туради. Терминалнинг алоҳида клавиатураларини ҳам юқорида жойлаштиради. Сабаби, пин кодни сиз ўзингиз теришингиз керак бўлади. Уни сотувчи ёки бошқа шахслар билиши керак эмас. Бу банк картасидан фойдаланишдаги оддий хавфсизлик қоидаларидан бири саналади. Буни сотувчиларнинг ўзи ҳам билади. Терминалдан фойдаланувчиларга ҳам етказилган. Фақатгина харидорнинг ўзи талаб қилиши керак. Агар “пин-кодни теринг” деб мурожаат қилинмаса, фуқаронинг ўзи талаб қилиши керак бўлади.

Аслида, банк картадаги пулларимизни 100% ҳимоя қилишнинг қандайдир йўллари борми?

– Аслида, техник томонлама ишлаб чиқарувчи тижорат банклари томонидан тегишли ҳимоя чоралари кўрилган бўлади. Инсоннинг ўзи тўғри фойдаланса, хавфсизлик қоидаларига амал қилса бўлди. Шунда банк картаси 100% ҳимояланган деб ҳисобланади. Яқинда бир ҳолат бўлди, ёши 60 лар атрофидаги бир аёл мурожаат қиляпти: “Менинг банк картамдан пуллар йўқолди, илтимос топиб беринг, уйдан ҳеч ким олмаган”, – деб. Суриштирув жараёнида аниқ бўляптики, уйда аёлнинг ўзи билан бирга истиқомат қилувчи келини банк картаси кодини билиб, пулларни ўзлаштирган ёки шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Хавфсизлик талабларига асосан энг юқори хавфсизлик чоралари нисбатан “N” таъминланган бўлса ҳам, ҳар доим N + 1 хавф бизни кутиб турган бўлади. Шунинг учун ҳар қандай хавфсизликка N + 1 яъни янги хавфлар бўлиши мумкин. Техник томонлама мана шунақанги бир жиҳатлари бор.

Бугунги кунда банк картаси билан боғлиқ фирибгарликлар қанчалик фош этиляпти ва аниқланмаётганларига сабаб нима?

– Ҳозирги кунда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар барчаси фош этиляпти. Фош этилмасдан қолаётган ўғирлик, банк карталари билан боғлиқ талон–торож қилиш ҳолатлари, бошқа омиллар ёки бошқа бир сабаблардан фош этилмасдан қолиши мумкин. Муайян бир жиноятчи ҳаракатларни хориждан туриб ёки бошқа бир техник воситалар ва қурилмалардан фойдаланиб содир этган бўлиши мумкин. Кам ҳолатларда ана шу омиллардан келиб чиқиб фош этилмаслиги мумкин. Бунда ҳам ҳисобга қўйилади. Сўнг ушбу жиноятлар бўйича, доимий тезкор қидирув ҳаракатлари амалга оширилади. Бу жиноятлар очилмайди дегани эмас. Бу кейинчалик ҳаммаси аниқланади ҳамда фош этилади. Интернет – бу глобал тармоқ. Интернет тармоғидаги фирибгарликлар ҳам айнан тарансчегаравий жиноятлар туркумига киради. Бу бир давлат ҳудудида эмас, бир нечта давлат ҳудудида содир этилиши мумкин. Яъни, дунёнинг бошқа бир чеккасида туриб, ушбу мамлакатдаги фуқароларнинг пулларини ўзлаштириш мумкин. Мана шундай ҳолатларда фош этилмаслиги эҳтимоли бор.

Бундан ташқари ҳозирги кунда, интернет тармоғи ёки компьютер технологиялари билан боғлиқ фирибгарликларнинг кундан-кунга замонавий турлари келиб чиқяпти. Сабаби, рақамли технологиялар ҳар соатда янгиланиб боряпти. Ундаги имкониятлар, ундаги янгиланишлар ўзининг ижобий натижасини бериш билан бир пайтда, ғараз мақсадли шахслар ҳам, ўзларининг ҳаракатларини яшириш ёки қилмишининг анонимлигини ошириш учун бу яратилаётган имкониятдан фойдаланяпти. Бу эса жиноятчининг шахсини фош этишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу турдаги жиноятлар учун қонунчилигимизда қандай жазо чоралари белгиланган?.

– Интернет тармоғидаги фирибгарликлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик жинояти учун, жазо чоралари қўлланилади. Бунда, фирибгарлик жиноятининг 3-қисмида компьютер техникаси, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик учун жавобгарлик белгиланган. Бунинг учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилиши модданинг санкция қисмида кўрсатиб ўтилган. Кейинги ўринда мана шу банк карталардаги пулларни яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўзлаштирганлик учун ўғирлик жинояти, яъни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ўша ҳаракатлар билан жиноий жавобгарлик белгиланган. Бунда ҳам айнан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва бошқа турдаги ўша жазо таъсир чоралари қўлланилиши қонунда белгилаб қўйилган.

Мақсуда Ширинбоева
суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *